Линклар

Ўтган ҳафтада centrasia.ru сайти эълон қилган, бошқа ахборот воситалари қатори Озодликка ҳам келган бир мақолада Тошкент Давлат Иқтисодиёт университетида коррупция илдиз отгани, порахўрликнинг бу ўқув юртида шаклланган “классик модели мамлакатнинг бошқа структура ва ўқув юртларига тарқалаётгани” иддао қилинди.

“В Узбекистане начался процесс Нархозизации социального комплекса”, деган сарлавҳа остида рус тилида ёзилган мақола Нодир Жумаевники, деб тақдим этилди.

“Иқтисодиёт фанлари доктори, собиқ депутат ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмитаси собиқ раиси, профессор Н. Х. Жумаев”нинг мақоласида илгари сурилган иддаолар учун асос борлигини собиқ “Нархоз”га алоқаси бор баъзи ўқитувчилар эътироф этди.

Бироқ бу мақола эълон қилинганига бир ҳафтадан ошганига қарамай, унинг Иқтисодиёт университетидаги ҳаёт маромига таъсир қилгани сезилмади.

Нодир Жумаев номи билан эълон қилинган мақола қарийб 1800 та сўзлик каттагина матндан иборатлиги боис¸ уни ҳижжалаб ўқиш вазифасини Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига қолдирамиз.

Биз эса, мақола руҳини белгилаб берувчи баъзи парчаларнигина келтирамиз.

Нима дебди, ўзи?

Демак, “Нодир Жумаев”га кўра, Тошкент Давлат Иқтисодиёт университетида “порахўрликнинг классик модели шаклланган ва бу мамлакатнинг бошқа структура ва ўқув юртларига тарқаламоқда”.

Муаллифнинг ёзишича, “порахўрликнинг муваффақият билан ишлаётган классик модели икки асосий босқичдан иборат:

Биринчи босқич қабул комиссияси фаолияти билан боғлиқ бўлиб, у мижозлардан (муаллиф шу сўзни ишлатган – таҳр.) қабул қилишдан бошланиб, уларни университетга қабул қилиш билан якунланади.

Иккинчи босқич таълим билан боғлиқ ва ўқишнинг биринчи кунидан бошланиб, мижоз-битирувчиларга тайёр дипломлар бериш билан якунланади”.

“Нодир Жумаев”га кўра, ҳар иккала босқич давомидаги ҳал қилувчи омил порадир.

Муаллиф ўз мақоласида конкрет мисоллар билан университетда томир отган порахўрлик кўринишлари, фойдаланилаётган коррупцион схемаларни очиб беришга, тушунтириб беришга уринган.

“Нодир Жумаев” университетдаги “порахўрликнинг классик модели”ни барпо қилиш устида конкрет арбоблар - академиклар, вице-бош вазирлар “тер тўкиб ишлаганини” иддао қиладики, улар ким эканлигини билишга қизиққанлар мақолани ўзлари ўқиши мумкин.

Муаллифни чақиринг, муаллифни!

Мақола муаллифи, дейилаётган профессор Нодир Жумаевни топишнинг ҳозирча иложи бўлмади.

Бироқ унинг курсдоши билан боғландик. Исмини айтмаслигимиз шарти билан гапирган курсдошнинг айтишича, асл Нодир Жумаев centrasiaда чиққан мақолани ёзганини инкор этган.

"Сауна? Қизлар?" "Провокация!"

Айни пайтда Нодир Жумаев билан дўст мақомидаги бошқа бир манба Озодликка айнан мана бу гапларни айтди:

“Нодир Жумаев 1976 йилда туғилган. Ҳарвард университетида ўқиган. Докторликни ҳам ўша ерда ёқлаган. Дастлаб Дипломатия университетида проректор бўлди. Кейин Нархозга ректорлик қилди. Охири¸ Дипломатия университетига ректор қилиб тайинланганида¸ провокация қурбони бўлди. Саунада қизлар билан суратга туширишган ва шундан кейин уни ишдан кетказишган. Ҳозир ишсиз. Вазир Баҳодир Ҳодиев билан муносабати ёмон бўлган. Вазир Жумаев Нархозда ректор бўлиб турган пайтда икки йил уни қабулдан четлатиб қўйган, яъни қабул даврида уни мажбур отпускага чиқариб юборган. Нодирнинг айби - унинг Ўзбекистондаги вазиятни тушунмагани бўлди, ўзини Ғарбдагидай, Ҳарварддагидай тутди. Мажлислардаям, бир гапдан қолмас, бетгачопарлик қиларди. Нодир ҳозир ишсиз”, деди Нодир Жумаевнинг дўсти.

“Мақолани Нодир Жумаев ёзган бўлиши мумкинми?”

Бу саволимизга жавобан суҳбатдошимиз: “Ҳа, дея олмайман, лекин президентга шикоят ёзганидан хабарим бор”, деди.

"Нархоз"да ишлаган домланинг фикри

Тошкентлик иқтисодчи Ғолиббек Холназаров Иқтисодиёт университетида ўқиган эмас, лекин у бу ўқув юртида бир муддат ўқитувчилик қилган. Маълум бўлишича, Ғолиббек ҳали Нодир Жумаевники, дейилаётган мақолани ўқишга улгурмабди. Суҳбатдошимизга мақола мазмуни тўғрисида айтмай туриб, ундан Иқтисодиёт университетидаги муҳит тўғрисида сўрадик.

Ғолиббек Холназаров бундай деди:

- Шахсан ўзимнинг тажрибамдан келиб чиққан ҳолда биламанки, Нархоз ёки Иқтисодиёт университети коррупциянинг макони ва унинг ғоявий маркази. Бутун олий таълимдаги коррупциянинг ғоявий маркази, ўрисча айтганда кузницаси, деб биламан.

Ғолиббек Холназаров, бу сўзлари билан, беихтиёр, Нодир Жумаевники, дейилаётган мақоланинг мағзини айтиб қўйди.

"Нархоз"да шу кунда нима гап?

5 май куни Тошкент Давлат Иқтисодиёт университети ректори қабулхонаси билан боғландик. Исмини айтмаган, ўзини ректор ёрдамчиси, деб таништирган йигит ректор Маҳмуджон Болтабоевнинг хизмат сафари билан Фарғонада юрганини айтди. Ёрдамчининг мақолани ўқимаганини¸ сўраб билдик.

Ректорнинг қўл телефонини топдик. Кун давомида боғланишга уриндик. Телефон кун давомида ўчиқ бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG