1 август куни эрталаб Украина шарқидаги Шахтёрск шаҳри яқинида Россия тарафдори бўлган айирмачилар пистирмадан ҳужум уюштиргани оқибатида 14 киши, жумладан, 10 нафар армия аскари нобуд бўлди.
Украина ҳарбийлари матбуот котиби Олексей Дмитрашкивский 10 аскар ўлгани тасдиқланганини билдирди.
Унга кўра, тўрт жасаднинг шахси ҳозирча аниқланмаган.
Сўнгги кунларда Украина армияси қисмлари россияпараст айирмачиларни мамлакат шарқидаги айрим ҳудудлардан сиқиб чиқарди.
Шахтёрск шаҳри 17 июль куни Малайзияга тегишли йўловчи самолёт уриб туширилган минтақада жойлашган.
31 июль куни Ҳолландия ва австралиялик полиция ходимлари ва экспертлар биринчи марта самолёт қулаган ҳудудни бориб кўришга муваффақ бўлди.
Отишмалар сабабли халқаро мутахассислар гуруҳи фожиа жойига бора олмаган эди.