Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:54

Бухоро-Насаф ўйинида юзлаб чипталик ишқибоз дубинка билан қувилди


Якшанба куни Бухоро шаҳар стадионида "Бухоро" ва "Насаф" футбол жамоалари ўртасида ўтган ўйинга юзлаб чипталик томошабин қўйилмади. Футбол ишқибозларидан олинган хабарга кўра, чипталар ортиғи билан сотилган ва сиғмай қолган мухлислар милиция дубинкаси остида дарвозалардан қувилган. Тадбир ташкилотчилари ҳодисани тасдиқлади ва мухлислар айни чипта билан кейинги ўйинга кириши мумкин, деб ваъда қилди.

"Бир ўринга 3 чипта" операцияси

Якшанба куни Бухородаги марказий стадионда Ўзбекистон Олий лигаси 6-тури доирасида "Бухоро" жамоаси Қаршининг "Насаф" жамоаси билан ўйнади ва 0:2 ҳисобида ютқазди.

Аслида 22 минг 700 томошабин сиғадиган стадионга, Stadion.uz сайтининг ёзишича, "24105 томошабин ташриф буюрди".

Аммо, бухоролик футбол ишқибозларининг ёзишича, кечки соат 18:30да бошланган ўйинни томоша қилиш учун Бухоро спорт мажмуасига борган минглаб чипталик ишқибоз стадионга киритилмаган:

"Э бугун роса қизиқ томоша бўлди. Бухоро ва Насаф ўйинида билетликларни киритмади, стадион атрофида тумонат одам йиғилди. Ўйин бўлди, лекин билетни кўп сотишган экан, кўчада 4 минг одам қолиб кетди. Қўлида билет бор эди. Менда-ку битта билет, баъзилар йиллик билет олган 55 минг сўмга. Ўқитувчилар ва дўхтирларга сотишган. Менинг танишимда ҳам бор эди, киролмади", деб ёзди ўйинга киролмай қолган мухлислардан бири.

Дубинка билан қувилган мухлис

У ва бошқа футбол ишқибозлари таҳририятга йўллаган суратларда милиция ходимлари томонидан стадионга киритилмаган юзлаб одам акс этган.​

Озодликка ёзишларича, стадион тўлгач, милиционерлар ўйинга киришни талаб қилган чипталик томошабинларни дубинкалар билан қувиб солган.

Бунақасини кутмаган айрим ишқибозлар жанжал кўтарган, аммо уларни ҳибсга олишларини айтиб, милиционерлар таҳдид қилгач, чекинишга мажбур бўлишган.

"Баъзиларнинг ўғиллари стадионда, ўзлари ташқарида қолиб кетди. Роса алам қилди, тўғриси. Атай билет олиб, ўйинга келсангизда, дубинка билан уриб ҳайдашса?! Илтимос, ёзинглар шуни, сўранглар?" деди яна бир ишқибоз.

6 минг сўмлик чипта

Айрим томошабинлар 6 минг сўмдан сотилган чипта суратини ҳам йўллади.

Сотилган чиптада сектор, қатор ва жой сони кўрсатилмаган. Бундан ташқари, аслида 800 сўмлик нарх битилган чиптага ручка билан "6000" рақами ёзилган ҳамда айни рақам битилган тамға урилган.

Озодлик мухлислардан келган бу шикоятлар ортидан Бухоро спорт мажмуасига қўнғироқ қилди, аммо маъмуриятдан бирор расмий маълумот ололмади. Лекин, мажмуа маъмуриятига яқин манбалардан бири чипта можаросига оид маълумотларни очиқлади.

Кутилмаган текин томошабин

Исмини ошкор этмаётганимиз манбадан олинган маълумотга кўра, 24 апрель кунги ўйинга кутилганидан кўп одам келган ва майдонга қўйилган томошабиннинг бир неча минги "кутилмаган, текин томошабин бўлган":

"Ўзи 20 мингта билет бор. Шуни 10 мингини абонементларга сотилган. Яна 10 мингта билет бор эди кассада. Лекин, кеча турли ташкилотлардан - болалар, ходимлар, ногиронлар, футбол клублари аъзоларига ўхшаган текин киритиладиган меҳмонлар ҳаддан зиёд кўп келди. Улар эрта келди ва стадионга киритилди. Лекин, кассада қолган 6 минг сўмлик минглаб билет ҳам тушдан кейин бирдан сотилиб кетди. Чиптани кассадан олганларни кўпи кеч келди ва улар келгунча стадионда жой қолмади, тушуняпсизми? Майдонга 22 минг томошабин сиғади, холос", деди маъмуриятга яқин манба мухбир билан микрофонсиз суҳбатда.

Манба стадионга қўйилмаган томошабин сонига ҳам аниқлик киритди:

"Мен кеча ўзим ўша ерда эдим, чиптаси билан киролмай қолганлар нари борса мингта эди. Унинг ҳам 500тасини ҳоким орқа эшикдан қўйиб юборди, кўрсин мухлислар, деб. Шунда 500таси қолган киролмасдан", деди манба.

Чипталар куймади - куймайди

Манбанинг айтишича, "Бухоро" футбол клуби раҳбарияти 24 апрель кунги ўйинга киролмаган мухлисларга айни чипта билан 7 май куни "Бухоро" ва "Металлург" футбол жамоаси ўртасидаги учрашувга кириш имконини таклиф қилмоқда:

"7 май куни стадионда яна ўйин бор. Соат нечада экани 1 ҳафта қолганда маълум бўлади. Кузатиб бориш керак. Ўша куни эртароқ келиб, стадионга киришлари мумкин, кеч қолмасдан. Ҳозирча маъмурият шу имкониятни таклиф қилаяпти. Лекин, бу ўйинга киришни истамаганларга пули қайтариб бериладими-йўқми - бунисини мен билмайман", деди манба.

Озодлик "Бухоро" футбол клуби билан ҳам боғланди ва клуб раҳбариятининг исмини сир сақлаётганимиз вакили ўйинга қўйилмаган томошабинлар 7 май кунги ўйинга киритилишига оид таклифни тасдқилади:

"Ҳозирча 99 фоизга аниқ гап шу. 7 май куни ўша билет билан келиб, ўйин томоша қилишлари мумкин. Яна ҳам аниғи ўйинга бир ҳафталар қолганда маълум бўлади. Бизнинг пулимиз куйиб кетди, деб тушкунликка тушмасин ва эртароқ келишсин, кечагидай кеч қолишмасин!" деди ушбу расмий мухбир билан микрофонсиз суҳбатда.

10 мингта абонемент

Бухородаги чипта можаросига оид тафсилотлар асносида "абонементлик чипта" масаласи ўртага чиқди.

Томошабинларнинг айтишича, шаҳардаги давлат ташкилотлари ва таълим муассасалари ишчи-ходимларига "Бухоро" футбол клуби ўйинлари учун бир йиллик чипта "ўтказилган":

"Менинг танишим 55 минг сўмга олган эди. Ўзи дўхтир, мажбурлаб сотишган. Шу бечораям кеча ўйинга киролмади. Ҳокимиятдан оилалари билан келишди, кўзимизнинг олдида текинга киритиб юборишди", деди исмини ошкор қилмаган ишқибоз.

Абонементлик чиптаси бўлган мухлисларнинг айримлари ўйинга киролмай қолган бўлиши мумкинлигини "Бухоро" футбол клуби жамоаси раҳбарияти вакили ҳам тасдиқлади, аммо бундай чипталар мажбуран сотилганини инкор қилди.

"Бунақа билетлардан 10 мингтаси сотилган, турли ташкилот ва корхона ишчилари ўз ихтиёри билан сотиб олишган. Аслида, 20 мингта абонементлик чиптаси тайёрлаганмиз, яна 10 мингтаси сотилмай қолган", деди исмини ошкор қилмаётганимиз расмий.

Муштарийлардан олинган маълумотларга кўра, 24 апрель кунги ур-йиқитда бир неча футбол ишқибози ИИВ ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Аммо, суриштирув жараёнида бу маълумот ҳозирча тасдиғини топмади.

"Бухоро" футбол клуби жамоаси маъмурияти бу борадаги саволларга тез орада тўлиқ ва расман жавоб беришни ваъда қилди.

Янгиликларни Озодлик сайтида кузатинг!

XS
SM
MD
LG