Линклар

logo-print

Олмалиқда текстиль фабрикаси ёниб кетди


Олмалиқдаги "Жасмин" МЧЖдаги ёнғин

Олмалиқдаги "Жасмин" МЧЖдаги ёнғин

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги текстиль маҳсулотлари ва гилам ишлаб чиқарадиган фабрикада чиққан ёнғин қарийб 300 квадрат метр майдондаги асбоб-ускуна ва молларни кул қилди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, ёнғин ярим кечаси чиққан.

Олмалиқ шаҳридаги "Жасмин-Текстиль" масъулияти чекланган жамиятга қарашли фабрикада 7 июлга ўтар кечаси ёнғин чиқди.

Воқеага гувоҳ бўлган олмалиқлик манбанинг айтишича, ёнғин кўлами жуда катта бўлган:

"Бу аввал гилам гилам фабрикаси эди, кейин текстил маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхонага айлантирилди. Корхона менинг уйимдан кўриниб туради. Кечаси соат ўн иккилардан ўтган эди. Бирдан ўша томон ёриша бошлади. Туриб қарасам ковровый ёнаётган экан. Бир пасдан кейин пожарнийлар етиб келишди ва ёнғин эрталабга яқин ўчирилди", деди манба.

Олмалиқ тумани ҳокимиятида ишлайдиган Озодлик манбаси шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

"Ёнғин корхонада ҳеч ким йўқ пайтда, ярим тунда чиққан. Ўт ўчирувчиларнинг биринчи тахминига кўра, электр симларининг қисқа туташуви бунга сабаб бўлган бўлиши мумкин. Ёнғин кўлами 290 квадрат метр майдонни ташкил қилган. Оқибатда синтетика маҳсулотлари, асбоб-ускуналар, синтепон толалари ва гилам чиқиндилари ёниб кул бўлган", деди мулозим.

Унинг айтишича, ёнғин ярим кечаси чиққани боис куйганлар ва қурбонлар бўлмаган.

Бундан бир ой муқаддам Тошкентдаги текстиль заводида портлашлар ва ёнғин содир бўлган эди.

XS
SM
MD
LG