Линклар

logo-print

Ўзбекистондаги касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари зиммасига хорижга кетган ва дарсга келмаётган ўқувчиларни қайтариш вазифаси юкланди. Коллежларда ўқувчилар яшайдиган районлар микроучасткаларга тақсимланган ва унга бириктирилган ўқитувчи қисқа муддати ичида дарсга келмаётган ўқувчини топиб, коллежга қайтариши лозим. Коллежлар раҳбарияти бу ишларни ўқитувчи ишдан ташқари, ўз ҳисобидан қилишга мажбурлигини тасдиқлади.

Тошкент вилоятидаги Озодлик муштарийсидан қуйидаги мактуб келди:

"1 apreldan boshqa viloyatlarda bilmadimu, lekin Toshkent viloyatida kollejlarda o'quvchilarni o'quv mashg'ulotlariga jalb qilish bo'yicha katta tekshiruvlar turli tashkilotlar tomonidan olib borilmoqda. Bu albatta yaxshi chunki o'quchilar kollejda 100 %davomat bilan darslarda qatnashsa, bekor qolib bemani ishlarga vaqt ajratmasa biz juda xursandmiz, masalaning lekin degan joyi bor hozir kollejlarda har bir o'quvchini nazoratga olish uchun har bir o'qituvchiga15-17 tadan o'quvchi bo'lib berilgan (mikro uchastka rahbari deyiladi) lekin mana shu mikro uchastka rahbarlari uchun hech qanday oshiqcha haq to'lanmaydi. To'g'ri bu mayda gap ammo o'sha mikro uchastka rahbari mikro uchastkasida kelmagan o'quvchi uchun vaqtini sarflaydi, u uchun qog'oz hujjat tayyorlaydi buning hammasi osmondan tushmaydi bu mablag', bechora mikro uchastka rahbari yonidan to'lab qog'oz sarf qiladi".

Мактуб ортидан суриштирган мухбир бундай микроучасткалар нафақат Тошкент вилоятидаги, балки республика бўйлаб мавжуд 1 ярим мингтага яқин барча касб-ҳунар коллежларида ташкил қилингани ҳақида маълумот олди.

Жумладан, Сирдарё ва Тошкент вилоятидаги қатор коллежлар раҳбариятидан олинган маълумотга кўра, ҳар бир таълим масканида ўртача 35-45 тадан микроучастка ташкил қилинган.

Тошкент вилояти Чиноз туманидаги касб-ҳунар коллежларидан бирининг раҳбари мухбир билан микрофонсиз суҳбатда ҳар битта участкада ўртача 15-17 нафардан ўқувчи бўлиши ва уларга бир ўқитувчи бириктирилганини тасдиқлади:

"Асосий мақсад - давомадни кўтариш, коллежга ўқишга кириб, дарсга келмай юрганларни аниқлаб, таълим жараёнига қайтариш. Шу йил бошида бошлаганмиз, микроучасткалар тузишни - ҳозиргача давомад 90 фоизга кўтарилди, олдин 60 фоиз атрофида эди", деди исмини очиқламаётганимиз коллеж раҳбари.

Тошкент вилояти Чирчиқ туманидаги коллежлардан бирининг айнан микроучаскалар билан ишлаш бўлими раҳбари шу кунларда юқори ташкилотларда текширувлар бошлангани, боиси ҳар баҳор мавсумида коллеж ўқувчиларининг хорижга ишга кетиб қолиши ёки қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилиниши кузатилишини айтди:

"Бизни коллежда 3-босқичдаги 3 ўқувчи Россия ва Қозоғистонга кетиб қолган эди. Шу микроучастка раҳбарлари уйига қайта-қайта бориб, ота-онаси билан ишлаб, уларни қайтарди. Ҳозир дарсда шулар. Кейин ота-онасига ёрдам бераман, деб дарсга келмаётганлар бор. Турмушга чиққан қизлар бор. Хуллас, ўқувчи 2 кун дарсга келмаса, учинчи куни участка раҳбари бориши ва дарсга қайтариши шартда", деди исмини очиқлмаётганимиз мулозим.

Бу мулозим Ўзбекистон Касб-ҳунар таълим бошқармаси махсус қарори билан олиб борилаётган бу тадбир тўлиқ ўқитувчининг ҳисобидан эканини яширмади, ҳатто, норози ҳам бўлди:

"Бизнинг коллежда 40 та микроучастка бор. Ҳар бир участкада 13-17тагача ўқувчи яшайди. Ўқитувчи дарсдан бўш вақтида ўз ёнидан пул сарфлаб, ўқувчиларнинг уйига боради. Агар бола хорижда бўлса, бир неча марта боришига тўғри келади. Одатан, кечки пайт қатнагани учун фақат таксида юради, ёш-ёш аёл ўқитувчиларимиз бор - оқшом йўлда ёлғиз қолиб кетиши бор. Тўғри, давомад дарҳол яхшиланди, лекин баъзи ўқитувчиларга жуда оғир бўлаяпти. Ҳамма расходи ўзидан", деди Чирчиқ туманидаги касб-ҳунар коллежларидан бирининг раҳбари.

Ўзбекистонда ҳозир жами 1 минг 412 та касб-ҳунар таълими коллежи бор. Бу коллежларда ташкил қилинган микроучасткалар жами сони эса камида 50 мингтадир. Демак, камида 50 минг нафар коллеж ўқитувчиси ишдан бўш вақтида ва ўз ҳисобидан қўшимча иш билан шуғулланишга мажбур қилинмоқда.

Тошкент вилояти Бўка туманидаги касб-ҳунар таълими коллежларидан бирининг ўқитувчиси бу мажбуриятнинг ижроси бевосита туман ҳокимияти томонидан амалга оширилаётганини айтди:

"Бир йиғилишда ўқитувчилар: "Бизнинг бу ишга вақтимиз ҳам, пулимиз ҳам етмаяпти", деб норози бўлган эди. Ҳокимиятда: "Сиз биздан ҳам кўп ойлик оласиз, нима учун энди юрмаслигингиз керак? Юрасиз-да!" деб айтишяпти. Энди шу ўқитувчини ойлиги ҳокимиятдагиларни ойлигидан каттами?!" дейди ўқитувчи.

Аслида Ўзбекистондаги касб-ҳунар коллежларининг хорижга - Қозоғистон ва Россияга меҳнат муҳожирлигига кетиб қолаётган ўқувчиларини қайтариш чора-тадбирлари 2013 йилда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг хорижда, айниқса, Россияда юрган мардикорларни "дангаса" деб қоралаганидан сўнг бошланган эди.

Аввалига хорижга кетгани, турмушга чиққани ёки ота-онасига қишлоқ хўжалиги ишларида ёрдам бераётгани учун коллежга дарсга қатнамаётган ўқувчиларнинг ота-оналарига 1 миллион сўмгача жарима солиш чораси кўрилди.

Яъни, ўқишни ташлаб хорижга ишлашга кетган фарзандини қайтармаган ота-оналар Ўзбекистон маъмурий-жавобгарлик кодексининг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) бўйича жавобгарликка тортилиши айтилган.

Коллежларда ўқитувчилар ҳисобидан микроучастка ташкил қилиш ва уларнинг текин ишчи кучидан фойдаланиш ҳаракати эса Ўзбекистон Касб-ҳунар таълими бошқармасининг 2015 йил декабрь ойидаги бўйруғи билан бошланган. Баҳор фасли келиши билан буйруқ ижроси устидан назорат кучайтирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG