Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:17

Қаршида маҳбусни қийнагани учун қамалган 4 милиционер озодликка чиқарилди


Шу йилнинг 27 апрель куни жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судининг апелляция судлов ҳайъати тергов даврида гумонланувчининг кетига тўқмоқ тиқиб, қийнашда айбланган 13 нафар милиция ходими ҳамда 2 нафар фуқаронинг қилмишига оид жиноят ишини қайта кўриб чиқди.

Пора олиш, қийноқ ва асоссиз равишда ҳибсда ушлаб туриш каби 11 жиноятда айбдор деб топилиб, узоқ йиллик қамоқ муддатларига ҳукм қилинган милиция ходимларига берилган жазо муддатлари қисқартирилиб, уларнинг 4 нафари озодликка чиқарилди.

Озодлик радиоси мобил мухбирларининг хабарига кўра, суднинг юқори босқичида жиноий гуруҳ бошлиғи деб кўрилган Қарши шаҳар ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими бошлиғи Акмал Қултоевга нисбатан белгиланган 11 йилллик жазо муддати ўзгаришсиз қолдирилган. Тезкор вакиллар Жасур Алимардонов ҳамда Жаҳонгир Назаровларга берилган жазо икки йилга камайтирилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Репсубликаси ЖКнинг 57-моддаси асосида жиноят ишининг 4 нафар милиция ходимига тегишли қисми қайта кўрилиб, улар амнистия акти билан озодликка чиқарилган. Озодликка чиқарилганлар орасида яна бир нафар фуқаро ҳам бор.

Маҳкама ишини яқиндан кузатган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “”Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Қашқадарё суди "жуда катта ижтимоий аҳамиятга молик" жиноят ишини кўришда кўплаб процессуал хатоликларга йўл қўйган:

“Жиноят иши материалларида чалкашликлар, гувоҳларнинг ўзаро зид кўрсатмалари ҳамда процессуал хатоликлар кўп. Қийноқ масаласи кучли ижтимоий иллат экани, унинг бир учи сиёсатга ҳам бориб тақалгани боис иш жуда пишиқ-пухта кўрилиши, адолат қарор топиши муҳим эди. Ҳақиқатан ҳам жиноят ишида жабрланувчиларга қийноқ туфайли оғир тан жароҳати етказганлар бор. Аммо суд тергов органининг хулосаларини қонулаштирган холос”, дейди ҳуқуқ фаоли.

“Озодлик”нинг 2015 йилнинг 30 декабрдаги хабарларида маҳкамада иштирок этаётган адвокатлардан бири милиция ходимларининг жавобгарликка тортилиши ҳамда маҳкамага асос бўлган воқеалар хроникасини қуйидагича сўзлаб берганди:

“2015 йилнинг йилнинг сентябрь ойи бошларида Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида яшовчи фуқаро Россияда ишлаётган ўғлидан Қаршидаги банк пул ўтказмаси орқали 400 АҚШ доллари миқдорида пул олган. Банк муассасаси олдида фуқаронинг пул олганини кўрган, муқаддам 4 марта ўғирлик ва талончилик жинояти билан судланган “Ғилай” лақабли шахс уни “Умида” чойхонасида қўрқитиб, пулини тортиб олган. Фуқаронинг Қарши шаҳар ИИБга мурожаатидан сўнг жиноят қидирув бўлимининг ходимлари жиноятчини тутиб, бўлимда юзлаштириш ўтказишган. Гумондор айбини тан олганига қарамай, милиция ходимлари уни аввал уришган, сўнг орқа чиқарув тешигига дубинка тиқишган”, деганди адвокат.

Апелляция судидан сўнг адвокат: “...судда кўпчилик ходимларнинг бу жараёндаги иштироки исботланмади, аммо шунга қарамй ҳўлу қуруқ баравар ёнди. Суд ходимларнинг 4 нафаринигина озод қилди”, дейди адвокат.

Ўзбекистон халқаро ҳамжамият томонидан мунтазам қийноқлар қўлланилувчи давлатлар сирасига киритилиб келинади. 2007 йилда БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Ўзбекистонда маҳбусларга нисбатан қийноқ ва ноинсоний муносабат “кенг тарқалган”, дея хулоса қилган эди.

XS
SM
MD
LG