Линклар

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги авиақатновлар 2017 йилнинг январь ойидан қайта тикланиши мумкин. Бу борадаги келишувни 30 ноябрь куни Ўзбекистон ва Тожикистон делегациялари Душанбе шаҳрида имзолашди.

30 ноябр куни Душанбеда Тожикистон ва Ўзбекистон пойтахтлари ўртасида йўловчи учоқлар қатновини йўлга қўйиш мақсадидаги ҳужжат имзоланган.

30 ноябр куни Душанбеда Тожикистон ва Ўзбекистон пойтахтлари ўртасида йўловчи учоқлар қатновини йўлга қўйиш мақсадидаги ҳужжат имзоланган.

Тожикистон транспорт вазири Шерали Ганжалзода Озодлик билан суҳбатда Тошкент-Душанбе ва Душанбе-Тошкент йўналиши бўйича парвозларни “Сомон Эйр” ҳамда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкатлари ҳафтада икки марта амалга оширишини айтди.

Бундан аввал Ўзбекистон расмийлари ҳам Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 1992 йилда тўхтатиб қўйилган авиақатновлар 2017 йилдан бошлаб қайта тикланиши мумкинлигини айтишганди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати бош директори Валерий Тян ўзбек матбуотига берган интервьюсида Тошкент - Душанбе рейси ёзги йўналишлар жадвалига киритилишини айтар экан “мазкур рейснинг қатнови бундан аввалроқ бошланиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бунинг учун бизда барча имкониятлар мавжуд”, деб билдирганди.

Озодлик радиоси манбасининг билдиришича, Тошкент ва Душанбе ўртасида парвозларни йўлга қўйиш бўйича музокаралар ўтган йилнинг бошларида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатининг ташаббуси билан бошланган.

Ўшанда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Душанбе халқаро аэропортидан хизмат кўрсатиш нархлари ва аэропортнинг ўзбек учоқларини қабул қилиш имкониятлари тўғрисидаги маълумотни тақдим этишни илтимос қилган.

2015 йил апрелида Тожикистон томони бу сўровга жавоб қайтарган.

Тошкент ва Душанбе ўртасидаги авиақатнов 1992 йилда тўхтатилган эди. 2000 йилдан эса Ўзбекистон Тожикистон ватандошларига виза режимини жорий этган.

Мутахассислар шу йилнинг 29 сентябрида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Душанбеда ўтказган учрашувни расмий Тошкент ва Душанбе ўртасидаги муносабатлар илиқланишининг биринчи қадами ўлароқ баҳолаган эдилар.

Ўшанда Абдулазиз Комилов Тошкент Душанбе билан муносабатларни қайта тиклашга тайёрлигини изҳор қилганди.

25 октябрда эса Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломов Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарияти икки мамлакат ўртасида виза режимини юмшатиш масаласини муҳокама қилишга келишиб олганини айтган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG