Линклар

Ўзбекистонда пенсия тайинланиши учун энг кам иш стажи 5 йилдан 7 йилга узайтирилади.

Ўзбекистон президенти имзолаган қонунга биноан “Фуқароларни давлат пенсияси билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, пенсия ёшига етган лекин тўлиқ иш стажига эга бўлмаган шахсга пенсия тайинланиши учун иш стажи камида 7 йилни ташкил этиши талаб қилинади. Шу пайтгача меҳнат пенсиясини олиш учун энг кам иш стажи 5 йил бўлган ва бу жорий йил 1 июлига қадар сақланиб қолади.

Мазкур қонун март ойида Ўзбекистон Олий Мажлисининг иккала палатаси томонидан маъқулланган эди.

Қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, етарли иш стажига эга бўлмаган шахсларга тайинланадиган пенсия миқдори мавжуд иш стажига мутаносиб тарзда белгиланади.

Ўзбекистонда пенсияга чиқиш учун етарли бўлган тўлиқ иш стажи эркаклар учун 25 йил, аёллар учун эса 20 йилни ташкил этади. Ўзбекистонда пенсия ёши эркаклар учун 60, аёллар учун 55 ёш қилиб белгиланган.

Пенсия тўғрисидаги қонунга ўзгартишларнинг киритилиши Ўзбекистонда пенсия тўловлари билан боғлиқ муаммолар кенг тарқалган пайтга тўғри келмоқда. Мамлакат бўйлаб пенсияларнинг кечикиши, пенсиянинг катта қисми нақдсиз кўринишда берилиши қарияларни қийин аҳволга солиб қўйган.

XS
SM
MD
LG