Линклар

Андижон институтида калтакланган талаба шифохонада ўлди


Жаноза намозининг иллюстратив сурати.

Жаноза намозининг иллюстратив сурати.

Озодлик манбаларининг билдиришича¸ 21 яшар Ботир Исмоилов 4 июль куни Андижон қишлоқ хўжалик институти ҳовлисида юзага чиққан муштлашув қурбони бўлган. Айтилишича¸ иккинчи гуруҳ ногирони бўлган 1-курс талабаси Ботир Исмоиловни калтаклаган катта курс талабаларига нисбатан ҳозирча ҳеч қандай чора кўрилмаган. Институт маъмурияти на бундай муштлашув ва на ўз талабасининг ўлганидан хабари борлигини билдирди.

21 яшар Ботир Исмоиловни яқиндан билган дўстларининг айтишича¸ 2-гуруҳ ногирони бўлган Ботиржон имтиҳонларини тўлиқ топшира олмагани боис¸ таътил пайтида ҳам Андижон қишлоқ хўжалик институтига қатнаб юрган.

"Имтиҳонларини топшириб¸ ведомостини ëполмаган болалар ҳалиям қатнаб юрипти. Институт уларни ҳар хил субботникка ўхшаган ишларга чақириб туради. Ботир ҳам¸ уни урганлар ҳам шунинг учун ëзги таътилда ҳам институтда бўлган"¸ дейди Озодлик гаплашган талабалардан бири.

Воқеа тафсилотларидан яхши хабардор манбага кўра¸ 4 июль куни тушга яқин Ботиржонни институт ҳовлисида бир гуруҳ катта курс талабалари калака қилган ва Ботиржон уларнинг ҳақоратли гап-сўзларига чидолмай¸ жавоб қайтарган. Шундан сўнг орада жанжал чиққан ва институтнинг 2-3-курсида ўқийдиган камида тўрт йигит Ботиржонни калтаклашга ўтган.

“Ногирон бола калтак оқибатида қаттиқ зарба еган ва ўртоқларини тез ëрдам чақиришга мажбур бўлган. Вилоят касалхонанинг жонлантириш бўлимига ëтқизилган Ботиржон 9 июль куни жон берган. Лекин ўлишидан олдин нима бўлганини айтиб берган”¸ дейди Озодликка воқеа тафсилотларини етказган манба ўз шахси сир қолиш шарти билан.

“Оиласида ягона ўғил фарзанд бўлган Ботиржоннинг ота-онаси аввалига фарзанди ëнидан кетолмади¸ ҳозир эса жаноза маросимлари билан банд. Шунинг учун ҳозиргача Ботиржонни калтаклаган болалар устидан расман шикоят қилишмаган¸ жиноий иш ҳам очилмаган. Лекин оиласи бу воқеани шундай ташлаб қўймоқчи эмас. Кўзининг оқу-қораси шу бола эди. Унинг диабети борлиги¸ соғлиғи яхши эмаслигини ҳамма биларди. Қандай қилиб шундай нимжон болани бунчалик қаттиқ уришган¸ биз ҳам ҳайронмиз”¸ дейди Ботиржоннинг курсдошларидан бири.

Андижон қишлоқ хўжалик институти ректорати расмийлари на институт ҳудудида шундай жанжал бўлгани ва на унинг оқибатида ўз талабаси ўлганидан хабари борлигини билдирди.

Ботиржон ўқиган қишлоқ хўжалигида менежмент факультети расмийлари Ботир Исмоиловнинг вафот этганидан хабардорлиги¸ факультет декани унинг жанозасига борганини билдирди. Айни пайтда¸ Ботиржоннинг институт ҳовлисида содир бўлган муштлашув қурбони бўлганини инкор этди.

“Ботиржон ўзи ногирон¸ касалванд йигит эди. 4 июль куни оғриб қолиб¸ касалхонага ëтган¸ 9-куни оламдан ўтибди. Ҳеч қанақа жанжал-муштлашувдан хабаримиз йўқ”¸ деди Озодлик гаплашган факультет масъулларидан бири.

Озодлик манбаларига кўра¸ Ботир Исмоиловнинг калтакланишига бевосита гувоҳ бўлган йигитлар ҳозирда қўрқиб қолган ва бу муштлашув тафсилотларини гапиришдан чўчимоқда.

“Ким калтаклаганини уйидагилар аниқлаб бўлди. Энди уларни прокуратурага берса керак. Ботиржон Андижон шаҳрининг Бўстон даҳасида яшарди¸ қўни-қўшни унинг қандай ўлганини билиб бўлди”¸ дейди Озодлик манбалари.

Андижон қишлоқ хўжалик институтида катта курс талабаларининг паст курсдагиларга нисбатан зўравонлиги оқибатида ўтмишда ҳам ўлим билан тугаган жанжаллар қайд этилган.

Хусусан¸ 2014 йилнинг 17 март куни агрономия факультетининг 1-курси талабаси Умиджон Останаев зинадан тушаëтиб туртиниб кетгани учун 3-курс талабаси томонидан қаттиқ калтакланган ва зарба оқибатида касалхонага етмай жон берган эди.

2014 йилги ўлим муносабати билан қишлоқ хўжалик институти маъмурияти талабалар ўртасида “дедовшина” оқибатлари ҳақида давомли мажлислар ўтказган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG