Линклар

OzodMikrofon: Россияда қул қилинган отамни қутқаришга ёрдам беринг!


Россияда қулликда сақланаётгани айтилган Саримсоқов Насриддин Холбоевич.

Россияда қулликда сақланаётгани айтилган Саримсоқов Насриддин Холбоевич.

Озодликка Россиядан боғланган самарқандлик Бобур Холбоев Москва вилоятида қурилишда ишлаб юрган отаси - 1964 йилда туғилган Саримсоқов Насриддин Холбоевични топиш ва қутқаришда ёрдам сўради. Бобурнинг айтишича, отаси 3 йил олдин қулликка тушиб қолган ва шундан буён уни қулликда сақлаётган одамларни топиш, отасини қутқариш чорасини топа олмаётир.

Россиянинг Астрахань областидан қўнғироқ қилган Бобур Холбоевга кўра, отаси билан сўнгги бор уч йил муқаддам тўй куни бемалол гаплашган:

- Мен уйланган куним отам қўнғироқ қилди. "Ўғлим тўйингга боролмадим, узр", деди. Унгача бораман, деб турган эди, кутаётган эдик. Ишларимни тугатиб, бораман, деганига мен ҳам суриштирмадим ўшанда. Кейин бедарак кетди, келмади. Телефон қўнғироқларга жавоб бермади. Мен қайта-қайта қўнғироқ қилдим, танишларга телефон қилдим. Дараги чиқмади. ИИБга бордим, топиша олмади. Уч-тўрт ой олдин танишлардан бир рақам топиб, телефон орқали қисқагина гаплашдим. Ўшанда отам: "Мен ишга олиб келган болалар, ишни ташлаб қочишди. Кейин иш берувчи менинг паспортимни олиб қўйди, сумкаларим ва кийимларини ёқиб юборди, кетолмай юрибман", деди. Отам бригадир эди. Қаердалигини, иш берувчи кимлигини сўрасам: "Сен аралашма, ўзим ҳал қиламан!" дедию шу билан бошқа гаплашолмаим. У номерга боғланиб бўлмаяпти. Отам қулликда, деб тахмин қилаяпман, аммо тополмаяпман. Илтимос, ёрдам беринглар! - деди шу кунда Россияда отасини қутқариш ҳаракатида юрган Бобур Холбоев.

Қуйида Бобур билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Диққат: Уч йил муқаддам Россияда қулликка тушиб қолгани тахмин қилинаётган 52 яшар Саримсоқов Насриддин Холбоевични кўрган, унинг бугунги аҳволидан хабардорлар бўлса, марҳамат, қуйидаги рақамларга боғланишингиз мумкин:

WhatsApp, Viber, Telegram: + 793 782 653 18 - Бобур Холбоев​

WhatsApp, Viber, Telegram: + 420 724 971 539 - Озодлик радиоси

---------------------------------------------------------------------------------------------------

Муҳим эслатма: OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр-мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG