Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:10

Гулнора ҳам пул ювишга алоқадор бўлиши мумкинлиги айтилмоқда


Гулнора Каримова Швейцария прокуратураси тергов қилаётган молиявий жиноятга алоқадор бўлиши мумкин. Бу ҳақда маълум қилган манба Швейцарияда Ўзбекистон фуқароларининг пул ювишда айбланишига алоқадор Lombard Odier банки вице-президенти Александр Котчубейнинг ишдан ҳайдалганини айтмоқда. Бунга қисман унинг ўзбекистонлик мижозлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишни пайсалга солгани сабаб бўлгани айтилмоқда. Швейцариядаги молиявий идоралардан биридаги манбанинг маълум қилишича, пул ювишда асосий айбланувчи сифатида ўтаётган Беҳзод Аҳмедовнинг Lombard Odier банкида иккита ҳисоб рақами бўлган ва у билан Котчубей алоқа қилган.

Ўзбекистон фуқароларининг Женевада ҳибсга олинишига Lombard Odier банкининг бир гуруҳ ўзбекистонликлар банкдаги ҳисоб рақамлар орқали ғайриқонуний даромадни легаллаштириш тўғрисида расмийларга маълумот бергани сабаб бўлган, дейди Швейцариядаги манба.

Сешанба куни Россия махфий хизматларига яқин экани айтиладиган Центразия.ру сайтида пайдо бўлган Швейцария Адлия ва полиция вазирлиги билан Бош прокуратура ўртасидаги ёзишма нсухасида ҳам бу гап тасдиқланган эди.

Lombard Odier тасдиқлади

Lombard Odier банки матбуот хизмати ҳам Швейцария Адлия вазирлигига ўзбеклар ҳақида маълумот берганини тасдиқлади. Чоршанба куни Lombard Odier Озодликка “пул ювишга қарши кураш бошқармаси бу ишни бош прокуратурага юборган. centrasia.ru сайтида пайдо бўлган хат пул ювишга қарши кураш бошқармаси билан бош прокуратура ўртасидаги ёзишма нусхаси бўлса керак”, дея билдирди.

Швейцария молиявий идораларидан биридаги манбага кўра, ҳаммаси “Ўздунробита” ширкати бош директори ва Lombard Odier мижози 38 ёшли Беҳзод Аҳмедовнинг Ўзбекистондаги муаммоларидан бошланган. “Беҳзод Аҳмедовнинг Ўзбекистонни тарк этгани маълум бўлгач, Lombard Odier бу мижознинг банк учун таҳликали бўлиб қолганини англайди. Кейин банк Швейцария адлия вазирлиги билан боғланиб, Беҳзод Аҳмедов борасидаги шубҳалари ҳақида хабардор қилади ва тергов бошлашни сўрайди” дейди манба.

"Ҳисоб рақамлардан Гулнора фойдаланган"

Унинг айтишича, Беҳзод Аҳмедовнинг Lombard Odier банкидаги ҳисоб рақамларида пул ювишда айбланаётган 34 ёшли Шохрух Собиров ва 37 ёшли Алишер Эргашев исмлари ҳам бўлган. “Яъни улар ҳам бу ҳисоб рақамларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган. Ҳозир тергов тахмиларига кўра, Швейцария расмийлари Беҳзод Аҳмедовга нисбатан иш бошлаганидан кейин, вазият чатоқлигини сезиб қолган Гулнора Каримова Lombard Odier банкидаги пулларни бошқа банкка ўтказиш ёки чиқариб олиш учун Coca Cola-Uzbekistan ширкатининг икки менежерини юборади. Улар банкка келишиб, пулларни ўтказишга ҳаракат қилади, лекин бунинг уддасидан чиқа олмайди. Икковлон банкдан чиққач, Lombard Odier икки киши тергов остидаги ҳисоб рақамларига даҳл қилгани ҳақида полицияга хабар қилади ва Ўзбекистон фуқаролари кўчада ҳибсга олинади”, дейди Швейцариядаги манба.

Манба: "Гулнора Каримова пул ювишга алоқадор ҳисоб рақамидан фойдаланган."
Манба: "Гулнора Каримова пул ювишга алоқадор ҳисоб рақамидан фойдаланган."
Шу пайтгача Ўзбекистон махфий хизматларига яқин манбалар икки ўзбекистонликнинг ҳибсга олинишини Россиянинг МТС ширкатининг Ўзбекистондаги бизнеси тортиб олиниши учун ўчи сифатида талқин қилиб келаётган эди. Хусусан, Узметроном нашрининг иддао қилишича, гўёки МТСнинг асосий акционери Владимир Евтушенков дўсти ва Lombard Odier банки вице президенти Александр Котчубей ёрдамида Швейцария прокуратурасига ўзбекларни ҳибсга олиш ҳақида буюртма берган.

"Котчубей ҳайдалди, Гулнора гумон остида"

Лекин Швейцариядаги манбанинг айтишича, бу ҳақиқатга мос эмас. “Аксинча, ўзбеклар можароси бошлангач Lombard Odier раҳбарияти Александр Котчубейни ишдан четлатди. Котчубей Беҳзод Аҳмедовнинг банк ҳисоб рақамлари учун масъул бўлган, Lombard Odier раҳбарияти уни банк обрўйини хавф остига қўйгани ва яна қатор бошқа сабаблар важидан ишдан бўшатди. Унинг ишдан кетиши сабабларидан бири Беҳзод Аҳмедов билан боғлиқ муаммони вақтида аниқлаб, бу ҳақда раҳбариятни хабардор қилмаганидир”, дейди суҳбатдошимиз.

Ҳозирча Гулнора Каримова расман айбланиувчи сифатида ўтаётгани йўқ, лекин шундай бўлиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас...

Швейцария молиявий
идораларидан биридаги манба.

Швейцария Адлия вазирлиги билан бош прокуратура ўртасидаги ёзишмаларга кўра, Беҳзод Аҳмедов Lombard Odier банкидаги ҳисоб рақамлари воситасида “ўзи бош директор лавозимини эгаллайдиган “Ўздунробита” ширкати зарарига ноқонуний ҳаракатлар амалга оширган”. Хатда шунингдек Аҳмедовнинг Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан яқин алоқалари ҳақида гап боради.

"Ўздунробита"дан ўмарилган пуллар ювилган"

Швейцария молиявий идораларидан биридаги манбанинг айтишича, ҳақиқатан Беҳзод Аҳмедов Lombard Odier банкидаги ҳисоб рақамларига “Ўздунробита” ширкатидан ғайриқонуний тарзда олинган пулларни қўйган ва терговчилар тахминларига кўра, Гулнора Каримова бу ҳисоб рақамларидан ўзиники сифатида фойдаланган. “Яъни Швейцария расмийлари Гулнора Каримовани пул ювиш амалиётига алоқадорликда гумон қилишмоқда. Ҳозирча Гулнора Каримова расман айбланиувчи сифатида ўтаётгани йўқ, лекин шундай бўлиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас”, дейди манба.

Швейцария расмийларига оид хатда ҳам Беҳзод Аҳмедов ва Гулнора Каримова ўртасида яқин алоқалар инобатга олинган ҳолда пул ювиш учун ишлатилган банк ҳисоб рақамларининг бевосита ёки билвосита эгалари Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов оиласи ёки унга яқин доиралар бўлиши мумкинлиги хулоса қилинган.

Шундай қилиб, Беҳзод Аҳмедовнинг Швейцарияда тергов қилинаётган жиноят ишининг асосий фигуранти эканига оид тахминларни бир-биридан мустақил манбалар тасдиқламоқда.

Швейцария ҳуқуқ-тартибот идоралари ўтказаётган терговда тўрт ўзбекистонлик айбланувчи сифатида ўтмоқда. Улардан икки нафари Шохрух Собиров ва Алишер Эргашевлар шу ой бошида ҳибсга олинган эди.

Ўзбекистонда чиқадиган "Даракчи" газетаси ҳам Беҳзод Аҳмедов Ўзбекистонга келтирилганини хабар қилган эди.
Ўзбекистонда чиқадиган "Даракчи" газетаси ҳам Беҳзод Аҳмедов Ўзбекистонга келтирилганини хабар қилган эди.
Шунингдек Озодлик манбаларидан маълум бўлишича, “пул ювишда” айблаётган тўртинчи шахс 1985 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Гаянэ Авакиян бўлиши мумкин. Озодлик манбаларига кўра, Гаянэ Авакиян Гулнора Каримованинг молиявий ишларини бошқаради.

Хулоса

Шу пайтгача очиқланган тафсилотлардан бир нарсани аниқ хулоса қилиш мумкин. Россиянинг МТС ширкати шўъба корхонаси “Ўздунробита”нинг тугатилиши билан Швейцарияда тўрт нафар ўзбекистонликнинг пул ювишда айбланаётгани бир-бири билан боғлиқ ҳодисалардир.

Швейцария расмийларига оид маълумотлар ва бу вазиятдан хабардор манбага кўра, Ўзбекистон ва Швейцарияда молиявий жиноятларда айбланаётган Беҳзод Аҳмедов билан Гулнора Каримова ўртасида яқин алоқалар бўлган. Lombard Odier банкида ғайриқонуний пуллар сақланган ҳисоб рақамлар “бевосита ёки билвосита эгалари Ўзбекистон президенти оиласи ёки унга яқин доиралар бўлиши мумкин”. Женевада ҳибсга олинган Шохрух Собиров ва Алишер Эргашевлар ҳам Гулнора Каримовага қарашли экани айтиладиган Coca Cola-Uzbekistan ширкати менежерлари экани маълум. Пул ювиш ишидаги тўртинчи айбланувчи экани тахмин қилаётган Гаянэ Авакиян ҳам президент қизига яқин шахс экани айтилмоқда.

Швейцариядаги манбаларга кўра, “Ўздунробита”нинг молиявий қонунбузарликларга алоқаси бўлган, лекин бу МТС ширкати зарарига бўлган. Ўзбекистон ҳукумати эса МТСни давлатга зарар келтирганликда айбламоқда.

Швейцария расмийлари ва МТСга яқин манба Беҳзод Аҳмедов Россияда ҳибсга олиниб, Ўзбекистон ихтиёрига топширилган, демоқда. Айни пайтда, унинг исми Interpol орқали қидирилаётган рўйхатидан ҳам олиб ташлангани маълум бўлди. Лекин Ўзбекистон расмийлари МТС раҳбариятини Беҳзод Аҳмедовни яшираётганликда айблаб келмоқда.

Швейцариядаги “ўзбеклар иши” МТСнинг Котчубей воситасидаги ўчи, деган тахмин ҳам, Александр Котчубейнинг ишдан ҳайдалгани инобатга олинса, тасдиғини топмади.
XS
SM
MD
LG