Линклар

Россия расмийлари “РБК” медиа холдингига қарши жиноий иш қўзғади. Холдинг кейинги йилларда Россиянинг бизнес ҳамда сиёсий элиталари, жумладан, Владимир Путиннинг яқин дўстлари ва қариндош-уруғи ҳақида таҳлилий мақолалар эълон қилиб ном чиқарди.

“РБК” медиа гуруҳига миллиардер тадбиркор Михаил Прохоров етакчилик қилади. Москва шаҳар полициясининг Прохоров ширкатини текшира бошлагани ҳайратланарли эмас, чунки кўпчилик “РБК” нашрининг эркин фикрлаши Кремлга маъқул келмаган, деб ҳисоблайди.

29 апрель куни бошланган тергов ҳақида илк бор “Рамблер хабар хизмати” 11 май куни маълум қилди.

“Рамблер хабар хизмати” полиция буйруғи нусхасидан иқтибос келтириб, расмийлар “Байт-Телеком” ширкатининг 25 фоиз акциялари икки собиқ ҳиссадордан ўғирланганини тергов қилаётгани ҳақида хабар қилди. “Байт-Телеком” ширкатига аввалроқ “РБК” эгалик қилган.

“РБК”нинг матбуот котиби Егор Тимофеев 11 май куни холдинг ўзининг “Байт-Телеком”даги 75 фоиз ҳиссасини 2014 йил қонуний равишда сотганини, холдинг бу келишув қонунга мувофиқ амалга оширилганини тасдиқловчи ҳужжатларга эга эканлигини айтди.

Прохоров “РБК”ни 2010 йилда сотиб олган ва холдингга тажрибали ҳамда одамлар ҳурматига сазовор бўлган журналистларни жалб қилган.

Холдинг кейинги йилларда Россияда бизнес ва сиёсатнинг чалкашиб кетгани ҳақидаги таҳлилий мақолалари билан шуҳрат қозонди.

2015 йилнинг январида “РБК” Путиннинг қизи эканлиги айтиладиган Катерина Тихонова ҳақида мақола ёзган илк нашр бўлди. Тихонова ҳозирга кунда Москва давлат университетида ривожланиш бўйича лойиҳага етакчилик қилади.

“РБК” мақоласида Тихонова Путиннинг қизи эканлиги айтилмади. Бу иддаони кейинроқ журналист Олег Кашин ҳамда мухолифатчи Алексей Навальнийлар илгари суришди.

Россия давлат матбуоти етакчиси ҳамда телебошловчи Дмитрий Кисилёв ўтган ойда “РБК” газетаси нусхасини қўлида тутиб, холдингни Панама ҳужжатлари мавзусини кенг ёритишда АҚШга ёрдам берганликда айблади.

Панамадаги Mossack Fonseca & Co. адвокатлик ширкатининг сиздирилган махфий ҳужжатлари жаҳон давлатлари раҳбарлари ва бойларнинг катта қийматга эга маблағларни қандай қилиб солиқ ва жамоатчиликдан беркитганини фош қилган эди. Ҳужжатларда исми тилга олинганлар ичида Путиннинг яқинлари ҳам бор.

XS
SM
MD
LG