Линклар

ИИВ: Ўзбекистон бўйлаб 11 декабргача янги паспорт берилмайди


Самарқанддаги ички ишлар бўлими олдида кунлаб ҳужжат топширишга навбат кутаëтганлар.

Самарқанддаги ички ишлар бўлими олдида кунлаб ҳужжат топширишга навбат кутаëтганлар.

Ўзбекистоннинг барча вилоят ва туманларидаги паспорт бўлимлари биометрик паспорт беришни 11 декабргача тўхтатди. Озодликка қатор манбалардан келган бу хабарни Ички ишлар вазирлиги мулозими тасдиқлади. Бундан аввал вазирлик расмийлари маҳаллий матбуотга паспорт беришдаги “бир ойлик профилактик танаффус”нинг фақат Тошкент шаҳридаги паспорт столларида жорий қилинганини билдирган эди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг исми сир қолишини истаган мулозими Озодлик билан суҳбатда биометрик паспортга ҳужжат қабул қилиш ва тайёр бўлган паспортларни эгаларига топширишнинг 11 декабрдан кейин қайтадан бошланишини билдирди:

- 11 декабргача мамлакатнинг ҳеч бир жойида паспорт берилмайди. Барча паспорт столларига бу ҳақда кўрсатма берилган, - деди ИИВ мулозими.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мулозимига кўра, паспорт бериш “профилактика” сабаб вақтинча тўхтатилган.

- Бир ой давомида биопаспортларни тайёрловчи қурилмаларга техник хизмат кўрсатилади ва профилактикадан ўтказилади. Профилактика ишлари бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг барча паспорт бўлимларида олиб борилади ва 11 декабрь куни якунига етади, - деди ИИВ мулозими.

Бундан аввал вазирлик фақат Тошкент шаҳридаги паспорт столларида паспорт бериш бир ойга тўхтатилганини маълум қилган эди.

Озодлик мухбири Ўзбекистоннинг Жиззах, Самарқанд, Хоразм вилоятларининг ИИБ Хорижга чиқиш келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига телефон қилди.

Ҳар учала вилоятда ҳам паспорт столи ходимлари паспорт берилмаётганини тасдиқлашди ва бундай танаффуснинг кутилаётган президентлик сайловлари билан боғлиқлигини айтишди.

- Сайлов билан боғлиқ бу. Сайлов ўтганидан сўнг яна паспортга расмга туширишни бошлаймиз. Паспорт столлари олдида навбатлар кўп бўлади. Шунинг учун вақтинчалик паспорт бериш тўхтатилди. Ҳозир бизга кўчада одам кўп йиғилмасин, деган кўрсатма келган, - деди Хоразм ИИБсининг исми сир қолишини истаган ходими.

Паспортсизлар сайловда қандай иштирок этади?

Самарқанд ИИБсининг Хорижга чиқиш келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими мулозимининг Озодликка айтишича, паспорт олишга улгурмаганларга сайловда қатнашиш учун вақтинчалик ҳужжат берилади:

- Паспорт олишга улгурмаганлар хотиржам бўлишсин. Уларга сайловда қатнашиш ҳуқуқини берадиган вақтинчалик паспорт қилиб берилади, - деди Самарқанд ИИБси ходими.

Паспорт беришнинг вақтинча тўхтатилгани ўзбекистонликлар орасида эътироз уйғотмай қолмади.

“Паспорт олиш конституциявий ҳуқуқимиздир. Конситуцияни бузиб, муваққат президентлик курcисига ўтирган Шавкат Мирзиёевни президентга айлантириш сайловлари деб, бизни паспорт олиш ҳуқуқимиз бир ойга бузилмоқда”, - дейди Озодлик билан суҳбатда тошкентлик муҳандис Тоҳир.

Россияда яшаётган хоразмлик Азамат эса паспорт бериш тўхтатилгани сабаб Ўзбекистонга бориб келиш режасидан қайтганини айтади:

- Паспортимни алмаштириш учун бормоқчи бўлиб турувдим. Энди бормайман. Чунки паспорт ололмасам у ерда кўпроқ муддатга қолиб кетишимга тўғри келади. Мен билан бирга Москвада ишлаётганлар ҳам сайлов арафасида Ўзбекистонга бориш аҳдидан қайтишди, - дейди Азамат.

Ўзбекистонда биометрик паспорт бериш биринчи марта тўхтатилаётгани йўқ.

2013 йилнинг февраль ойида ҳам Тошкентда паспорт бериш бир ойга тўхтатилган эди.

Ўшанда ҳам ўзбек мулозимлари профилактика сабаб паспорт беришда танаффус эълон қилинганини айтишган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG