Линклар

logo-print

Ўзбекистон президенти жиянининг Латвиядаги бизнеси жиноят ўлжасига айланди


Акбар Абдуллаев президент Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримованинг жиянидир

Акбар Абдуллаев президент Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримованинг жиянидир

Ўзбекистон президентининг жияни Латвия пойтахти Ригада иккита ҳашаматли меҳмонхонанини сотиб олган пайтда бу бизнес қадами 1990 йиллар бошидаги каби мафия гуруҳлари ўртасидаги урушга ўхшаш ҳодисага олиб келишини ўйламаган бўлса керак. Суиқасд, амалдорларни порага сотиб олиш каби ҳодисаларни ўз ичига олган бу ҳодиса бир тарафдан ўзбек ҳокимиятининг энг юқори доираларига дохил шахслар Ўзбекистонда ўмарган пулларни қандай қилиб Европага яшираётганига чизги бўлса, бошқа томондан Европа Иттифоқига янги қўшилган Латвия адлия тизими, хусусан, полиция ва суд органларининг қоронғу томонларини фош этади.

Инга Спринге

Латвиялик бизнесмен Улдис Скудра беш йил аввал бошдан кечирганлари триллер фильм сюжетини эслатади.

Дам олиш кунларининг бирида Скудрага қўшниси қўнғироқ қилиб, унинг уйи ёнидаги майсазорда писиб, яшириниб ётган бир эркакни кўриб қолганини айтади. Ригадан бир соатлик йўл нарироқдаги Лилварде шаҳарчасидаги дала ҳовли жойлашган маҳаллага бегоналар одатда келмаслиги боис, Скудра қўшниси билан нима гаплигини аниқламоқчи бўлади. Скудра бу ҳодисадан бир ярим йилча аввалроқ ҳужумга учраганидан кейин сотиб олган тўппончасини, ҳар эҳтимолга қарши, олиб олади.

Иккаласи майсазорга яқинлашади ва қўшни яшириниб олган бегона одамдан очиққа чиқишини талаб қилади. 35 ёшлардаги боши тақир олинган ва спорт кийимидаги йигит секин ўрнидан туриб, чиқади ва елкасига осиб олган сумкани очишга уринади. Скудра тўппончасини чиқариб, унга ўқталади ва қимирламасдан ерга ётишни талаб қилади.

Полиция келишини кутиб туришган пайтда ҳалиги йигит кимдир унга Скудрани ўлдиришни буюрганини гапириб беради ва уни қўйиб юборишларини ўтиниб сўрай бошлайди. Кўп ўтмай воқеа жойига етиб келган полиция унинг шахсини аниқлайди – Гунатрс Милинш исмли бу йигитнинг сумкасидан тўппонча ҳам чиқади.

Re:Baltica ўрганиб чиққан жиноят ишидаги материаллар Скудранинг ҳикоясини тасдиқлайди. Латвия суди Милиншни суиқасдга уринишда айбдор деб топиб, 11 йиллик қамоқ жазоси тайинлайди.

Бу воқеадан беш йил ўтиб ҳам Скудрани ўлдиришни ким буюргани номаълум қолмоқда. Полиция буюртмачини топиш бўйича тергов давом этаётганини айтмоқда.

Скудра ўз уйи олдида калтаклангани ва ҳаётига суиқасд уюштирилгани собиқ ҳамкори Акбар Абдуллаев билан муносабатларига боғлиқ эканига шубҳа қилмайди. Ригадаги иккита ҳашаматли меҳмонхонани сотиб олган ва кейинчалик 2012 йилда олдириб қўйган бу тадбиркор Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг жиянидир.

Акбар Абдуллаев (Рассом Мартинш Упитис)

Акбар Абдуллаев (Рассом Мартинш Упитис)

У сотиб олган иккита меҳмонхона учун кураш бир неча мамлакатдаги судлашувлар, жиноят ишлари, ҳибсга олишлар ва судьяларнинг порага сотилиши билан йўғрилган ҳодисаларга айланиб кетади. Бу ҳодисалар Латвия адлия тизими ноқисликларини ҳам фош этади ва Европа Иттифоқига қўшилган давлатнинг хусусий сармоядорни ҳимоя қила олиш иқтидорига доир шубҳаларни туғдиради.

Вазиятнинг янада чигаллаштирган нарса Абдуллаевнинг ўзи Ўзбекистонда коррупция ва йирик миқдордаги маблағларни ўзлаштирганлик айби билан қамоққа ҳукм этилгани бўлди. Президентнинг жияни ташкил этган схемалар воситасида Ўзбекистоннинг Фарғона водийси вилоятларидаги йирик корхоналарнинг миллионлаб доллар маблағларини ўзлаштирганликда айбдор, деб топилган.

Латвия полицияси ҳам Абдуллаев устидан пул ювиш айбловлари билан жиноят иши қўзғатган. 2012 йил ноябрида очилган жиноят иши якунига етгани йўқ. Полицияга кўра, Абдуллаев устидан очилган жиноят иши билан боғлиқ халқаро сўровларнинг кўплиги бу ишнинг чўзилиб кетишига сабаб бўлган.

Латвияда бўшатилган қуюшқон

Акбар Абдуллаев 2006 йилда Латвияга холаваччаси ва унинг оиласи билан бирга келган пайтида 23 ёшда бўлган. Унинг холаваччаси Лола Каримова-Тиллаева – Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи. Ўша пайтларда иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлган Лола эри Тимур Тиллаев ва катта қизи билан Болтиқ денгизи соҳилидаги Юрмала курортидаги данғиллама виллалардан бирига жойлашади. Кунда-шундалари асосан собиқ совет республикаларидан келган бойваччалардан иборат Юрмалада Лола кўз-кўз қиларли давлат рақамлари тақилган BMW ва Hummer русумидаги қимматбаҳо автомобилларда юргани билан эсда қолган. Лекин президент қизи бу курорт шаҳарчада узоқ ушланиб қолмайди, 2006 йилнинг августида ўғил туғишидан бир неча ой ўтиб Каримова-Тиллаевлар оиласи Латвияни бутунлай тарк этишади.

Акбар Абдуллаев холаваччаси Лолага қўшни бу ҳовлини 1,42 миллион еврога сотиб олганида ҳали 23 ёшда эди

Акбар Абдуллаев холаваччаси Лолага қўшни бу ҳовлини 1,42 миллион еврога сотиб олганида ҳали 23 ёшда эди

Лекин Абдуллаевга Латвия ёқиб қолади ва у орқа- олдига қарамасдан пул сарфлай бошлайди. У ҳам Юрамаладан 1,42 миллион еврога ҳашаматли ҳовли сотиб олади. Ундан кўп ўтмай, Рига марказидаги кўп қаватли уйдан ойналари Даугава дарёси узра Эски Шаҳарга қараб турувчи квартира сотиб олади. Латвия кўчмас мулк реестрига кўра, бу квартира учун президент жияни 300 минг евро тўлаган. Бундан ташқари Абдуллаев 200 минг еврога Bentley русумидаги қимматбаҳо автомобиль сотиб олади. Абдуллаевга тегишли Bentley 2006 йилда Латвияда рўйхатга олинган энг қиммат машина, деб топилади.

Кейинги йилда Абдуллаев отель бизнесига қизиқиб қолади. 2007 йилда у Латвия фуқароси бўлган асли афғонистонлик тадбиркор Ғулом Ғуломийнинг хотини Валентина билан бирга Рига марказидаги "Royal Square Hotel & Suites" номли меҳмонхонани 10 миллион еврога сотиб олади. Ғулом Ғуломий Ўзбекистоннинг Латвия орқали пахта экспортига алоқаси бўлган тадбиркор сифатида Лола Каримова-Тиллияева оиласига дўст бўлган. Орадан олти ой ўтиб, улар Риганинг Эски Шаҳар қисмида яна бир меҳмонхонани сотиб олишади. “Garden Palace Hotel” “Re:Baltica” нашри кўздан кечирган шартномага кўра, камида 8 миллион еврога тушади.

Абдуллаев Латвия банк тизимидан фойдаланиш ва у ерда бизнес бошлаш мақсадида кўчмас мулк сотиб олган ягона ўзбекистонлик эмас. 1500дан ошиқ Ўзбекистон фуқароси Европа Иттифоқида доимий яшаш ва Шенген ҳудудида бемалол ҳаракатланиш ҳуқуқини берувчи “Олтин Виза” схемаси имконидан фойдаланган. Латвия ҳукумати таклиф этган бу схема бўйича мамлакат кўчмас мулки ёки банкига муайян миқдорда сармоя ётқизган хорижликка мамлакатда доимий яшаш гувоҳномаси берилади.

Акбар Абдуллаевга қарашли Bentley Латвияда 2006 йилда рўйхатга олинган энг қиммат машина эди

Акбар Абдуллаевга қарашли Bentley Латвияда 2006 йилда рўйхатга олинган энг қиммат машина эди

“Олтин Виза” схемаси имконидан фойдаланиб қолган собиқ Совет республикалари фуқаролари сони бўйича ўзбекистонликлар учинчи ўринни эгаллайди. Латвияда ўзбекистонликлар бемалол рус тилида гаплаша олиш имконидан ташқари улар билан муносабат қилишга иштиёқманд банкларни ҳам топа олади.

Коррупцияга қарши курашадиган “Transparency International” халқаро ташкилоти Ўзбекистонни энг коррупциялашган мамлакатлардан бири, деб таснифлаган. Ташкилот хулосаларига кўра, Ўзбекистон сиёсий элитаси давлатга қарашли ширкатлардан катта маблағларни ўзлаштириб, хориждаги банкларга яширади.

Ўзбекистонликлар хориждаги бизнес фаолиятида даромад ва солиқларни яшириш имконини берадиган оффшор ширкатлардан фойдаланишади. Дунёнинг турли оффшор ҳудудларида рўйхатдан ўтказиладиган бундай ширкатлар асл эгалари шахсини яшириш имконини беради.

Акабар Абдуллаев ҳам ана шундай йўл тутади ва унинг учун бу қимматга тушади.

Танишув

Бундан 10 йил аввал Улдис Скудра Швецияга қарашли Swedbank банкининг Латвия шуъбасидаги хорижий мижозлар билан ишлаш бўлими бошлиғи лавозимидан эндигина бўшаган эди. Ўша кунлари эрталаб нонушта қилиб ўтирганда телефон жиринглаб қолади. Қўнғироқ қилган одам собиқ мижозлардан бири, Ўзбекистонда Латвия орқали пахта экспорт қилиш билан шуғулланган Ғулом Ғуломий бўлади.

“Улдис, меникига жуда ҳурматли бир одам меҳмон бўлиб келган. Уни сен билан таништириб қўймоқчиман”, дейди Ғуломий.

Асли афғонистонлик тадбиркор Ғулом Ғуломий Ўзбекистон Акбар Абдуллаевга Лола Каримова-Тилляева илтимосига кўра ёрдам берганини иддао қилади

Асли афғонистонлик тадбиркор Ғулом Ғуломий Ўзбекистон Акбар Абдуллаевга Лола Каримова-Тилляева илтимосига кўра ёрдам берганини иддао қилади

Рига марказидаги “TGI Friday’s” ресторанидаги учрашувда, Ғуломий Скудрани “ўзбекистонлик Акбар” ва унинг ўнг қўли Борис Раймихер билан таништиради. Асли молдовалик Раймихер Германияда яшайди. Орадан уч кун ўтиб Скудра, бу сафар Ғуломийсиз, Абдуллаев ва Раймихер билан яна учрашади.

Абдуллаев Латвиядан бирор бизнесни сотиб олиш ниятида экани ва бунинг учун маҳаллийлардан ишончли одам кераклигини айтади. Абдуллаевнинг хатти-ҳаракатидан у Ўзбекистонда жуда катта пул топадиган ўта нуфузли шахс экани кўриниб турарди. Ўзбекистонда турли кланлар борлигини эшитган Скудра, Абдуллаевдан қайси кланга мансублиги ҳақида қизиқдади. Абдуллаев президент Ислом Каримовнинг оиласига дахлдор эканини айтади.

Улар яна бир неча марта учрашади. Лекин охир-оқибат Абдуллаевнинг ишлари билан Ғуломий шуғулланади. Кейинчалик Скудра Абдуллаев Ғуломийнинг хотини Валентина билан Ригада бир нечта меҳмонхоналарни сотиб олганини эшитади.

Ҳал этувчи қўнғироқ

Орадан уч йил ўтиб, Скудранинг телефони яна жиринглайди.

2009 йилнинг май ойида Абдуллаев Скудрага телефон қилади ва пуллари қаерга ғойиб бўлаётганини тушунмаётганини айтади. Скудранинг иддао қилишича, Абдуллаев иккита меҳмонхона учун ўз улушини тўлаб қўйгани, лекин Ғуломий бизнесдан тушаётган даромадни кўрсатиш ўрнига ундан яна пул талаб қилаётганидан шикоят қилади.

Акбар Абдуллаев Рига марказидаги "Royal Square Hotel & Suites" меҳмонхонасини 10 миллион еврога сотиб олган

Акбар Абдуллаев Рига марказидаги "Royal Square Hotel & Suites" меҳмонхонасини 10 миллион еврога сотиб олган

"Royal Square Hotel & Suites" молиявий ҳисоботларидан меҳмонхона зиёнига ишлаётгани аён бўлади. “Garden Palace Hotel” меҳмонхонаси 2008 йилда сотиб олингани боис унга оид молиявий ҳисобот ҳали тайёр бўлмаган.

Шунингдек, ҳужжатлардан маълум бўлишича, “Garden Palace Hotel” учун улар аллақачон 5 миллион еврони тўлаб қўйишган ва агар навбатдаги 700 минг евролик тўлов вақтида амалга оширилмаса, меҳмонхонани сотаётган томон шартномани бекор қилиб, тўлаб бўлинган 5 миллион еврони ҳам олиб қолиши мумкин эди.

Бундан ташқари, Латвия бизнес реестридаги маълумотлардан Валентина Ғуломий “Royal Square Hotel & Suites” меҳмонхонасини сотиб олиш учун “DNB Bank” банкидан 5 миллион евро миқдорида кредит сўраган пайтда ширкат ва меҳмонхона биносини гаровга қўйгани аниқланади.

Скудранинг айтишича, Абдуллаев кредит эвазига меҳмонхонани гаровга қўйилганидан хабари бўлмаганини билдирган. Абдуллаев тўлаб бўлинган пулни йўқотмаслик учун Ғуломийдан меҳмонхонадаги улушини сотиб олишга қарор қилади, дея эслайди Скудра.

“Garden Palace Hotel” меҳмонхонаси учун Акбар Абдуллаев камида 8 миллион евро тўлаган

“Garden Palace Hotel” меҳмонхонаси учун Акбар Абдуллаев камида 8 миллион евро тўлаган

2009 йилнинг июнида Абдуллаев тўрт юлдузли “Garden Palace Hotel” меҳмонхонасининг якка эгасига айланади. Скудра “Garden Palace” номли ширкатни ташкил этади ва меҳмонхонани бошқариш унинг ихтиёрига топширилади. Келишувга кўра, Скудра хизматлари учун меҳмонхонадан тушадиган фойданинг 25 фоизини олади.

“Royal Square Hotel” меҳмонхонаси олди-сотдиси тўғрисидаги якуний шартнома имзоланишига бир ой қолганида икки номаълум шахс Скудрани уйи олдида калтаклаб кетади. Гаражнинг автоматик эшиклари очилмайди, Скудра нима бўлганини текшириш учун машинадан тушган пайтда унга ҳужум қилишади. Полиция ҳужум қилганларни топа олмайди. Бу воқеанинг эртасига Абдуллаевнинг маслаҳатига кўра, Скудра тан соқчи ёллайди.

2010 йилнинг февралида Абдуллаев “Royal Square Hotel” меҳмонхонасини ҳам тўлалигича сотиб олади. “Шартнома имзоланадиган куни Борис (Абдуллаевнинг ҳамкори) ва мен меҳмонхона лоббисида турган эдик. “Биз нималарнидир гаплашиб, кулишиб турган эдик. Акбар билан гаплашиб турган Ғуломий, менга бурилиб, ўқрайдида “бу масхарабозни ўлдираман”, дея таҳдид қилди”, дея эслайди Скудра. Орадан бир ярим йил ўтиб унга қилинган суиқасд тергови пайтида Скудра бу воқеа ҳақида полицияга гапириб беради.

Ғуломийнинг ўзи "Re:Baltica" билан суҳбатда бундай воқеа бўлмаганини таъкидлади. У Скудрага таҳдид қилганини рад этиб, унга қилинган ҳужумга ҳам алоқаси йўқлигини айтади. Унинг иддаоларига кўра, Абдуллаев меҳмонхоналарни сотиб олишга ҳеч қачон сармоя қилмаган ҳам, кейинчалик Ғуломийнинг хотинидан улушларини сотиб олмаган ҳам. Ғуломийнинг яна иддао қилишича, у гўёки Абдуллаев Ўзбекистондаги танишларига Европада бизнеси борлиги тўғрисида мақтана олиши учун, бағрикенглик қилиб, Абдуллаевни мулк эгаларидан бири сифатида расмийлаштирган.

Ғуломий иддаосига кўра, у Лола Каримова-Тиллияеванинг илтимоси билан Абдуллаевга бизнес бошлашида ёрдам берган ва ҳатто молиявий жиҳатдан унга ҳомийлик қилган. Лола Каримова-Тилляеванинг адвокати ўз мижози Ғуломийдан ҳеч қачон холаваччаси Акбарга ёрдам беришни сўрамаганини билдирди. Ғуломийнинг адвокати Эгонс Русановс эса, Абдуллаев кўнгилхушлик, кийим кечак ва машиналар сотиб олиш учун Ғуломийнинг 12 миллион долларини кўкка совурган, дея иддао қилмоқда. Ғуломий прокуратурага берган ёзма кўрсатмасида Абдуллаев пулларни оффшор фирмалар орқали, баъзан эса нақд кўринишда берганини таъкидлайди. “Бизнинг маданиятимиз ва анъаналаримиз ҳамда тадбиркорлар ўртасида лафз ёзма ҳужжатдан кўра, кучлироқ бўлгани учун унга ишонганман”, дейди Ғуломий.

Лола Каримова-Тилляеванинг адвокати Озодликнинг изоҳ бериш сўровига жавобан, ўз мижози “Латвияда қарийб ўн йилдан бери бўлмаган ва мазкур мақола мавзуси бўлган бизнес тортишувга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Аслини олганда, унинг Латвияда ҳеч қандай бизнес манфаатлари йўқ”, дея ёзма изоҳ берди.

Меҳмонхоналарнинг ўмарилиши

2012 йилнинг кузида Скудранинг телефони яна жиринглайди. У аллақачон Россия пойтахти Москвадаги банклардан бирида ишлаётган эди. Қўнғироқ қилган одам Латвиядаги кўчмас мулк олди-сотдиси билан шуғулланадиган йирик ширкат эгаларидан бири эди. У Скудрадан ўзбекистонлик дўстлари меҳмонхоналарнинг иккинчисини сотиш ниятлари билан қизиқади.

Даллол ширкат эгаси “Royal Square Hotel” аллақачон сотилганини эшитгани, лекин “Garden Palace Hotel” меҳмонхонасига қизиқиш билдираётган харидор борлигини айтади.

Бу вақтга келиб, Скудра меҳмонхона бизнесидан кетган эди. 2010 йилда Абдуллаевнинг синфдоши, профессионал курашчи Элёр Юнусов “Royal Square Hotel” меҳмонхонасини Шотландияда рўйхатга олинган “Brook Organization” номли ширкат орқали сотиб олади. Кейинчалик Юнусов Скудранинг меҳмонхонани бошқариш билан шуғулланган “Garden Palace” фирмасини ҳам сотиб олади.

Скудра даллол ширкат вакилига ўзбекистонликлар билан боғланиб, “Garden Palace Hotel” меҳмонхонасини сотишни истайдиларми, йўқми билиб беришни ваъда беради. Абдуллаевнинг телефон рақами ўзгариб кетгани учун, Скудра унинг ҳамкори Раймихерга имейл орқали хат ёзади.

Орадан бир неча кун ўтиб Раймихердан жавоб келади: “Меҳмонхонани сотишибди, нима деганинг?” ("Re:Baltica" бу ҳикояни тасдиқлаш учун Раймихер билан боғлана олмади.)

Бу олди-бердиларга доир ҳужжатлардан жуда қизиқ манзара келиб чиқади.

Латвия прокуратурасига кўра:

•2012 йилнинг сентябрида, Ғуломий оффшор ширкатларни рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланадиган Латвиядаги таниши Улдис Фелдманисга мурожаат қилади. Ғуломий Фелдманисни “Brook Organization” ўзига қарашли эканига ишонтиради ва ширкатнинг Латвиядаги вакилини алмаштириш ниятида эканини айтади.

  • “Brook Organization” аслида Юнусовга тегишли бўлган ва у ширкатнинг вакили сифатида “Royal Square Hotel” меҳмонхонасини сотиб олган.
  • Фелдманис Ғуломийга ширкат вакилни алмаштириш учун қилинадиган ишлар, жумладан, Шотландиядаги агентга бу ҳақда юборилиши керак бўлган ҳужжатларни тайёрлаш кераклиги айтади.
  • Ғуломий Фелдманис орқали Шотландияга сканердан ўтказилган ҳужжатларни юборади. Бу ҳужжатларда “Brook Organization” тузилмасида ўзгаришлар рўй бергани кўрсатилади. Натижада Ғуломий “Brook Organization” фирмасининг Латвиядаги янги вакили, пировардида “Royal Square Hotel” меҳмонхонасининг эгасига айланади.
  • Ғуломий “Brook Organization”нинг янги вакили сифатида илк қарор ўлароқ, “Royal Square Hotel” бошқарув кенгаши вакилларини алмаштиради. Ундан кейин меҳмонхона Белизда рўйхатга олинган бошқа бир фирмага сотилади. Эгалари аноним бўлган бу фирманинг Латвиядаги вакили Ғуломий бўлади.
  • Натижада прокуратура терговчилари Ғуломий “йирик фирибгарлик” ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда гумон қилмоқда. Прокуртурага кўра, бу борадаги тергов давом этмоқда.
Мехмонхоналарнинг ўмарилишини тасвирловчи схема. Лоте Лармане (Re:Baltica)

Мехмонхоналарнинг ўмарилишини тасвирловчи схема. Лоте Лармане (Re:Baltica)

Бу йўл билан Ғуломий “Garden Palace Hotel” меҳмонхонасини ҳам ўз назоратига олади, чунки “Brook Organization” Скудранинг собиқ фирмаси бўлган “Garden Palace”ни назорат қилган. “Garden Palace Hotel” шартномага кўра, фирма бошқарувида бўлган. Яъни бино Абдуллаевга қарашли бўлишига қарамасдан, қонунга биноан меҳмохона бошқаруви ширкат ихтиёрида бўлган.

Чўзилиб кетган судлашувлар

Латвия, Ўзбекистон ва Шотландияда судлашувлар бошланади. Бу суд тортишувларидаги барча даъвогарлар, жавобгарлар ва ширкатларнинг барчаси икки қарама-қарши томон Ғуломий ва Абдуллаев лагерларига бўлинади.

Томонлар можаро тезроқ ҳал бўлиши учун дастлаб арбитраж судига мурожаат қилишди. Томонлардан бирортаси арбитраж суди қарорини тан олмаса ва уни бажаришдан бош тортса, бу ҳолда иш фуқаровий судга оширилади.

Абдуллаев томони арбитраж судига топширган аризасида “Garden Palace” фирмаси билан меҳмонхонани бошқарув шартномаси бекор қилинишини талаб этади. Бу талаб қондирилади.

Бу пайтда Латвияда бўлмаган Абдуллаев ўз одамларига ишонч қоғози қилиб беради. Лекин 2013 йил январида унинг одамлари меҳмонхона биносини қайтариб олишга келишган пайтда у ерда уларни Ғуломий Латвия жиноят оламининг таниқли авторитети Иван Харитонов билан бирга кутиб туради. Харитонов 1990 йилларда Латвияда “Харитонов бригадаси” номи билан танилган жиноий гуруҳ тўдабошиси бўлган. У 1998 йилда рекетда айбланиб, 8 йилга қамоққа ҳукм этилган.
Ғуломий Абдуллаев номидан берилган ишонч қоғози қалбаки эканини айтиб, меҳмонхона биносини бўшатишдан бош тортади.

Ғуломий "Re:Baltica" нашри билан суҳбатда Харитонов бу учрашувда бўлганини инкор қилди. Лекин собиқ рекетчини танишини тан олди. Унинг иддао қилишича, Харитонов меҳмонхона мижозларига ўзи ташкил қиладиган бокс жангларига арзонроқ чипталарни таклиф қилган.

Латвия полицияси ишонч қоғози қалбакилаштирилгани борасидаги иддаоларни тергов қилади. Экспертлар хулосаси ва Латвия ҳуқуқ-тартибот идораларининг расмий сўровига Ўзбекистондан келган жавобга кўра, ишонч қоғози ҳақиқий экани ва Абдуллаев томонидан берилгани тасдиқланади. Орадан бир ярим йил ўтиб ишонч қоғозига доир тергов ёпилади.

Рига Марказий тумани суди судьяси Имантс Дзенис арбитраж суди шартномани бекор қилиш тўғрисида қарор қилиб ваколати доирасида чиққан, деган важ билан бу қарорни бекор қилади. Абдуллаев бу қарор устидан юқори инстанция судига аппеляция аризаси билан мурожаат қилади. Аппеляция судьяси Ивета Берзина қуйи инстанция суди қарорини ўз кучида қолдиради.

Бу қарордан бир ярим йил ўтиб, Латвия коррупцияга қарши кураш агентлиги (KNAB) судья Берзинани коррупцияда гумонлаб ҳибсга олади. 2016 йилнинг январида KNAB бу ишни прокуратурага топширди. Ҳозирда судья Берзина 45000 евродан ошиқ пора олганлик, Ғуломийга эса пора берганликда айбланмоқда.

"Re:Baltica" нашрининг Латвия ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси Ғуломий билан Берзина ўртасидаги пора олди-бердисидан аввалроқ меҳмонхоналарда бир неча марта учрашганини билдирди. Поранинг бир қисми “Spice” савдо марказининг аёллар ҳожатхонасида, иккинчи қисми эса савдо маркази паркингида берилади. Ҳуқуқ-тартибот идорасидаги манбага кўра, Берзина ўз машинасидан бир тутам гул ва ичига 7000 евро яширилган CD дисклари қутилари билан тушиб келади.

Тахмин қилинишича, Ғуломийни судья Берзина билан собиқ прокурор Ирина Богданова таништириб қўйган. (Богданова ҳозирда таъмагирлик айби билан қамоқ жазосини ўтаётгани боис ундан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.)

Ғуломий ҳеч қачон ҳеч кимга пора бермагани айтади. Лекин судья Берзинани у Богданова билан бирга ўзига қарашли ресторанлардан бирида тушлик қилиб ўтиришган пайтда учратганини тан олади. У машинадаги воқеани эслай олмаслиги, чунки Богдановани кўп марта машинасида олиб бориб қўйганини таъкидлайди. Богданованинг ўртоғи исмини эслай олмаслигини ҳам айтади у. Ғуломийнинг сўзларига кўра, Богданова билан уни собиқ рекетчи Харитонов таништириб қўйган ва уни “яхши адвокат”, дея тавсия қилган.

“У берган... унинг бошқа иложи ҳам бўлмаган, чунки у ўз бизнеси учун ўзи энг тўғри деб билган усул билан курашган”, дейди Ғуломийнинг авдокати Эгон Русановс. “Тўғри қонун нуқтаи назаридан буни оқлаб бўлмайди, лекин уни бизнесмен сифатида тушуниш мумкин”, дейди у.

Латвиялик тадбиркор Улдис Скудра ўзига нисбатан суиқасд уриниши Акбар Абдуллаев билан бизнес ҳамкорлигига боғлиқ, деб ҳисоблайди

Латвиялик тадбиркор Улдис Скудра ўзига нисбатан суиқасд уриниши Акбар Абдуллаев билан бизнес ҳамкорлигига боғлиқ, деб ҳисоблайди

2016 йилнинг апрелига қадар фақатгина Шотландияга оид иш ёпилади холос. Абдуллаев томони Ғуломийнинг “Brook Organization” ширкати номидан ҳаракат қилиш ҳуқуқи бекор қилиниши талаби билан Шотландия судига мурожаат қилган. Лекин у Шотландияда суд харажатлари жуда катта бўлишини кутмаган. Скудранинг айтишича, бу харажатлар ярим миллион еврога етган. Абдуллаев томони бу харажатларни тўлай олмагани боис Шотландиядаги адвокатлар ишни тўхтатади.

"Re:Baltica" тасарруфидаги ҳужжатларга кўра, “Brook Organization” фирмасининг эгаси бўлган Юнусов Европа Иттифоқига кириш визасини ололмагани боис судда қатнаша олмайди. Абдуллаев томони манфаатларини тамсил этувчи вакил бўлмагани боис суд Ғуломийга қарши шикоятларни қондирмайди. Ғуломий бу ғалабаси унинг “Brook Organization” ширкатига эгалик ҳуқуқларини тасдиқлашини эълон қилади.

Латвияда тергов давом этмоқда. Абдуллаев томони камида 10 миллион еврога тенг мулкнинг ноқонуний тарзда тортиб олиниши юзасидан жиноят иши очишни сўраб, бир нечта ариза топширади. Полиция 2013 йилнинг май ойида орадан олти ой ўтиб, тергов бошлайди. Терговдаги асосий фигурантларни бу ҳақда хабардор қилиш учун яна уч ой кетади.

Қиёслаш учун, Ғуломий томони ишонч қоғозининг қалбаки экани тўғрисида шикоят қилганда, полиция икки ҳафта ичида тергов бошлаган.

Абдуллаев томони 2013 йилда ўз сармоялари ҳимояланишини сўраб, Латвия ҳукуматига мурожаат қилади. Бу аризада “Royal Square Hotel & Suites” яна бошқа қўлларга сотиб юборилмаслиги учун, меҳмонхона активларини музлатиб қўйиш ҳам сўралади. Терговчи Оксана Зуева Скудранинг прокуратурага шикоятидан кейингина “Royal Square Hotel & Suites” активларини музлатиш қарорини қабул қилади.

Шу билан биргаликда Зуева Ғуломийнинг ишонч қоғози қалбакилаштирилгани тўғрисидаги иддаоларига асосан “Garden Palace Hotel” активларини ҳам ҳибсга олади. Кейинчалик суд бу қарорни бекор қилади. Полиция "Re:Baltica" нашрига берган изоҳида терговчи “муайан вазиятдан келиб чиққан ҳолда ўз ишончидан келиб чиқиб ҳаракат қилган”, дейилади.

Меҳмонхонага эгалик қилиш даъволарига оид тергов ҳозирда Латвия Бош прокуратурасига оширилган. Бу ишда биргина Ғуломий гумонланувчи сифатида ўтмоқда. У катта фирибгарлик, “Royal Square Hotel & Suites” меҳмонхонасига эга чиқиш мақсадида қалбаки ҳужжатларни ишлатганликда гумонланмоқда. Ғуломий ўзига қўйилаётган айбловларни рад қилмоқда.

Ушбу материал “Re:Baltica” журналистик тергов маркази ва Озодлик журналистлари ҳамкорлигида тайёрланди.

Муҳаррирлар Санита Йемберга (Re:Baltica) ва Жоди МакФилипс (OCCRP)

XS
SM
MD
LG