Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:06

Ўзбекистонда мижозни кийими ёқмагани учун банкка киритишмади


Карикатура Eltuz нашридан олинди.
Карикатура Eltuz нашридан олинди.

Навоий вилоятилик тадбиркор йигит кийими “банкбоп” бўлмагани туфайли Микрокредитбанкнинг вилоятдаги бўлимларидан бирига куни кеча киритилмагани тўғрисида Озодликка ёзган хатида ҳикоя қилди.

Марказий банк мулозимининг Озодликка айтишича, Ўзбекистонда банк мижозлари кийимига оид ҳеч қандай меъёрий ҳужжат мавжуд эмас, лекин унинг гапларидан бу ҳақда оғзаки кўрсатма борлиги тушунилди.

Банк мижозлари кийимига оид ҳужжатнинг мавжуд эмаслиги, албатта, табиий, лекин Ўзбекистонда фуқаролар кийими катта-кичик маъмурларнинг доимий назорати остида эканлиги кундалик кўринишга айланиб қолган.

"Репрессияга учраган" калта иштон

Навоийлик тадбиркор йигит Озодликка ёзган хатида банклар билан боғлиқ бир қатор муаммолар тўғрисида ёзар экан, жумладан бундай деган: Bankka kirish joyida kamida 3 ta melisa turadi. Agar daje sho’rtikda bo’lsangiz ham kiritmaydi. Har xil vaziyatda bo’lasizku? Doim klassik kiyinib yurolmaysizu, biz mijoz bo’lsak…

Озодлик хат муаллифи билан боғланди. Исми сир қолишини сўраган йигит whatsapp орқали жўнатган номасидаги гапларни такрорлади. Айтишича, у банкка пул жўнатмасини олиш учунгина борган ва эшик олдидаги милиция ходимлари ичкарига киритмагач, куннинг иссиғида уйига қайтиб, шортик ўрнига шим кийиб келишга мажбур бўлган.

Бош йўналишни тушунмаган (?) ходимнинг мантиғи

Йигит билан мулоқотдан сўнг Озодлик Микрокредитбанкнинг жойлардаги уч филиали билан боғланди ва улар мижозлар кийимига оид ҳеч қандай талаб йўқ эканлигини айтди. Банкнинг Фарғона водийсидаги бўлими ходими, жумладан, бундай деди:

- Биз – банк ходимлари оқ кўйлак, қора шим кийишимиз керак. Мижозларга нисбатан бундай талаб йўқ. Кўча кийимида, иш кийимида келаверишлари мумкин.

- Мижоз шортикда келсаям хизмат кўрсатаверасизларми?

- Кун иссиқ. Хоҳлаган нарсасини кийиб келсин, унинг ўз ишику?!

Ҳужжаттекширар соқчининг айтгани

Микрокредитбанкнинг Самарқанд вилоятидаги бўлимларидан бири телефонини соқчи-милиционер кўтарди. У ҳар бир мижознинг ҳужжатлари текширилишини, (нима учун ҳар гал мижознинг ҳужжатлари текширувдан ўтказилиши кераклиги бошқа, алоҳида масала) лекин уларнинг кийими билан соқчи-милиционерларнинг иши йўқлигини айтди.

Шундан сўнг Озодлик Марказий банк билан боғланди ва исми атилмаслиги шарти билан гапирган мулозим Ўзбекистонда банк мижозлари кийимига оид ҳеч қандай меъёрий ҳужжат мавжуд эмаслигини, дресс код фақат банк ходимларидан талаб қилинишини билдирди.

Наҳотки?!

Хўш, навоийлик йигит ўз хатида ҳамда Озодлик мухбири билан мулоқотда ёлғон гапирдими?

Биринчи далил

Унинг ёлғон гапирмаганига ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мана бу сурат биринчи билвосита далил бўлиши мумкин. Пост муаллифига кўра, “Чилонзор ГАИсидаги эълон”да “Маъмурий бинога шортик, калта шим ва очиқ майкаларда кириш қатъиян ман қилинган”, деб рус тилида ёзиб қўйилган.

Ва иккинчиси

Марказий банк мулозими Озодлик мухбири билан бошлаган баҳс навоийлик йигитнинг ёлғон гапирмаганига иккинчи билвосита далилдир. Баҳс мулозимнинг “Агар банкка мижозни шортикда келгани учун киритишмаган бўлса, тўғри қилишибди, шортикда келиш маданиятсизлик”, деган баёнотидан бошланди. Бу баёнотга жавобан мулозим Озодлик мухбирининг “Дид билан Маданият бошқа масала, бу ерда гап Ҳуқуқ устида кетаяпти”, деган эътирозини қарийб 10 дақиқа давом этган баҳс охирида ҳам қабул қилишни истамади.

Кийим тўғрилиги - дил тўғрилиги (?)

Кейинги йилларда Ўзбекистонда фуқаролар кийими катта-кичик маъмурларнинг доимий назорати остида бўлиб қолгани ҳеч кимга сир эмас ва бу ҳолат Озодликнинг қатор материалларида акс этган.

Масжидлардаги назорат

Энг аввало диндорлар кийими устидан тотал назорат ўрнатишга ҳаракат қилинмоқда. Масалан, 2015 йилнинг октябрида Озодлик Намангандаги масжидларга жума намози ўқиш учун оқ дўппи ёки “диний либос”да келганлар киритилмаётгани тўғрисида хабар қилган эди.

Кўча-кўйдаги назорат

Диндорлар кийими устидан назорат талабларини бузганлар жаримага тортилаётгани тўғрисида ҳам хабарлар пайдо бўлган.

Саҳнадаги назорат

Эстрада хонандалари кийими устидан назорат масаланинг яна бир жиҳатидир. Масалан, таниқли хонанда Азиза Ниëзметова шу йилнинг 14 апрелида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасидан “Миллий урф-одатларни бузганлиги” тўғрисида огоҳлантириш мактуби олган, хонандадан “Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш, саҳна маданияти ва ташқи кўриниш маданиятига зид ҳаракатлар қилмасдан томошабинлар ҳис-туйғуларини ҳақорат қилмаслик” талаб қилинган.

Кийим-бош - давлат миқёсидаги бош масалалардан бири (?)

Ўзбекистонликлар кийими қандай бўлиши Вазирлар Маҳкамасининг кундалик ташвишларидан биридирки, бу гап ҳам асоссиз эмас. Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонованинг таклифига биноан Тошкентдаги “Шарқ либослари”дизайн студияси миллий услубдаги чўмилиш кийимлари яратиш ишларини бошлаб юборгани тўғрисида Озодлик 4 майда хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG