Линклар

Ўзбекистонда ҳовли-жойдан тортиб ҳар бир дарахтга қадар ëппасига хатланади


Хатлов натижасида кадастр тизимини электронлаштириш режаланган.

Хатлов натижасида кадастр тизимини электронлаштириш режаланган.

Бош вазир Шавкат Мирзиёев қарорига биноан Ўзбекистондаги жисмоний ва юридик шахсларга тегишли кўчмас мулк объектлари ёппасига қайта рўйхатдан ўтказилади. 2017 йил охирига қадар мамлакатдаги барча ер участкалари, бинолар, иншоотлар ҳажми, сони ва эгалари хатлов қилинади. Хатловчилар ҳар бир дарахтнинг кимга тегишли эканини ҳам қайдга олишади.

Ёппасига хатлов

3 август куни Тошкентда ўтган Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида мамлакатдаги ҳар бир объект ва дарахтни ёппасига инвентаризация қилиш борасида қарор қабул қилинди.

Бош вазир ўринбосари Ботир Зокиров хатлов жараёнига бош-қош бўлиб, у қарийб 1,5 йил давомида ушбу жараённи якунлаш ва ҳар бир объектнинг хатловга тушишини назорат қилади.

Расмий ҳужжатга кўра, рўйхатга олувчилар мамлакатдаги барча ер участкалари, бинолар, иншоотларнинг кимга тегишли эканлигини аниқлаб, ушбу объектларнинг ер майдони, ҳажми ва сонини қайдга олишади. Агар объект ижарага берилган бўлса, унинг фойдаланувчи ва ижарачилари ҳам хатлов қилинади.

Рухсатсиз қурилган уйлар хатланади

Ҳужжатга кўра, хатловчилар рухсатсиз қурилган уй-жойлар ва берухсат эгаллаб олинган ер участкаларини ҳам бирма-бир рўйхатга олишлари лозим.

Хатловчилардан иборат ишчи гуруҳ зиммасига кадастр ҳужжатлари бўлмаган объектларни аниқлаш вазифаси ҳам юклатилган.

Дарахтлар ҳам хатланади

Махсус ишчи гуруҳ мамлакат ҳудудидаги кўп йиллик дарахтларнинг ҳар бирини қайдга олиб, унинг кимга тегишли эканини ҳам аниқлашади. Дарахтлар сони, тури ҳам хатловчилар назаридан қолиши мумкин эмаслиги таъкидланади расмий ҳужжатда. Кўп йиллик дарахтлар деганда боғлар, токзорлар, тутзорлар ва бошқа ўрмон дарахтлари назарда тутилиши изоҳ сифатида берилган.

Хатловчиларга эшик очишга мажбурсиз

Бош вазир имзолаган мазкур ҳужжатга кўра, хатловчиларга кўчмас мулк иншоотларини текшириш, ер участкаларини суратга олиш, бино ва иншоотларнинг ташқи ва ички ўлчамларини ўлчаш, кўп йиллик дарахтларнинг турлари ва сонларини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилган.

Таъкидланишича, бирор кимса ишчи гуруҳни уйига киритишдан бўйин товлаш ёки унга зарур ҳужжатларни тақдим қилишни истамаслиги мумкин эмас.

20 варақдан иборат расмий ҳужжатда қайд қилинишича, ишчи гуруҳга туман ёки шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари раҳбарлик қилади. Гуруҳ аъзолари орасида кадастр, солиқ, СЭС, табиатни муҳофаза қилиш идораларининг жойлардаги раҳбарлари¸ шунингдек милиция бошлиқлари ҳам бўлади.

Ёппасига хатловдан кўзланган мақсад

Мамлакат бўйлаб ёппасига хатлов ўтказишдан мақсад¸ расмий изоҳга кўра¸ кадастр ҳисобига олишни такомиллаштиришдан иборат.

Шунингдек, хатлов орқали жисмоний ва юридик шахсларга тегишли мулк объектлари - ер участкалари, бино-иншоотлар ва кўп йиллик дарахтлардан фойдаланганлик учун солиқ тизимини такомиллаштириш ҳам кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, кўчмас мулкни қайта рўйхатдан ўтказиш орқали “Электрон ҳукумат” тизими доирасида “Кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатга олиш тизимларини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш ҳам иддао қилинмоқда.

Хатлов натижасига кўра, барча бино ва иншоотлар Республика умумий кадастр ахборот тизими ҳисобига жойланади.

Ҳар 5 йилда такрорланадиган хатлов

Тошкентдаги кадастр идораларидан олинган маълумотга кўра, жорий хатлов ҳар беш йилда ўтказиладиган одатий жараён бўлиб, бунинг тегишли ҳужжатлари бўлган мулк эгалари учун ҳеч қандай хавотирли жойи йўқ.

Лекин берухсат турар-жой қуриб, яшаётганларнинг уйлари бузилиши мумкинлигини таъкидлади кадастр идораси ходими:

"Асосан, беш йил ичида кадастр идорасига мурожаат қилмаганлар текширилади. Агар ҳаммаси қонуний бўлса, ҳеч ким хавотир олмаса бўлади. Дейлик, хорижда юрган фуқаро уйини ижарага бериб қўйган бўлса, ҳаммаси қайдга олинади. Эгаси ким, кимга ижарага берган. Агар ижара қонунан қилинган бўлса бўлди. Ҳеч кимга ҳеч нарса дейилмайди. Бу ерда энди ҳеч кимдан сўрамасдан, ўзбошимчалик билан уй қурганлар хавотир олса арзийди. Улар агар уйни битказиб, ичида яшаётган бўлсалар ҳам, уйлари бузилиши мумкин", деди кадастр идораси мутахасиси.

20 миллион долларлик қарзни оқлаш ҳаракатлари

Жорий йил баҳорида Ўзбекистон электрон кадастр тизимини яратиш учун Жаҳон банкидан 20 миллион АҚШ долларига тенг кредит олди.

ЖБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари бу ҳақдаги қарорни эълон қиларкан, ер ва кўчмас мулк кадастрини қоғоз шаклидаги ҳужжатлардан компьютерлаштирилган тизимга ўтказиш мулкдорлик масалаларида шаффофликни оширишга ёрдам беришини таъкидлаган эди.

Кўчмас мулкни ёппасига қайта рўйхатга олиш жараёнининг бошланиши ЖБдан олинган 20 миллион долларлик қарзни оқлаш йўлидаги ҳаракатлар ўлароқ баҳоланмоқда.

Ўзбекистон собиқ иттифоқ республикалари орасида электрон кадастр тизими яратилмаган саноқли мамлакатлардан биридир.

Ривожланган мамлакатларда электрон кадастр тизими кўчмас мулк соҳасига шаффофлик олиб кириш орқали инвестиция иқлимини тоза сақлаш воситаси саналади.

Ҳар қандай сармоядор алоҳида бир мамлакат бозорига сармоя ётқизишдан аввал у ердаги шароит, жумладан, ана шундай тизимлар ёрдамида таҳлил қилиш имконига эга.

Шу билан биргаликда бундай тизимлар коррупциянинг олдини олиш воситаси ҳамдир. Исталган шахс махсус Интернет ресурслари орқали исталган одам, жумладан, ҳукумат амалдорлари, жамоат арбоблари, машҳур кишиларга қарашли кўчмас мулк тўғрисидаги маълумотларни топиши мумкин.

Ўзбекистонда бундай маълумотлар, айниқса амалдор ёки жамоатчилик қизиқишини уйғотиши мумкин бўлган нуфузли шахсга қарашли кўчмас мулкга оид маълумотлар мутлақо сир сақлаб келинади.

Электрон кадастр тизимига ўтгач ҳам бу борада шаффофлик бўлишига ишонувчи ўзбекистонликлар ҳозирча кам сонли.

XS
SM
MD
LG