Линклар

logo-print

Паспорт стол, ОВИР ва ДАН энг порахўр идора деб топилди


Ўзбекистонда бораëтган биометрик паспортга ўтиш жараëни¸ оддий аҳолига кўра¸ коррупция оловига янгидан мой қуймоқда.

Ўзбекистонда бораëтган биометрик паспортга ўтиш жараëни¸ оддий аҳолига кўра¸ коррупция оловига янгидан мой қуймоқда.

Ижтимоий тармоқлардаги ўзбекистонликлар орасида ўтказилган мустақил сўров хулосасига кўра¸ мамлакатда энг коррупциялашган тизимлар ИИВ, суд, прокуратура ва уларга кадр тайëрловчи ўқув даргоҳларидир. Сўралганлар порахўрлик бўйича давлат идоралари орасидаги биринчиликни Ички ишлар вазирлигига¸ ўқув даргоҳлари орасидаги пешқадамликни эса Юридик университетига бердилар.

Коррупционерларнинг аксарияти ИИВда

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида Ўзбекистонда ягона сўров маркази бўлиб қолаётган "Ижтимоий фикр"нинг алвон сўровларига муқобил тарзда мустақил сўров ўтказилди.

AsiaTerra блогида эълон қилинган хабарга кўра, "Ўзбекистонда қайси соҳада коррупция/давлат ғазнасидан пул ўғирлаш авж олган?" деган саволга жавобан иштирокчиларнинг асосий қисми "Ҳамма соҳаларда", деб жавоб берган.

Сўров натижаларига кўра¸ мамлакатдаги энг коррупциялашган тизимлар рўйхатидаги биринчи ўринни ИИВ тузилмалари, иккинчи ўринни эса олий таълим, кейин солиқ хизмати, суд, сўнгра тиббиёт соҳаси эгаллаган.

Сўровни уюштирганлар энг коррупциялашган ИИВ тузилмалари қайсилар, деган саволни берган ва натижаларга кўра, респондентларнинг аксар қисми - Паспорт столлари, Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари, Давлат автомобиль инспекцияси ҳамда участка нозирларини санаган.

Олий ўқув юртлари орасида эса энг коррупциялашган муассаса сифатида Тошкент Давлат Юридик университети тилга олинган. Кейинги ўринда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент Давлат Иқтисодиёт унивеситетлари саналган.

Энг катта хавф - коррупция ва қашшоқлик

Сўров ташкилотчилари яна бир муҳим саволни ўртага ташлаган: "Ўзбекистон учун асосий хавф нима?"

Респондентларнинг асосий қисми "Ўғирлик/коррупция/қашшоқлик", деган жавобни белгилаган. Иштирокчиларнинг қарийб чораги "Террорчилар ("Исломий давлат", Ўзбекистон Исломий ҳаракати, Ваҳҳобийлар) деган жавобни белгилаган. Яна чоракка яқини "АҚШ/НАТО" деган жавобни белгилаган.

Сўров иштирокчиларига жавобларини шарҳлаш имкони ҳам берилган ва аксар шарҳлар мазмунига кўра, Ўзбекистонда энг коррупциялашган соҳалар - ИИВ, суд ва прокуратура органлари бўлғуси кадрларни етказиб берадиган таълим даргоҳларидан то бу идоралар раҳбариятига қадар порахўрлик ботқоғига ботган.

Ташаббусчилар

AsiaTerra блогида натижалари эълон қилинган бу сўровни ҳозирча ким ўтказгани очиқланмаётир.

Блог муаллифи - ўзбекистонлик мустақил журналист Алексей Волосевич бу яхши ташаббусни бўғмаслик учун ижтимоий тармоқларда иш бошлаган гуруҳ номини ошкор қилмаётганини айтади:

- Ўзбекистондаги ягона сўров ўтказувчи марказ борлиги ва бу "Ижтимоий фикр" марказининг буюртма асосидаги сўровлари, Ўзбекистонда аҳолининг 96 фоизи ҳукумат сиёсатини тўлиқ қувватлайди, деган ёлғонларидан зериккан айрим кишилар ижтимоий тармоқлардан бирида ўзларининг мустақил сўровини ўтказишга қарор қилишди. Агар уларнинг кимлигини очиқласак, шу заҳотиёқ уларнинг саҳифаси блок қилинади ва фуқаролик жамиятининг бундай нодир ташаббуси бўғилади. Зеро, бунга кўп бор гувоҳ бўлганмиз, - дейди Волосевич.

Журналист сўров натижалари ўзига йўллангани ва иштирокчилар давлат назорати остидаги "Ижтимоий фикр" марказига параллел равишда, мустақил тарзда ўтказилган натижалардан жамоатчиликни хабардор қилишни сўраганини айтади:

- Агар хотирам панд бермаётган бўлса, Ўзбекистондаги ягона "Ижтимоий фикр" маркази энг актуал бўлиб турган коррупция соҳасида яқин-атрофда сўров ўтказмаган. Ҳар ҳолда мен эслолмаяпман. Расмий матбуот ҳам бу ҳақда қарийб гапирмайди. Тўғри, кейинги пайтда порахўр амалдорлар ушланди, судланди, мазмунида хабарлар кўпайган. Лекин булар, асосан, туман даражасидаги амалдорлар, узоғи билан туман ҳокими даражасидаги амалдорлардир. Ёки бўлмасам, махсус буюртма асосида онда-сонда танқид қилинадиган вилоят ҳокимлари бўлиши мумкин, - дейди Волосевич.

Журналистга кўра, мустақил тарзда ўтказилган сўров методи жудда оддий - ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига саволлар берилган ва улар жавобларни белгилаган ҳамда ўз жавобларини шарҳлаган. Ҳозирча бу сўровда бир неча юз иштирокчи қатнашгани айтилмоқда.

"Ижтимоий фикр" коррупцияни ўрганган

"Ижтимоий фикр" марказидан олинган маълумотга кўра, марказ ҳар йили айнан коррупция масалаларига бағишланган сўров ўтказади.

Марказ раҳбарияти сўровлар эркин ўтказилиши ва респондентлар ҳам мутлақо тасодифий тарзда танланишини айтади.

Айнан коррупция масаласида шу кунларда ушбу марказ ҳам сўров ўтказаётгани ва унинг натижалари май ойи якунида матбуотга эълон қилиниши айтилди.

Мустақил социологлар “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш марказини илмий муассаса сифатида тан олмайди. Улар фикрича, мазкур марказ ҳокимиятнинг буюртмасини бажарадиган идорадир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG