Линклар

logo-print

Андижондаги "Водий Садоси" ("Водий Садоси ЁТРК") ёшлар телерадиокомпанияси раҳбарияти Ўзбекистон миқёсида янги телевидение очишга қарор қилиши ортидан бу телевидениенинг кўплаб ходимлари ишдан бўшатилган. Озодлик суҳбатлашган маҳаллий журналистларга кўра, телевидение ходимлари ўз касбий фаолиятларини давом эттира олмасликларидан хавотирга тушганлар. Телерадиокомпания раҳбарияти март ойида Ўзбекистон миқёсида янги телевидени очаётганини эълон қилганди.

Озодликка бу ҳақда маълум қилган маҳаллий журналистлардан бирининг айтишича, апрель ойи охирида телевидениенинг Андижондаги ўндан зиёд ходимидан "ишдан бўшаш тўғрисида ихтиёрий-мажбурий" ариза ёзиб олинган:

"Апрель ойи охирларида телевидениеда ишлайдиган ходимларнинг аксаридан ишдан ўз ихтиёри билан бўшаши тўғрисида ариза ёзиб олинган. Уларга телевидение ўз фаолиятини Тошкентда давом эттиради, дейишган. Иш қайта тикланса, яна оламиз, дейишган. Мана икки ой бўлаяпти телевидениеда ишлаган ўндан зиёд журналист ва техник ходим бекор юрипти," деди Озодлик суҳбатлашган андижонлик журналист.

Бу хабарни телевидение собиқ ходимлари тасдиқлади.

Андижонлик журналистнинг билдиришича, телевидениеда ишлаганлар "тушкунликка тушиб қолишган":

"Биз бу телевидениенинг тамал тошини қўйганмиз. Энди керак бўлмай қолдик. Шу ишларни Андижонда қилишса ҳам бўларди-ку. Бу телевидениени жудаям яхши кўрардик. Ҳамкасблар жудаям тушкунликка тушиб қолишган," деди телевидениеда ишлаган журналистлардан бири.

Шу йил март ойида "Водий Садоси ЁТРК" раҳбарияти "Зўр ТВ" номли ёшларга мўлжалланган янги телеканал очишга қарор қилганди.

Бутун Ўзбекистонни қамраб олишга қаратилган янги телевидение "Водий Садоси ЁТРК" ўрнини эгаллаши айтилди.

"Водий Садоси ЁТРК" кўрсатувлари қарийб чорак асрдан буён уч мамлакат - Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг Фарғона водийсидаги ҳудудларига узатиларди.

Кузатувчиларга кўра, икки тўлқинда узатилган "Водий Садоси" ёшлар телеканали Фарғона водийсидаги нодавлат телеканаллар орасида энг кўп томошабинга эга бўлган.

Телевидение ходимларидан бири уларнинг кўрсатувларини 2010 йилда ўн миллионга яқин одам томоша қилганини айтди.

Асосан ёшларга мўлжалланган ва мусиқий йўналишда бўлган "Водий Садоси" ёшлар телеканали 2015 йил январида ўз эфирини ​ўша пайт иш бошлаган MY5 ("Менинг юртим 5") телеканалига бўшатиб берди.

Кейинчалик иккинчи тўлқиндаги "Водий Садоси" ўрнини Uzreport канали эгаллади.

MY5 телеканали собиқ НТТ ва ТВ-Марказ базасида очилгани иддао қилинади.

Бу ўзгаришлар ортидан ​йигирмадан ортиқ маҳаллий журналист ва техник ходим ишсиз қолди.

"Водий Садоси" ёшлар телевидениеси ходимига кўра, бу янгилик Озодликда ёритилиши ортидан телевидени ходимларининг аксари ўз ишига қайта тикланган эди.

Аммо, унинг илова қилишича, бу гал ишсиз қолган журналист ва техник ходимлар орасида ўтган йил ишдан бўшатилган ходимлар яна бор.

Апрель ойи охирида ишдан бўшатилган журналистларга "Водий Садоси" маъмурияти на молиявий ва на маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган.

Озодлик айни ҳолат юзасидан "Водий садоси" ЁТРК раҳбариятидан ҳозирча изоҳ ололмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG