Линклар

Бу жазо чораси “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилди.

Ислом Каримов 27 апрелда имзолаган қонун билан паспорт режимини кучайтиришга қаратилган бошқа меъёрлар ҳам жорий этилди.

Жарима. Йўқолган паспорт учун

Паспортини йўқотгани учун фуқаро тўлайдиган 390 720 сўм миқдоридаги жарима 2015 йилнинг 1 сентябридан белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг 3 бараварига тенг пулдир.

Демак, энг кам ойлик иш ҳақи миқдори ортса, жарима миқдори ҳам ортади.

Жарима. Иккинчи марта йўқотилган паспорт учун

Агар жаримани тўлаган фуқаро паспортини 1 йил ичида яна 1 марта йўқотиб қўйса жарима энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдорини – 651 200 сўмни ташкил қилади.

Жарима. Паспорт билан боғлиқ бошқа ҳолатлар учун

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишларга кўра, паспорти бўлиши шарт бўлган ҳолда паспортсиз яшаётганлар ёки яроқсиз паспорт билан, вақтинчалик ёки доимий пропискасиз яшаётганлар, паспортини қасддан яроқсиз ҳолатга келтирганлар, эҳтиёт қилмагани оқибатида паспортини йўқотганлар юқорида айтиб ўтилган жарима билан жазоланади.

Жарима. Паспорт режимига масъул амалдор учун

Паспорт тизими қоидаларига риоя қилинишига масъул шахслар паспортсиз ёки яроқсиз паспорт билан, вақтинчалик ёки доимий пропискаси йўқ ёҳуд ҳисобдан ўтмаган фуқароларнинг истиқомат қилишига йўл қўйса энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жаримага тортилади.

Агар бундай қоидабузарлик 1 йил ичида такрорланса, жарима миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 15 бараварига тенг бўлади.

Жарима. Паспорти йўққа уйидан жой берган фуқаро учун

Олдинди бандда кўрсатилган жазо ўзига қарашли турар-жойда паспортсиз ёки яроқсиз паспорт билан, вақтинчалик ёки доимий пропискаси йўқ ёҳуд ҳисобдан ўтмаган фуқароларнинг истиқомат қилишига йўл қўйган фуқароларга нисбатан ҳам қўлланади.

Агар бундай қоидабузарлик 1 йил ичида такрорланса, жарима миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 15 бараварига тенг бўлади.

Паспорт билан боғлиқ муаммоси бор одам ишга қабул қилинмайди

Ислом Каримов 27 апрелда имзолаган қонун билан Меҳнат кодексига киритилган бир қўшимча ҳам паспорт билан боғлиқ.

Бундан буён иш берувчи паспорти яроқсиз, шунингдек, вақтинчалик ёки доимий пропискаси йўқ ёҳуд ҳисобдан ўтмаган фуқароларни ишга қабул қилмасликка ҳақлидир.

Жарима. Паспорти билан боғлиқ муаммоси бор одамни ишга қабул қилган иш берувчи учун

Агар иш берувчи бу меъёрни бузса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган янги моддага биноан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан 15 бараваригача бўлган миқдорда жаримага тортилади.

Иш берувчи бундай қоидабузарликни 1 йил ичида такрорласа, жарима миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараварига тенг бўлади.

Режим нега бу қадар кучайтирилаяпти?

Албатта, Президент 27 апрелда имзолаган қонундаги паспорт режимига оид бу чоралар бутун мамлакатга тааллуқли.

Лекин Вазирлар Маҳкамасининг ўтган ойдаги бир қарори эсланса, бу чоралар ўша қарор ижросини таъминлаш учун қонуний асосларни кучайтириш ёки яратиш мақсадида қабул қилинганини тушуниш қийин эмас.

Вазирлар Маҳкамаси ўзининг махсус қарори билан 1 апрелдан бошлаб вилоятлардан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига келувчиларга нисбатан қатор чекловлар жорий этган.

Масалан пойтахтда яшовчи қариндошиникига 5 кундан зиёд вақтга меҳмонга келган вилоятликлар милиция бўлимларида ҳисобга туришлари шарт. Тошкентдаги санаторийларга дам олиш учун келганлар ҳам милиция ҳисобида туришлари мажбурий қилиб белгиланган. Бу тартибни бузганлар жаримага тортилади ва Тошкентдан мажбуран чиқариб юборилади.

Жарима. Бировнинг паспортидан фойдаланганлик учун

Паспортини йўқотгани тўғрисида ариза топширган фуқаро паспортидан ғаразли мақсадда фойдаланса ёки бошқа фуқароларга тегишли паспортдан фойдаланган фуқаро энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жаримага тортилади.

Жарима. Паспортни гаровга олиб қўйганлик учун

Фуқаролар паспортини олиб қўйган ёки паспортни гаров сифатида олиб қўйган амалдор шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан 15 бараваригача бўлган миқдорида жаримага тортилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG