Линклар

"Гўшт базми" қилиб ҳиндлар ғазабига учраган ўзбек Тошкентга қочиб борди


Ўзбекистонлик талабанинг ҳазили Агра аҳолиси ғазабини қўзғатди

Ўзбекистонлик талабанинг ҳазили Агра аҳолиси ғазабини қўзғатди

Ҳиндистон шимолидаги Уттар Прадеш штатининг Ҳинд Марказий Институтида (Kendriya Hindi Sansthan) ўқиган ўзбекистонлик талаба маҳаллий аҳоли интиқомидан қўрқиб, Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлди. У икки курсдоши билан бирга тушган ва, гўёки, мол гўштини майдалаб базм қилгани акс этган сурат маҳаллий аҳоли ғазабини қўзғатди.

Уттар Прадеш штатининг Агра шаҳридаги инсттутида таҳсил олган ўзбекистонлик талаба С. Б (Озодлик талаба исми-фамилиясини ошкор қилмаётир - таҳр.) ва унинг икки курсдоши институт ётоқхонасида, гўёки, мол гўштини майдалаётган ҳолда суратга тушган эди. Бу сурат 18 март куни ижтимоий тармоққа юклангач, бир кунда WhatApp тармоғида минглаб фойдаланувчилар орасида қўлма-қўл бўлди.

Кейинчалик тармоқлардаги шов-шув баъзи телеканалларга ҳам кўчди.

Фотосуратнинг тарқалиши ортидан Агра шаҳар маъмуриятининг раҳбарияти ётоқхонага бориб, ҳодисани текширган.

Ётоқхонада текширув ўтказилгач, Ҳинд Марказий Институти бошқарувчиси мол гўшти сўйилмагани, хорижлик талабалар товуқ гўшти атрофида суратга тушиб, сурат остига beef party (“мол гўшти базми”) деб ёзиб, “ҳазил сифатида” ижтимоий тармоқларда тарқатиб юборганини билдирган.

У институт ётоқхонасида ҳеч қандай базм ўтказилмаганини айтган.

Бироқ, 19 март куни Ҳинд Марказий Институти ётоқхонаси атрофига тўпланган маҳаллий ҳинду фаоллари хорижий талабаларни жазолашни талаб қилганлар.

Агра полицияси маҳаллий аҳоли ҳужумларидан ҳимоя қилиш мақсадида институт кампусини ўраб олган.

Орадан уч ой ўтиб, Ўзбекистонга қайтган талаба С.Бнинг яқинлари Озодликка ҳодиса тафсилотини сўзлаб берди.

Қимматга тушган селфи

Уларга кўра, фотосурат ижтимоий тармоқларда тарқалиши биланоқ институт маъмурияти 22 яшар С.Б ва унинг икки шеригини дарҳол қўшни штатга 10 кунга жўнатиб юборган.

Селфи қимматга тушган. Сурат тарқалгандан кейин, С.Б ва унинг икки курсдошини институт катталари қўшни штатга жўнатиб юборишган. Студентлар, воқеалар бости-бости қилинган бўлса ҳам, ўқиш тугагунга қадар кўпам кўчага чиқмай, жим юришган. С. Ўтган ҳафта Тошкентга соғ-омон қайтди,” деди Озодлик билан суҳбатлашган ўзбекистонлик талаба яқинларидан бири.

Ҳиндистон ҳукумати грантлари ҳисобига фаолият юритувчи Ҳинд Марказий Институтида, асосан, хорижлик талабалар ҳинд тилини ўрганишади.

Институтда охирги ўн йил ичида 1000дан зиёд хорижлик талаба таълим олган.

“Муқаддас ҳайвон”

Нуфузи 1 миллиард 200 минг бўлган Ҳиндистонда аҳолининг 80 фоизини ташкил этган ҳиндлар сигирни муқаддас ҳайвон ҳисоблайди.

Аммо, мамлакатнинг 180 миллионлик мусулмон аҳолиси назарида мол гўштидан мазали таомлар тайёрлаш мумкин.

Узоқ йиллар Ҳиндистонда яшаган ўзбекистонлик журналист Дилбар Султоннинг айтишича, Ҳиндистоннинг аксар вилоятларида мол гўшти “умуман сотилмайди”:

Ҳиндистонда қассобхоналарда мол гўшти умуман сотилмайди. Мусулмонлар кўпчиликни ташкил этган районларда мол гўштини топиш мумкин, лекин улар ҳам кўпинча эчки гўштини ейишади. Лекин, аҳоли аралаш яшайдиган маҳаллаларда мол гўшти ейиш умуман мумкин эмас. Ҳаммаси яширинча қилинади,” дейди Дилбар Султон.

Бир йил муқаддам Ҳиндистон шимолида оломон ўз уйида мол гўшти истеъмол қилишда гумонланган бир мусулмонни ўлдирган эди. Мазкур ҳодиса Ҳиндистонда диний тоқатсизлик мавзусидаги баҳсларни яна кучайтириб юборди.

Ўзбекистонлик С.Б таълим олган Уттар Прадеш штати сигир, бузоқ ва ҳўкиз сўйиш бутунлай тақиқланган ўнта штатдан биридир.

Яқинларига кўра, ҳозирда С.Б ўз оиласи билан Ҳиндистонга қайтиб ўқишни давом эттириш ёки эттирмаслик масаласини муҳокама қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG