Линклар

logo-print

Эътиборингизга фарғоналик ўқитувчи Каримжон Тешаевнинг (тахаллус) блогини ҳавола қилаяпмиз. Каримжон ўзи ишлайдиган ўқув юртида бўлиб ўтган воқеа мисолида Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиши керак бўлган ташкилотлардан бирининг ўзи коррупцияга ботгани тўғрисида ҳикоя қилади. Блогни таҳрирсиз, муаллифнинг имлоси ва пунктуациясини сақлаган ҳолда бераяпмиз.

***

Жамоатчиликка тақдим қилмоқчи бўлаётган бу кулгили ва аччиқ комедияни илгари хеч қаерда учратмадим ва ўқимадим. Лекин мен каби кўпчилик устозларнинг бошидан ўтган бўлса керак.

Оддий тил билан айтганда, бу ўқитувчилар ва бюджет ходимлари “КРУ” деб атовчи назорат тафтиш бошқармаси ходимларининг ими-жимидаги порахўрликлари ва таъмагирликлари хақида.

Таълим муассасаларини прокуратура, хокимият, халқ таълими бошқармаси, СЭС ва ИИБнинг ёнғин хавфсизлиги ходимлари ва ташкилотлар текширавериб, иси кириб-миси чиқиб кетти.

Аммо, бир ташкилотнинг текширувидан бироз ҳушёр тортамиз. Бу-“КРУ”. “КРУ”-дегани, ҚИРУВ-дегани. Ошингни еб, бошингни ҳам еб кетади. Ўқитувчилар ва раҳбарларнинг пайтавасига қурт тушади десак ҳеч муболаға бўлмайди.

Хуллас, Фарғона вилояти назорат-тафтиш бошқармаси ходимлари коллежимизда уч йиллик молиявий фаолиятимизни тафтиш қилиб чиқди. Моддий техник база, йиллик иш режалар, журналлар, иш ҳужжатлар, ойлик маошларни, шунингдек, мукофот ва моддий ёрдамларни тўғри ёки нотўғри берилишигача бирма-бир кўриб чиқишди.

Бугун таълим-шунчаки саҳнада ижро этилаётган кулгули, аммо якуни фожиали комедияга ўхшайди.

“КРУ” кетганидан икки кун ўтиб, эълонлар доскасида мукофот ва моддий ёрдамлар буйруғи чиқди. Очиғи, мен энг кам ойлик иш ҳақини икки баравари миқдорида моддий ёрдам бериши лозим бўлганлар рўйхатида ўзимни кўриб жуда хурсанд бўлдим. Лекин бузоқни югургани сомонхонагача, дейишади-ю - қувончим узоққа чўзилмади. Дарсдан кейин бош ҳисобчи мени хонасига чақириб: домла сизни устингиздан бир иш қилиб қўйдик, деди. Мен ҳам кулиб: - бошлиқлар ўз ходимлари устидан қилган иш хайрли бўлур, дедим. Шундан сўнг: Ҳа майли! Кино қилмайлик. Биласиз, олий маълумотлисиз! Биз Марсда яшамаймиз -Ўзбекистонда яшаймиз! Шу моддий ёрдамни авансга қўшиб тушираман. Майли сизни ҳам қийнамайлик, 10% га пластикни ечиб, нақт пул қилиб менга берасиз. Ўзингизга маълум, яқинда “КРУ” текширувидан чиқдик. Уларни 15 кун боқдик. КРУ-ҚИРУВ деганидек, бизни ҳам қириб кетди. Ошимизни ҳам еди, бошимизни ҳам: 1000 доллар бериб зўрға қутилдик. Шунга тўғри тушунасиз, бизда ҳам бола-чақа деганларидек. Бундан бошлиқни ҳам хабарлари бор. Ишончли одамларга моддий ёрдам ва мукофотлар ёзиб бундай вазиятдан чиқиб кетмоқчимиз, деди.

Мана моддий ёрдамларни тўғри берилишини назорат қиладиган ташкилотни ўзи моддий ёрдамга муҳтожлиги! Бир йилда бир бор оғзим мойга тегарканда, деб хато ўйлабман. Охирги томчисига қадар КРУ деганлари ялаб кетди, талаб кетди. Комедия шу ерда тугади.

Яна бир маълумот, буни қаранки, бу ташкилотни поралари камчиликни катта кичиклигига қараб ставкалари бор экан:

мактабгача таълим муассасалари - 300-500 $

умумий ўрта таълим - 500-700 $

касб-ҳунар коллежлари ва Академик лицейлар - 800-1000 $

На илож! Жуда кўп ўқитувчилар қатори мен ҳам моддий ёрдамдан мосуво бўлдим. Бир пайтлар қаердадир ўқиган эдим. “пулсиз ўқитувчи-телескопсиз обсерваторияга ўхшайди.”

Балки шу тўғридир.

Бу муждадан асосий мақсад нима? Бугун, назаримда, назорат-тафтиш бошқармасининг ўзини тафтиш қилиш керакдир. Уларнинг текшируви ўқитувчилар ва давлат бюджети ходимлари иш фаолиятига, оилавий иқтисодиётига, қолаверса, маънавий оламига катта зарар келтирмоқда. Зиёлилар орасида давлатга нисбатан ишончсизликни уйғотмоқда. Уларнинг ўз жиғилдонини ўйлаши натижасида, тарбиячи тарбияланиб, силлиқ порахўрлик ниқоби билан ниқобланишига мажбурланмоқда. Жамиятда оқни оқ, қорани қорага ажратиб берадиган устоз, ўзи рангларни ажрата билмаслик даражасига етди.

Ўқитувчини бир дарахт десак, ўқувчи унинг соясидир. Давлат соя хақида эмас, дарахт хақида қайғуриши лозимдир.

Каримжон Тешаев, ўқитувчи, Фарғона вилояти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG