Линклар

Пластик картага сотилаëтган молларга нақд пулда сотилганидан кўпроқ нарх қўйилгани билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов республикадаги барча раҳбарларга ҳукумат телеграммаси юборди.

22 ноябр санаси билан юборилган 265-рақамли ҳукумат телеграммасида пластик картадаги пулларни устама бериб нақд пулга алмаштириш ва молларни пластик картага сотаëтганда қиммат нарх белгилаш каби ҳолатларга барҳам бериш талаб қилинади.

Озодлик тасарруфида нусхаси мавжуд бўлган бу телеграммада “Пластик картани тўлов учун қабул қилишдан бош тортган” ходимлар ва “Пластик карта орқали ҳисоб-китоб қилишда нақд пулга нисбатан 20-25 фоизга қиммат ҳақ талаб қилаëтган” шахслар жазоланиши айтилади.

Телеграммада пластик карта “обнали” билан шуғулланаëтган ва пластик картага сотиладиган молга қиммат нарх қўйган хўжалик субъектлари текширилиб “прокуратура идораларига тақдим қилиниши” талаб қилинади.

Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов имзо чеккан бу ҳужжатда пластик карта “обнали” билан боғлиқ “салбий ҳолатлар” юз берган ҳудуддаги “раҳбарлар шахсан жавобгарликка тортилиши” таъкидланган.

Озодликка маълум бўлишича республикада пластик карта “обнали” билан боғлиқ вазиятни ўнглаш мақсадида Бош вазир ўринбосари ҳузурида Йиғма ахборот-таҳлил департаменти иш бошлаган.

Департаментдаги Озодлик манбасининг айтишича¸ вилоят¸ шаҳар ва туман ҳокимлари ҳар куни кечки 8 гача пластик карта “обналини” йўқ қилиш борасида қилган ишлари ҳақида батафсил ахборот бермоқда:

- Ҳар бир раҳбар ўз ҳудудида пластик картадаги пулларни устама эвазига нақд пулга алмаштираëтган ва пластик карточкага сотилаëтган мол ва ҳизматларга қиммат нарх қўйган шахсларга кўрилган чоралар ҳақида маълумот тақдим қилмоқда¸ дейди манба.

Озодлик Фарғона вилоят ҳокимлигидаги мулозим билан гаплашиш асносида “Пластик картани тўлов учун қабул қилишдан бош тортган” ходимларни фош қилиш кампанияси бошланганини аниқлади.

Исми сир қолишини истаган мулозимнинг айтишича¸ Бош вазир ўринбосари департаменти мулозимлари “кўпроқ фош қилиш бўйича босим ўтказмоқда”

- Телеграмма 23 да қўлимизга тегди. Биз ўнга яқин обнал факти аниқланди деб ҳисобот берсак¸ нега кам¸ фалон туман 30 та факт берди демоқда. Бу ишдан мавсумий ҳўжа кўрсинлик ҳиди келяпти¸ дейди мулозим.

Озодлик суҳбатлашган тошкентлик харидор эса пластикка обнал шу кунларда 30 фоизга чиққанлигини айтади:

- Кичикроқ товарлар нархи 2 ҳил, катта ҳажмли товарларникини 3 хилда. Масалан шакар нақд пулга 3600 бўлса, пластикка 4500. Пул ўтказиш йўли билан олса бўладиган совутгич¸ чангютгич¸ компютер, электр плита каби буюмлар эса 3 турдаги нарх белгиланган. Бу нарса бугун жума куни ҳам ўзгармасдан турибди¸ дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон қачон пластикистонга айланди

Ўзбекистонда пластик карталар муомалага киритилганидан бери бошланган муаммолар силсиласини битта ҳукумат телеграммаси билан ҳал қилишнинг мураккаблиги айтилади.

Ўзбекистонда миллий тўлов тизимини пластик карталарга ўтказиш кенг кўламда 2004 йилда бошланди.

Ҳукумат бу билан 1996 йили Ўзбекистон банкларида жорий қилинган пластик карталарга яшил чироқ ëқилишига ташаббус кўрсатди.

Савдо шоҳобчаларида пластик карта қабул қиладиган терминалларнинг мавжуд бўлишини талаб қиладиган Молия вазирлиги рўйхатининг пайдо бўлиши ҳам шу ташабус ижобини таъминлашни мақсад қилди.

Чипта сотадиган кассалар¸ емакхона¸ ресторан¸ меҳмонхона ва аптекаларда терминаллар бўлиши мажбуриятга айлантирилди.

Пластик картани тўлов сифатида қабул қилмайдиган субъектларга нисбатан 200 минимал ойлик жазо белгиланди.

Аммо шунга қарамасдан республикадаги улгуржи бозорлар фақат нақд пул билан савдо қилишда давом этаëтгани кузатилади.

Озодлик тингловчилари Жиззах вилоятининг Дўстлик, Мирзачўл, Арнасой туманларида пластик карточкага Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган унни сотиб олишнинг имкони йўқлигини айтишади.

Мавжуд аҳволнинг тузалишига ишонмаган Тошкент тадбиркорлари бозорларда терминал орқали сотиб олинаётган товарга қўйилаётган устамани 25 фоиздан оширишга мажбур бўлаётгани ва мижозларни йўқотаётганидан арз қилмоқда.

Пойтахтда савдо қилаётган бозорчилар буни нақд пулнинг тақчиллиги ва терминал орқали савдо қилаётган нуқталарнинг камлиги билан изоҳламоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG