Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:16

Мирзиёев текширувчилари Элликқалъа туманини элакдан ўтказди


Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари, солиқ, молия ва бошқа вазирликлар ходимларидан ташкил этилган 200 кишилик махсус гуруҳ Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа ва Тўрткўл туманларида уйма-уй юриб текширув ўтказмоқда. Элликқалъа тумани ҳокимлиги мулозимининг Озодликка айтишича, текширувчилар беш кун ичида тумандаги 30 минг хонадонда текширувлар ўтказган. Озодлик билан суҳбатлашган элликқлъаликлар текширувчилар айрим хонадонларни тинтув ҳам қилганини айтишди.

Исмини ошкор этилмаслигини сўраган элликқалъалик тадбиркор текширувчиларни¸ асосан¸ меҳнат муҳожиратига кетиб¸ йиллардан бери уйига қайтмаганларга оид маълумот қизиқтирганини айтди:

- Паспорт текширувини ўтказaяпмиз, дейишди. “Оиладан ким чет элга кетган¸ қаерга кетган¸ чет элда нима иш қилади”¸ деб сўрашди. “Маҳаллада Сурия ёки Туркияга кетганлар борми”, деб ҳам сўрашди. Қўшнимизни уйини тинтув ҳам қилишибди, дейди Элликқалъа туманининг Бўстон қишлоғида яшовчи тадбиркор.

Озодликка маълум бўлишича¸ президент Ислом Каримов вафотидан кўп ўтмай¸ Ички ишлар вазирлиги¸ Миллий хавфсизлик хизмати ва прокуратура ходимларидан тузилган махсус гуруҳлар бутун мамлакат бўйлаб паспорт текширувини олиб бормоқда.

Бу текширувчилар уч фарзанди Россияга кетган элликқалъалик Гулжон опани уйига ҳам боришган:

- Бу текширувчиларни одамлар қандай аҳволда яшаётгани қизиқтирмайди. Газ йўқ, свет йўқ, бензин йўқ. Булар Мирзиёевни текширувчилари бўлса, шу масалаларни ўрганмайдими? Уйма-уй текширaяпти, лекин қўлда бензин сотиб ўтирганларнинг уйини текширмади. Уларни чет элга кетганлар қизиқтираяпти. Гўёки кетганларнинг ҳаммаси террорист. Қанақа яшаяпсан, бу билан иши йўқ уларни. Менинг уч ўғлим Россияга кетган, бу ерда иш йўқлигидан кетган. Иш ўрни бўлса кетмасди. Булар нимага иш йўқ, нимага одамларни аҳволи хароб, шуларни текширса бўладику, - дейди Элликқалъа туманида яшовчи Гулжон опа.

Айни пайтда¸ маҳаллий расмийларнинг Озодликка айтишича¸ текширувлар давомида нималар аниқлангани¸ қандай ҳисоботлар ҳозирлангани ҳақида уларга бирор маълумот берилмаган:

- Туманда 30 мингта хўжалик бўлса, беш кун ичида текширишди, 100 фоиз текширишди. Бугун Тўрткўлга кетишди. Текширув натижаларини бизга айтишмади, биз ҳам сўрамадик, - деди ҳокимлик мулозими.

Озодликка маълум бўлишича¸ Элликқалъадага ташланган икки юзга яқин текширувчи Бўстон қишлоғидаги Иқтисодиёт коллежи ётоқхонасига жойлаштирилган.

Элликқалъа туманидаги Иқтисодиёт коллежида текширувчиларни кутиб олишга бош-қош бўлган яна бир мулозимнинг Озодликка айтишича, меҳмонларнинг озиқ-овқати, уларни олиб юрадиган автомобилларга бензин пули ва бошқа харажатлар маҳаллий тадбиркорларга солинган норасмий солиқ ҳисобидан қопланган:

- Бошида 150 киши бор эди, кейин 190 га етди. Самарқанд, Тошкентдан бор, ўзимизнинг Қорақалпоғистондан ҳам бор йигитлар. Буларнинг штаби бизнинг коллежда жойлашди. Ҳар куни эрталаб развод қилиб, машиналарга миниб кетишади. Келиб, овқатланиб тушдан кейин яна чиқиб кетишади. Овқатига, яшаш туришига қараб туришни ҳоким бизга тайинлади. Камини қолдирмадик. Уч ойдан буён юрибмиз, бунақа шароитни кўрмадик, деб раҳмат айтиб кетишди, - дейди элликқалъалик мулозим.

Ўзбекистон кучишлатар тизимлари ва вазирликлар ходимларидан ташкил топган махсус гуруҳларнинг вилоятларда комплекс текширув олиб бориш учун юборилгани айтилади.

Аниқланишича¸ бундай гуруҳга Вазирлар Маҳкамасидан ва ёки бирор вазирликдан катта лавозимдаги шахс раҳбарлик қилади.

Гуруҳ ҳуқуқ-тартибот идоралари ва халқ хўжалигининг барча соҳаларини текшириб чиқади ва унинг натижаларини Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевга тақдим этади.

XS
SM
MD
LG