Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:20

Журналист Бобоев чиқиш визасини ололмаяпти


Абдумалик Бобоев ўзига чиқиш визаси берилмаётганини касбий фаолияти билан боғламоқда.
Абдумалик Бобоев ўзига чиқиш визаси берилмаётганини касбий фаолияти билан боғламоқда.

Ўзбекистонлик журналист Абдумалик Бобоевга икки ойдан буён чет элга чиқиш визаси берилмаяпти.

Абдумалик Бобоев ўз ҳужжатларини тегишли идораларга март ойи бошларида топширганини айтади:

- Янглишмасам, 2 март эди. Мартнинг охири - апрелнинг бошларида жавоб келди. Қоғозда “хорижга чиқиш бўйича аризангиз қаноатлантирилмади, ҳужжатларингиз қўшимча равишда тегишли идоралар томонидан ўрганилаяпти” дейилган. Кейин республика ОВИРига боришни маслаҳат беришди. У ерга борсам, Тошкент шаҳар прокуратураси ҳали менинг хорижга чиқишим бўйича таъқибни бекор қилмаган, деб айтишди, - деди журналист Абдумалик Бобоев.

“Америка овози” радиоси мухбири Абдумалик Бобоевга нисбатан жиноят иши ўтган йилнинг май ойида очилган эди. Шу важдан Абдумалик Ўзбекистонни тарк эта олмас эди.

2010 йилнинг 15 октябр куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди Бобоевни туҳмат ва ҳақорат қилганлик, жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаганлик ва тарқатганликда айбдор, деб топиб, унга энг кам иш ҳақининг 400 баробари (18 миллион 86 минг сўм ёки тақрибан 8 минг АҚШ доллари – таҳр.) миқдорида жарима белгилаганди.

2010 йилнинг 12 ноябр куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Бобоевнинг иши юзасидан апелляция шикоятини, кейинчалик назорат тартибидаги аризасини кўриб чиқиб, Мирзо Улуғбек туман суди томонидан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирганди.

Журналист суд томонидан қўйилган жарима миқдорини мол-мулки мусодара бўлмаслиги учун тўлаган эди. Абдумалик Бобоев мазкур суд ҳужжатлари, жарима тўлаганлик ҳақидаги ҳужжатлар билан Тошкент шаҳар прокуратурасига борганлигини ҳам айтди:

- Кейин прокуратурага бордим, терговчи билан гаплашдим. Ҳукм бўлганини, жарима тўланганлиги ҳақидаги квитанцияларни кўрсатдим. Таъқибни олиб ташлаш тўғрисида ариза ёзиб қолдирдим. Кейин прокуратура республика ОВИРига хат жўнатган экан. Яъни “қарши эмасмиз хорижга чиқишига” деган маънода. Бу ҳам апрелда бўлган эди, янглишмасам. Ундан кейин ҳам деярли бир ойдан кўпроқ вақт ўтаяпти. Ҳали ҳам ҳужжатларим ўрганилаётганлигини айтишаяпти, - деди ўзбекистонлик журналист.

Абдумалик Бобоев чет элга чиқиш рухсатномаси берилмаётганлигини касбий фаолияти билан боғлайди:

- Албатта шу журналистик фаолиятим билан боғлаяпман. Бу ерда бошқа бир сабабни кўриш қийин, - деди у.

Суҳбатдошимиз чиқиш визаси унга малака ошириш мақсадида хорижга чиқиш учун керак бўлганини айтади:

- Германиядан бир фонд ўқишга таклиф қилган эди. Сиёсий таъқибга тушганлар билан ишлайдиган фонд экан. Таклиф қилган эди, мен рози бўлган эдим. Унга ҳам 1 апрелдан боришим керак эди, - деди Бобоев.

Озодлик мазкур масалага аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон республикаси ҳорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига ҳам қўнғироқ қилди. Бошқарманинг ўзини таништирмаган ходими бу борада телефон орқали маълумот берилмаслигини қайд этиб, гўшакни илиб қўйди.

Ўзбекистон Марказий Осиёда фуқароларнинг чет элга чиқиши учун махсус рухсатнома бериладиган ягона давлат ҳисобланади. Икки йилга рухсат берувчи чиқиш визасини олиш мустақил журналистлар, ҳуқуқ фаоллари ва мухолифат вакиллари учун доимий муаммолардан бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG