Линклар

Хованск қабристонидаги отишмадан сўнг 42 муҳожир депортация қилинади


Москванинг Хованский қабристонидаги оммавий муштлашув ва отишмада иштирок этганлардан 112 нафари ҳибсга олинди. Москва шаҳар полицияси улар қаторида миграция ҳужжати жойида бўлмаган 42 нафар тожикистонлик ва ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Россиядан депортация қилинишини маълум қилди. Бугундан бошлаб Москва шаҳар ва вилоят назорат идоралари бу ҳудудда жойлашган барча қабристонларда қаттиқ текширувларни бошлади.

Хованск ва бошқа кабристонларда текширувлар бошланди

Москванинг Хованск қабристонида ўтган шанба куни содир бўлган оммавий жанжал ва муштлашув кутилганидек жиддий оқибатларни келтириб чиқарди.

Душанба куни Хованск қабристони директори Юрий Чабуев Пресня туман суди қарори билан ҳибсга олинди. Бу судда, шунингдек, ҳужум қилганлар томонида бўлган яна 14 кишини ҳибсга олиш қарори чиқарилиши кутилмоқда. Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳозирга келиб қабристон ҳудудидаги жанжалда иштирок этган 112 одам қўлга олинганини маълум қилди.

Хованск қабристонидаги муштлашувни бостиришга 252 нафар ОМОН жангчиси жалб қилинди.

Москва полицияси матбуот хизмати раҳбари Софья Хотина буларни маълум қилди:

- Жанжалда 200 яқин одам иштирок этди. Уларнинг аксари Марказий Осиё ва Шимолий Кавказ минтақаларидан келганлар, фуқароларимиз томонидан шахсий тартибда ёлланган муҳожирлар экани аниқланди. 23 киши жиддий жароҳат олди, уч киши нобуд бўлди. Дактилоскопия наижасида полицияга ҳодиса жойидан келтирилган 90 кишидан 12тасида ҳужжати йўқлиги, яна 15 нафари миграция қоидаларини бузганликда гумон қилинди,- деди Софья Хотина.

Полиция вакили Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси раҳбари Анатолий Якунин талаби билан Москва шаҳрида жойлашган 78-та қабристон молиявий-хўжалик фаолияти ҳамда миграция қонунчилиги нуқтайи назаридан текширилишини эълон қилди. Шунингдек, назорат идоралари ва полиция қабристонлар фаолиятига бевосита алоқадор 30га яқин ширкатларни текширувдан ўтказади.

Москвада ишлаётган муҳожирлардан олинган маълумотга кўра, шаҳар полицияси Хованскга яқин айрим корхона ва идораларни босган, у ерда ишлаётган мигрантларни текширувдан ўтказган.

Хованск қабристони маъмурияти эса эски қўриқчилар ўрнига янгиларни ёллагани ва улар сонини оширганини билдирмоқда. Отишма вақтида бузилган қабртошлар ва панжаралар иншоот ҳисобига тикланиши маълум бўлди.

Маълумки, Европада энг йирик бўлган биргина Хованск қабристонидаги 200 гектар ерда 1 миллиондан ортиқ қабрлар мавжуд. Хованск қабристонида 1 мингга яқин ўзбек ва тожик муҳожири ишлаб келган. Қабристон ходимлари битта қабр қазиш 10 минг рубль, қабртош ўрнатиб беришга – 3 минг рублдан зиёд нарх белгиланган.

Меҳнат мигрантлари у ёки бу қабрни парвариш қилишга ўлган одамнинг яқинлари билан келишилган ҳолда алоҳида пул олар экан.

3 тожикистонлик ўлдирилди, 23 муҳожир - ярадор

Ҳозирга келиб, ўлдирилганлар сони 3 киши бўлиб, улар Тожикистоннинг Роғун шаҳридан келган меҳнат муҳожирлари бўлгани маълум. Булар :

1. Хушаков Суҳроб (1990 й.т.)

2. Ризоев Иноят (1977 й.т.)

3. Собиров Сайнуриддин (1974 й.т.).

Суҳроб кўкрагига отилган ўқдан нобуд бўлгани, қолган икки кишини ҳодиса жойидан қочиб кетаётган машина босиб кетгани маълум бўлди.

Айни вақтда, Озодлик госпитализация қилинган муҳожирлардан 4 нафари, жумладан 16 яшар вояга етмаган меҳнат муҳожири, ўта оғир аҳволда қолаётганини аниқлади.

Қабристондаги жанжал сабаблари

Айрим маҳаллий оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган видеоёзувлардан қабристонга бостириб қирган ва муштлашувни бошлаганлар кавказликлар эканини кўриш мумкин. Видеога қуролдан ўқ узаётган кавказликларни ҳатто полиция ходимлари тўхтата олмаётгани тасвирга олинган.

Москва полицияси Хованскдаги ўзаро жанжал ва муштлашувни “қабристон ходимлари бўлмаган хориж фуқаролари” бошлагани ва “улар Россия Федерацияси ҳудудида ноқонуний фаолият юритаётганлиги”ни эълон қилишга шошилди. Полиция расмий хабарида жанжалнинг асосий сабаби – “ҳудуд бошқаруви учун этник гуруҳлар ўртасидаги тортишув” бўлгани айтилди.

Хованскоедаги жанжал карикатурачилар нигоҳида

Хованскоедаги жанжал карикатурачилар нигоҳида

“Ритуал” фирмаси ва бошқа соҳа мутасаддилари жанжални “қўшни қурилиш объектларидан келган ва ФМС рейдларидан яшириниб юрган марказий осиёлик нолегал муҳожирлар бошлаб берган”, дея баёнот берди.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, оммавий муштлашувда икки тарафдан 400 зиёд одам иштирок этган. Ҳужум қилаётганлар тарафидан отишмада бевосита иштирок этганлар қаторида “Хамовники” полиция бўлимининг амалдаги ходими 25 ёшли Николай Мошенко қўлга туширилгани эътиборга молик.

Ҳодиса гувоҳларидан бири Озодликка улар чечен ва доғистонлик, маъмурият талаби билан Хованск қабристонини ҳимояланганлар шу ерда меҳнат қилаётган ўзбек-тожик муҳожирлар эканини гапириб берди.

У ҳимояланаётганлар таёқ ва тош билан, ҳужум қилаётганлар эмас жанговар пистолет ва “Калашников” автоматлари билан қуролланганини айтади:

- Отилган болларнинг асосий қисми шу ерда турли майда ишларни қилиб юрган. “Доля берасан, процент берасан” деб ваҳима қилиб, бизни қўрқитиб олишмоқчи эди булар, болларга зўрлиқ қилишди. Бизга қарши контора бошлиғи чиқди ва бу 200 яқин бандитни ҳам ўша олиб келган, чамаси. Урислар, бир-икки чеченлар бор. Ҳужум қилаётганлар орасида тожик боллар ҳам бор эди, деди исмини очиқламаган қабристон ишчиларидан бири.

Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган “Этмос” ташкилоти раҳбари Каримжон Ёров бу тўқнашув сабабларига оид ўзи аниқлаган маълумотлар билан ўртоқлашди.

Унинг фикрича, бундан бир мунча вақт олдин қабристон бош директори шу ерда гўрковлик қилаётган юзлаб марказий осиёлик муҳожирлари ишида “янгича тартиб” ўрнатишга уринган.

- Биз муҳожирлар билан суҳбатдан аниқладикки, шу қабристоннинг бош директори юздан ортиқ спортчиларни олиб келиб, ишчиларга “Бугундан бошлаб сизлар янгича услубда ишлайсиз!” деган, яъни улар ҳақ бериб, “доля” узатиб туришлари керак экан. Тожик муҳожирлари бунга рози бўлмаган, сабаби бу ерда анча йиллардан буён ишлаб келаётганлар бор. Улар бундай ноҳақликлар бўлаётганини олдин ҳам хабар берган эди бизга, деди ҳуқуқ ҳимоячиси Каримжон Ёров.

Бу ҳодисага муносабат билдирган Россия Дафн этиш маросимлари иттифоқига кўра, муаммо 2011 йилдан буён бўлиб келаётгани ва улкан даромад манбайи ҳисобланган ўлганларни дафн этиш маҳаллий криминал тизимлар эътиборини ўзига доимо жалб қилиб келган.

Хованск жанги тўғрисида Россия президенти Владимир Путинга ҳам хабар берилгани айтилмоқда. Хованскоедаги ҳодиса тафтишига 50 кишидан иборат тергов гуруҳи жалб қилинди.

Воқеа ортидан Россия сенати вакиллари МДҲга аъзо қатор давлатлар, жумладан Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларига виза тартибини жорий этиш талаби билан чиққани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG