Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:37

Ҳукумат шартномани бажармаган фермерни жазолашни кучайтирди


Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш шартномасини бажармаган фермерлар топширилмаган маҳсулот қийматидан 30 фоиз миқдорида жарима тўлайдиган бўлди. Айни пайтда, топширилган маҳсулот учун ҳақ тўламаган ташкилотлар ҳам жарима тўлайдиган бўлди.

Ўзбекистонда шартномада белгиланган планни бажаролмаган фермерларга нисбатан жарима миқдори кўпайтирилди.

Ҳукумат қарорига кўра, агар фермер шартномада кўрсатилган маҳсулотни топширишдан бўйин товлаган ёки топшира олмаган бўлса, ана шу топширилмаган маҳсулотининг 30 фоизлик нархи миқдорида жарима тўлайди. Бундан аввал жарима миқдори 25 фоиз бўлган.

Янги қарорда айтилишича, хўжаликлар маҳсулотларини қабул қилмаган тайёрлов идоралари эса, қабул қилмаган маҳсулотнинг 20 фоизлик нархи сифатида жарима тўлайди.

Исми сир қолишини сўраган сирдарёлик фермерлардан бири, бундай жарималар аввал ҳам бўлгани, лекин тайёрлов идоралари шартнома қандай объектив сабаблар билан бажарилмай қолганини эътиборга олмаган ҳолда, жарима солиб келганини айтади:

- Жаримани 30 фоизгача оширгани, бизга янада қийин бўлди¸ деганидир. Энг аввало¸ шартномани ҳеч қайси фермер ўз ихтиёри билан бажармай қолмайди. Ҳеч ким зарарига ишламайди. Лекин шартнома бажарилмай қолса, унинг бажарилмаслигининг объектив сабаблари билан ҳеч ким қизиқмайди. Мана, куни-кеча буғдойга сув қўйилаётганда жуда қаттиқ шамол бўлиб, 15-20 фоиз буғдойни ётқизиб ташлади. Бу ҳосилдорлик камаяди¸ дегани. Қишлоқ хўжалиги бўлимидан мутахассисларни чақириб кўрсатдик. Мен билмайман, планни берасан дейди. Бу доим шундай, пахта ёки буғдой сувсиз қоладими, дўл уриб кетадими, уларга фарқи йўқ, шартномадан бир центнер ҳам камайтиришмайди. Масалан, 2008 йилда сув бўлмади. Режани бажаролмадик, айбдор биз эмас, сув етказиб бермаган ташкилот эди. Лекин қарзни бизнинг бўйнимизга урган, ҳалигача ўша қарздан қутулганимиз йўқ, дейди фермер.

Фарғона вилояти Фурқат туманида фермерлик қилаётган Очил Бегматов фикрича, хўжаликлар ва тайёрлов идоралари ўртасидаги шартномаларнинг бажарилмай қолаётганида фермерларнинг ҳам айби бор:

- Агар фермер яхши ишласа, албатта¸ бир нарса олади. Масалан, менда агар табиий офат сабабми ёки бошқа сабабми ҳосилим бўлмай қолса, қишлоқ хўжалиги ва суғурта ташкилоти вакилларини чақиртириб, вақтида ҳужжатлаштириб қўйман. Кейин ҳосил кам бўлса, ҳеч ким ҳеч нарса деёлмайди. Бизда кўпчилик фермерлар эса ана шу оддий нарсаларни тушунмайди. Фермерлар ўзлари аввал ўз ҳуқуқларини ва қонунни билиши керак. Масалан¸ улар пул тўлашдан қочиб сув етказиб берувчи ташкилотлар билан шартнома тузмайди. Бизда 50 фоиз фермер шундай. Уларнинг кўпини биламан, ўғитни сотади, ёнилғини сотади, еридаги дарахтларни кестириб сотади ва ерни ҳаром-ҳалиш қилиб, қулоғигача қарзга ботиб, кейин Россияга қараб қочади. Ерни олгандан кейин виждонан ишлаш ҳам керак, деди Очил Бегматов.

Озодлик бу қарорга оид батафсил маълумот олиш учун Ўзбекистон Фермерлар кенгаши билан боғланди. Кенгаш ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров барча саволларга фақат мактуб орқали жавоб бера олишини айтди.

Ўзбекистон президенти 12 апрелда имзолаган "Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорга биноан 2016 йилги ҳосилдан бошлаб ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмаси жорий этилди.

Кузатувчиларнинг айтишларича, бу қарор, Россия билан катта шартномалар имзолаб келган президентнинг ишончини оқлашга ва асосан, мева ва сабзавот етиштирувчи фермерларнинг шартномаларни тўла бажаришини таъминлашга қаратилган.

Собиқ иттифоқ даврида мамлакат қишлоқ хўжалигининг асоси бўлган колхоз ва совхозлар мустақиллик йилларида батамом тугатилиб, уларнинг ўрнига фермер хўжаликлари ташкил қилинган эди.

Бироқ фермерлар мустақил фаолият юритмай, юз фоиз давлат қўйган режаларни бажаришга маҳкум этилган хўжалик тизими бўлиб қолди.

XS
SM
MD
LG