Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:57

Ўзбекистонда пенсияларни яна пластикка ўтказиш тарғиб қилиняпти


Қашқадарë вилояти Қарши шаҳрида Ипотека банк биноси олдида одамлар пластик картадаги пулни нақдга айлантириш учун навбат кутмоқда, 18 март, 2014 йил.
Қашқадарë вилояти Қарши шаҳрида Ипотека банк биноси олдида одамлар пластик картадаги пулни нақдга айлантириш учун навбат кутмоқда, 18 март, 2014 йил.

Ўзбекистоннинг бир қанча туманларидан Озодликка боғланган пенсионерлар маҳаллий расмийлар пенсияларнинг ярмини ёки бутунлай яна пластик картага ўтказишга жон-жаҳди билан тарғиб қилаётганини айтмоқдалар. Расмийлар пенсия пластик картага ўз вақтида тушиши, нақд пулда тўлаш эса ойнинг охирига қадар чўзилиши мумкинлигидан қарияларни огоҳлантиряптилар.

“Пенсияни пластикка қайтаришнинг янгича усули”

Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида яшайдиган пенсионер Шерали отанинг Озодликка айтишича, расмийлар пенсияни яна пластикка “ихтиёрий” ўтказишнинг янги усулини ўйлаб топганлар:

“Кеча, 4 апрель куни пенсияни почтачи олиб келиб бериши керак эди. Лекин бугун почтачи қуруқ келиб, “энди пенсияни почта тарқатмайди, биздан олиб қўйишди”, деб айтди. Бориб суриштирсак, хоҳлаганлар пластикка ўтказинглар, тезроқ оласизлар, нақд пул ҳозир йўқ, 18 апрелдан кейин маълум бўлади. Пластикка ўтказсаларинг тезроқ оласизлар, деди”, дейди Шерали ота.

Бектемир тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими, пенсияларни пластикка ўтказиш ихтиёрий тарзда бўлаётганини айтди:

“Нақд пул муаммо бўлиб турибди. Шунинг учун ҳозир пенсияларни ойнинг бошида бирданига нақд бериш имкони йўқ. Биз тушунтириб айтяпмиз, кутиб турсаларинг ойнинг охиригача нақд қилиб берамиз, лекин ким хоҳласа пластикка ўтказсин, тезроқ тушириб берилади”, деяпмиз. Мажбурлаш йўқ”, деди ҳокимлик мулозими.

“Оқсоқоллар уйма-уй юрибди”

Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида яшайдиган Сафар ота ҳам маҳаллий расмийлар пенсияларнинг 50 фоизини пластикка ўтказишни зўр бериб тарғиб қилаётганини айтади:

- Қўнғирот тумани ҳокими Мирзиёевнинг фармонига бўйсунмаяпти. Мана, президентимиз фармони билан икки ой пенсияларни нақд пулда мазза қилиб олдик. Энди эса, ҳоким яна ҳаммани пластикка ўтказяпти. Овул оқсоқоли уйма-уй юриб, 50 фоиз пластикка ўтасан деб, оёқ тираб турибди. Шу пайтгача ярим пенсионерлар ана шундай босим остида пластикка ўтишга мажбур бўлди. Оқсоқолнинг айтишича, уларга туман ҳокими буйруқ берган, "биз барибир нақд пул топиб беролмаймиз, пластикка ўтсин", деган экан. Шунақа, қоғозда эмас, оғзаки мажбурий бўляпти, деди Сафар ота.

Ўзини Қўнғирот тумани ҳокими ёрдамчиси Тўрғанбой деб таништирган мулозим, пенсияларни пластикка ўтказишга тарғибот бўлаётгани фактини инкор этди:

“Биз ҳамма пенсионерларга пенсияни нақд пулда бериб турибмиз. Ҳар ойнинг 27 сида ёпяпмиз. Мажбурлаш ҳақида гап бўлгани йўқ”, деди ҳоким ёрдамчиси.

“Ҳар биринг пенсиясини пластикка ўтказишга рози бўлган битта пенсионер топиб келасан”

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани марказий касалхонасининг исми сир қолишини сўраган ҳамшираларидан бирининг Озодликнинг электрон почтасига ёзишича, бўлим мудири уларга биттадан “ихтиёрий” пенсионер топиб келиш ҳақида буйруқ берган:

“Салом Озодлик. Шаҳрисабзнинг Чоршанбе қўрғонида жойлашган шифохонасида ишчи-ходимларга бир қатор талаблар қўйиляптики, бундан ажабланасан. Ҳаммасига чидаб келаётган эдик. Лекин куни-кеча қўйилган талабга чидай олмай, сизларга ёздик. Талаб қуйидагича:

- ҳар бир ишчи ёки ходим “ихтиёрий” тарзда ўз пенсиясининг 50 фоизини пластикка ўтказувчи битта пенсионер топиш,

- агар шундай пенисонер топмаса ўзининг ишда қолиш-қолмаслигини ўйлаб кўрсин, деган талаб қўйиляпти.

Бунинг натижасида оиламда жанжал ҳам бўлиб ўтди. Биз буни хоҳламаймиз. Наҳотки президентимиз қарорлари “хўжа кўрсин”га бўлса”, деб ёзади ҳамширалардан бири.

Шаҳрисабз тумани тиббиёт бирлашмасининг ўзини таништирмаган мулозими касалхона ишчи-ходимларига бундай талаб қўйилаётганини инкор қилди:

“Бўлмаган гап, бекор айтибди улар. Бирлашмадан ҳеч қачон бундай буйруқ бўлмаган”, деди мулозим.

“Биз томонда бундай гап йўқ!”

Ўзбекистоннинг ҳамма туманида ҳам пенсияларни пластик картага ўтказишга тарғиб қилиш ёки мажбурлаш ҳолатлари кузатилмайди.

Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида яшайдиган пенсионер Турсунбой отанинг айтишича, улар икки ойдан буён пенсияларни нақд пулда олаётир:

- Худога шукр, янги президентимиз фармонлари билан пенсияларни нақд пулда ола бошладик. Бу учун президентимизга катта раҳмат, деди Турсунбой ота.

Президент Мирзиёев 2 февраль куни имзолаган “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорга кўра¸ Ўзбекистонда февраль ойидан бошлаб пенсиялар тўлиқ ҳажмда нақд пул шаклида берилиши шарт.

Молия вазирлиги, Пенсия жамғармаси ва почта хизмати ташкилотларига пенсияларнинг узлуксиз, тегишли ойнинг 27 санасидан кечиктирмайтўланишини таъминлашга доир қатъий топшириқ берилган.

XS
SM
MD
LG