Линклар

Хитой элчихонаси ўзбекистонликларга виза беришни тўхтатиб қўйди


Ўзбекистонликларга Хитой визаси беришнинг тўхтатилиши Бишкекдаги Хитой элчихонасига қилинган ҳужум ортидан рўй берди.

Ўзбекистонликларга Хитой визаси беришнинг тўхтатилиши Бишкекдаги Хитой элчихонасига қилинган ҳужум ортидан рўй берди.

Озодликка маълум бўлишича, Бишкекдаги Хитой элчихонаси олдида 30 август куни содир этилган террор хуружи ортидан Хитой Халқ республикасининг Тошкентдаги консуллиги ўзбекистонликларга индивидуал виза беришни тўхтатган. Визанинг бошқа бир тури - "онлайн гуруҳ виза"сига ҳужжат қабул қилаëтган консуллик вакиллари¸ айни пайтда¸ паспортида Туркия визаси бўлганларгнинг аксариятига виза беришдан бош тортмоқда.

"Консулликда ҳеч ким йўқ"

Озодлик мухбири билан суҳбатда Хитой элчихонаси расмий вакили Ўзбекистон ватандошларига виза беришнинг август ойи охирида тўхтатилганини тасдиқлади.

“Ҳа¸ ҳозир фақат 30 августгача топширилган ҳужжатлар кўриб чиқилаяпти¸ лекин бу ҳам ҳали виза берилади уларга¸ дегани эмас. Виза учун ҳужжат қабул қилиш бир ойдан бери тўхтатилган. Сиз консуллик бўлими эмас¸ элчихонага тушдингиз. Ҳозир консулликда ҳеч ким йўқ. Саволларингизга консуллик очилганда телефон қилиб¸ жавоб топишингиз мумкин”¸ деди Хитой Халқ республикасининг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси вакили.

Хитой элчихонаси қошидаги Консуллик бўлими телефонларига кун давомида қилинган қўнғироқларга¸ овоз ëзиш машинаси жавоб қайтарди¸ холос.

Пойтахт Тошкентда Хитойга виза олиб беришга ихтисослашган қатор сайëҳлик ширкатлари фаолият юрғизади.

Ана шундай ширкатлардан бири вакили¸ Хитой¸ хусусан¸ Урумчига бориш учун индивидуал виза бериш август охиридан тўхтатилгани¸ айни пайтда¸ гуруҳ визаларига сайëҳлик ширкатлари воситасида ҳужжат қабул қилинаëтганини билдирди.

“Бир ой бўлди¸ виза бермай қўйишди. Ҳар бир давлатнинг ўз сиëсати бор. Нега тўхтатгани ҳақида бизга изоҳ беришмади. Лекин гуруҳ бўлиб борувчиларга уч-беш кун ичида онлайн виза қилиб бераяпти. Бунинг учун бир кунда бориб¸ бир кунда қайтадиган камида икки одам визага мурожаат қилиши керак. Виза уларнинг паспортига эмас¸ алоҳида қоғозга қўйилади. Агар биттаси бормай қолса¸ иккинчиси ҳам боролмайди. Беш-ўн киши бўлса ҳам фарқи йўқ”¸ деди Тошкентдаги сайëҳлик агентликларидан бири ходими.

Туркиячи савдогарга Хитой йўли ëпилди?

Озодлик суҳбатлашган бошқа туристик агентлик вакили¸ Хитой элчихонаси ўзбекистонликларга индивидуал виза беришни тўхтатиш баробарида¸ паспортида Туркияга бориб-келганини кўрсатувчи виза стикери борларга виза бермаëтганини ҳам қўшимча қилди.

“Биласиз¸ ҳозир бизда ҳам Туркиядан келганларни аэропортдаëқ махсус рўйхатга олишаяпти. Хавфсизлик учун. Хитой ҳам Туркияга борганларга виза бермаяпти. Паспортида Туркия визаси борларга отказ бераяпти. Россияда узоқ юрганларга ҳам булар шубҳа билан қараяпти. Булардан онлайн групповой виза учун ҳужжат¸ пул олади¸ лекин паспортни олишга борганимизда¸ отказ бераяпти. Негалигини айтишмаяпти¸ шу хавфсизлик учун бўлса керaк”¸ деди Тошкентда мижозларга Хитой визаси олиб бериш билан шуғулланувчи ширкатлардан бири вакили.

Бу суҳбатдошга кўра¸ Хитой консуллиги 15 октябрдан бошлаб ўзбекистонликлардан индивидуал виза учун ҳужжат қабул қилишни бошлаши мумкин. Аммо Хитой консуллиги билан боғланиш уринишлари самара бермагани боис¸ бу эҳтимолнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлигини аниқлаш имкони бўлмади.

Озодлик билан суҳбатда ҳар иккала сайëҳлик ширкати вакили¸ Хитой элчихонасининг ўзбекистонликларга индивидуал виза беришни тўхтатгани ва гуруҳ визалари учун талабларни кучайтиргани¸ асосан¸ Урумчидан арзон маҳсулот олиб келиш билан шуғулланувчи кичик тадбиркорлар учун жиддий ноқулайликлар туғдира бошлаганини тилга олди.

Виза бериш Бишкекдаги портлаш ортидан тўхтатилди

Озодлик манбалари очиқдан-очиқ тилга олмаган бўлса-да¸ Ўзбекистондаги Хитой консуллигининг алоҳида шахсларга виза беришни тўхтатиши Бишкекдаги Хитой элчихонаси олдида содир этилган портлаш билан айни пайтга тўғри келмоқда.

30 август куни эрталаб “Мицибуси Делика” русумидаги автомашинага минган худкуш Хитой элчихонасининг ғарбий қисмидаги зирҳли дарвозага машинасини уриб, портлашни амалга оширган ва оқибатда бир одам нобуд бўлган¸ учтаси жароҳатланган эди.

Бу воқеа эртасига Бишкекдаги Хитой элчихонаси Қирғизистон ватандошларига виза бериш жараёнини номаълум муддатга тўхтатиб қўйди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги 1 сентябрь куни Хитой визаси учун элчихонага ҳужжат топширган ватандошлар ўз паспортларини визасиз вазирлик биносидан олиб кетиши мумкинлиги ҳақида эълон қилди.

7 сентябрь куни Қирғизистон Миллий Хавфсизлик хизмати матбуот котиби Рахат Сулайманов¸ портлашни амалга оширганлар Суриядаги жангларда иштирок этаётган “Жабҳад-ул-Нусра” ва“Жамоат Тавҳид ва жиҳод” гуруҳининг этник уйғур аъзолари экани ҳақида баëнот берди.

Расмий маълумотда айтилишича, террор ҳаракатини уюштирганликда гумонланган 9 одамдан 5 нафари қўлга олинган, 4 одам эса қидирувга берилган. Айбланувчилардан айримлари¸ Озодликка маълум бўлишича¸ Истанбулдаги сайëҳлик агентлиги ходимлари бўлиб чиққан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG