Линклар

“Озодликчилар, Ўзбекистонга қайтишимга ёрдам беринг!”


Ўзининг сурати сифатида Ўткирбек Озодликка жўнатган сурат

Ўзининг сурати сифатида Ўткирбек Озодликка жўнатган сурат

Сарлавҳага чиқарилган илтимос билан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида Қозоғистоннинг Манғистау вилоятидаги Ақтау шаҳридан Озодликка хат келди. Мактуб муаллифи - 18 яшар ўзбекистонлик ўсмир оғир меҳнат ва отасининг калтаклашларига чидолмай қолганидан, Ўзбекистонга қайтишнинг йўлини тополмаётганидан арз қилган.

Ўзини Ўткирбек, деб таништирган ўсмир илтимоси битилган аудиохатга сурати ва яшаб-ишлаб турган жойининг google-харитасини илова қилган.

Айтишича, Ўткирбек Андижонда туғилган. Болалигида ота-онаси ажрашиб кетган ва у отасининг қўлида қолган.

- Ҳозир мен Манғишлоқнинг Ақтау шаҳрида, 28 микрорайонида ошхонада ишлайман. Баъзи бир келишмовчиликлар туфайли дадам билан ўртамизда тез-тез жанжал чиқиб туради. Ўзбекистонга кетаман, десам, унамайди. Яна 2-3 йил ишлайсан, уй-жойни битирамиз, кейин кетасан, дейди. Мана бугун ҳам таёқ едим, дейди Ўткирбек Озодликка йўллаган аудиохатида.

Хати давомида Ўткирбек илтимосини конкретлаштириб, бундай дейди:

- Менга Ўзбекистонга қайтишимга ёрдам бера оласизларми? Келганимга 6 ой бўлди, дейди ўсмир.

Унинг яна бир гапи эса, ташвиш ва хавотир уйғотадиган гапдир.

- Зўрға чидаб юрибман, ўз жонимга қасд қилиб қўйишим ҳам мумкин. Мен бу нарсага аниқ бораман. Бундан кўра, ўлганим яхши, дейди Ўткирбек.

Ўсмир, айни пайтда, агар унинг тақдирига ҳуқуқ-тартибот идоралари аралашгудай бўлса, отасига гап тегиб қолиши мумкинлигини ҳам тушунади ва бундай дейди:

- Мен ортга қайтсам, отамга бирон-бир зиён етиб қолмаслигини истайман.

Ўткирбек ўзиники сифатида ёзиб юборган телефонни унинг ўзи эмас, балки қозоқ тилида жавоб берган икки киши: бир эркак ва бир аёл очди ва улар зарда билан ҳеч қандай Ўткирбекни билмасликларини айтди.

Лекин Озодлик мухбири Ўткирбек айтган Андижон вилояти, Олтинкўл туманидаги МТС деган жойдан унинг 30 яшар тоғаси Асилбекни топди.

Асилбекнинг айтишича, унинг опаси – Ўткирбекнинг онаси Самарқанднинг Каттақўрғонига турмушга чиққан. Икки қиз, бир ўғиллик бўлгач, эр-хотин ажрашиб кетган. Ўткирбек ота қўлида қолган, икки қиз - она қўлида.

Жияни Ақтауда эканидан Асилбекнинг хабари борлиги маълум бўлди. “Беш йилдан бери боришади Қозоғистонга. Кафеда сомса пиширишади ота-бола”, деди Асилбек.

- Жиянингиз шунчаки зерикканидан арз қилаяптими ёки отаси чиндан ҳам урадими?

Бу саволга Асилбек “Поччамиз ичиб олса, калласи ишламай қолади, жиянимга зулм ўтказиб қўяяпти, шекилли. Хабар олай, деб кеча қўнғироқ қилувдим, Ўткирбек олмади телефонни”, деди Асилбек.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG