Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:00

Ўшда ВИЧга чалинган ёшларга ўзларига мос қизларга уйланиш тавсия қилиняпти


Ўшда ВИЧ инфекцияси билан туғилган болаларга 10 йил ўтиб касаллиги тўғрисида маълумот берила бошланди. Бироқ балоғат ёшига етган болаларнинг умр йўлдоши танлаши ва бу турмушнинг оқибатлари мутахассисларни ташвишлантирмоқда. Айни пайтда Қирғизистонда ВИЧга чалинганлар сони йил сайин ўсаётгани кузатиляпти.

Ўшлик ота-оналарнинг айтишларича, улар ўн йиллар давомида ВИЧ инфекцияси билан туғилган болаларининг бемор эканлиги ҳақида уларга гапириш жуда ҳам оғир бўлган.

Шу сабабли Ўшдаги ОИТСга қарши кураш марказида ВИЧ инфекцияси бор болалар билан психологлар ишлай бошлади. Шифокор Нуржан Жўлдошова, шу пайтгача Ўш вилояти бўйича бу иллатга чалинган болаларнинг 60 фоизига касаллиги ҳақида айтилганини маълум қилди.

- Биз болаларнинг ёшини, дунёқарашини ҳисобга олган ҳолда ВИЧ тўғрисида ўзларига маълумот бераяпмиз. Масалан, "бу вирус одам организмида юради, суюқликда яшайди, сен доимо дори ичасан” деб тушунтиряпмиз. Болаларнинг кўпчилиги ёш бўлгани учун уларга жинсий муносабат тўғрисида озроқ маълумот бераяпмиз. Ўш шаҳри ва вилояти бўйича ВИЧга чалинган болаларнинг 60 фоизига ўз статуси айтилди, -дейди Жўлдошова.

Эслатиб ўтамиз, 2007 йили Новқат туман касалхонасида шифокорлар айби билан ВИЧ инфекциясини оммавий тарзда юқтириш ҳодисаси содир бўлган эди. Натижада 9 бола ва 2 нафар катта одам бу дардга чалинган. Ушбу ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилган. 2008 йилда 9 нафар медицина ходими жавобгарликка тортилган. Кейинчалик улар амнистияга тушган ва 3 йилдан 5 йилгача шартли равишда қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

ВИЧ билан туғилган болалар касаллиги тўғрисидаги маълумотни қандай қабул қилгани, бундан кейин қандай ишлар қилиши ҳозирча номаълум.

Ҳозирда балоғат ёшига етган болаларнинг оила қуриш масаласи ҳам пайдо бўлди. Шифокорлар касаллик ёйилишининг олдини олиш учун ВИЧ инфекцияли ёшларни ўзлари каби одамлар билан турмуш қуришни тавсия бермоқда:

- ВИЧ билан туғилган болаларнинг энг олди 18га чиқиб қолди. Ҳозир олийгоҳларда ўқиётганлари ҳам бор. Уларнинг баъзилари турмуш қуришни режаламоқда. 18 ёшга тўлган, ВИЧ иллатли қизлар ҳам бор. Шу сабабли бундай вариантни таклиф қилаяпмиз. Бироқ, буни уларнинг ўзлари ҳал қилади. Уларнинг барчасини бирлаштирадиган тадбирларни уюштирмадик. Бироқ телефон рақамларини бир-бирларига бериб, алоқа ўрнатишларига ҳаракат қилаяпмиз, дейди шифокорлардан бири.

Айни пайтда Ўш вилояти ва шаҳрида ВИЧга чалинганлар сони ортгани ҳам маълум бўлди. Ўшдаги ОИТСга қарши кураш маркази расмийси Сабир Ташболотов ҳозир касаллик асосан жинсий йўл орқали юқаётганини айтади.

- Миграция кўп бўлаяпти. Аввалига гиёхванд модда қўлланувчилар орасида касалликни игна орқали юқтириш кўп бўлган бўлса, энди жинсий йўл орқали юқтириш ҳоллари кўпайди. Масалан, сўнгги маълумотлар бўйича, касаллик 56 фоиз жинсий йўл орқали, 39 фоиз игна орқали, 6 фоиз онадан болага юққан, деди Ташболотов.

Статистик маълумотларга кўра, ҳозирда Ўш вилоятида 1253 одам, Ўш шаҳрида 1002 одам ВИЧга чалингани аниқланган.

Расмий маълумотларга кўра, 2016 йилнинг ўтган 10 ойида Ўш вилоятидан 86 одам, Ўш шаҳридан 49 одам бу инфекцияни юқтирган.

XS
SM
MD
LG