Линклар

Қашқадарёнинг Яккабоғ ва Чироқчи туманларида Россияда ишлаб қайтган диндорлар ИИБ ва МХХ бўлимларига олиб борилиб, сўроқ қилинаётгани, айримлари 15 суткага ҳибс олинаётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Озодлик манбалари хориждан бораётган диндорлар қайдга олинаётгани ва айрим аҳоли пунктларида рейдлар ўтказилаётганини тасдиқладилар.

Озодликка Россиядан ёзаётган яккабоғликларга кўра, бу мамлакатда иқтисодий вазият оғирлашгани боис, меҳнат муҳожирилигини ташлаб Қашқадарёга қайтган ҳамюртлари маҳаллий куч ишлатар тузилмалари ва ҳокимиятлар чиғириғидан ўтказилмоқда.

Исмини ошкор қилмаётган яккабоғликлардан бири ўзининг яқин қариндошларидан бири шу кунда ҳибсда сақланаётгани ҳақида хабар йўллади:

"Ушлаб кетилганлар орасида ўзимнинг қариндошим ҳам бор. Уларни диний эътиқоди учун ушлашган, ҳар хил оқимларга аъзо, деб. Лекин, менинг қариндошим унақа йигит эмас. Бу оддий мусулмонларга нисбатан адолатсизлик, деб ҳисоблайман. Уларнинг аҳволи қандайлигидан оиласи бехабар, хабар беришмаяпти", деб ёзди яккабоғлик йигит.

Бу Қашқадарёда диндорларнинг ҳибсга олинаётгани, улар маҳаллий куч ишлатар тузилмалари махсус гуруҳлари томонидан суҳбатдан ўтказилаётганига оид хабарлардан биридир.

Маҳаллий расмийлардан олинган маълумотларга кўра, шу йилнинг январидан буён хориждан қайтган диндорлар билан ишлаш учун маҳалла посбонлари, фаоллари, ҳокимият вакиллари ва куч ишлатар тузилмалари вакилларидан иборат гуруҳлар сафарбар қилинган.

Жумладан, Яккабоғ туманидаги "Хиёбон" қишлоқ фуқаролар йиғинининг исмини ошкор қилмаётганимиз вакили январь ойидан буён бўлаётган текширувлар давомида бир неча диндор ушлангани, булардан бир нафарини ҳибсда сақлашга қарор қилинганини айтди:

"Қайтганларнинг ўзи билан гаплашаяпмиз, атрофлича ўрганиб чиқаяпмиз. Маҳалла оқсоқоллари билан ишлаяпмиз. Кейин жамоатчилик бор. 18 январда ушланган биттасининг устидан иш қўзғатилган ҳозиргача. Бошқалари билан тушунтириш ишлари олиб борилган", деди "Хиёбон" қишлоқ фуқаролар йиғинининг исмини ошкор қилмаётганимиз вакили.

Яккабоғ тумани куч ишлатар тузилмаларидаги Озодлик манбаси ҳам январь ойидан буён алоҳида маҳалла ва аҳоли пунктларида аниқланган манзиллар бўйича рейдлар ўтказилаётганини тасдиқлади.

Мухбир билан микрофонсиз суҳбатда манба, жумладан, апрель ойи бошида туманнинг "Қўштегирмон" қишлоқ фуқаролар йиғинида яна бир ёш диндор ҳибсга олинганини айтди:

"Шукуров Акбаршоҳ деган, 1994 йилда туғилган йигит ҳибсга олинган. У аввал Россияда бўлиб қайтган. Кейин ўтган йили март ойининг 28 числосида яна Россияга борган, лекин ичкарига қўйилмасдан 29 март куни қайтарилган. Шу йигит ушланди", деди манба.

Яккабоғ ва Чироқчи тумани ИИБ, шунингдек, Қашқадарё вилояти ИИБдан бу ҳақда бирор расмий маълумот олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Кейинги пайтларда Ўзбекистон бўйлаб ИИВ ва МХХ томонидан Россиядан қайтган шахслар ва уларнинг яқинлари устидан текширув, тушунтириш ишлари олиб борилаётган кузатилмоқда. Суҳбатларда уларнинг диний қарашлари, хусусан, Ўзбекистон ҳудудида тақиқланган диний экстремистик оқимларга муносабати ўрганилаётгани айтилмоқда.

Ўтган йилнинг октябрь-ноябрь ойлари ва жорий йилнинг январь ойларида Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона вилоятида хориждан қайтган юзлаб муҳожир ҳибсга олингани ҳақида маълумотлар бор.

Бундан ташқари, ўтган йилнинг ёзидан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб ИШИДга қарши тарғибот тадбирлари бошланган. МХХ йиғинларидан ташқари маҳалла фаоллари уйма-уй юриб, ИШИД зўравонликлари, ваҳший қотилликлари ва унга қўшилиш оқибатлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб бормоқда.

Айни пайтда Сурияга кетгани аниқланган ёки ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан даъво қилинган шахсларнинг яқинларини ҳибсга олиш ҳоллари Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона вилоятида кузатилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG