Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:44

"Аҳмадбойга пул бериш гуноҳ, деб қўрққанлар учун имом ҳам ёлланган эди"


Тошкентлик вилоятидан Озодликка боғланган 50 яшар тадбиркор аёл Аҳмадбойнинг шогирди Муродбойга 4 та машинасини берганини даъво қилди ва пулини қайтариб олиш йўлини қидираётганини айтди. Даъвосича, 250 миллион сўмлик молини беришдан олдин бу аёл қилмишининг гуноҳини ҳам ўйлаган ва унинг кўнглини "бойнинг уйида ўтирган домла хотиржам қилган".

Тошкент вилоятидан танилган тадбиркор бўлгани боис, исмини ошкор этмасликни маъқул кўрган 50 яшар тадбиркор аёл бир неча ой муқаддам 4 та машинасини бериш учун Аҳмадбойнинг уйига боргани ва у ерда бир имом билан суҳбатлашганини иддао қилмоқда.

Аёлнинг OzodMikrofonга сўзлаб берган ҳикояси асносида эса минглаб одамларнинг қўлидан миллионлаб доллар пулни йиғиб олиш, бунинг устига, "даъвогар эмасман" деган қоғозга имзо чектириш қадар ишончли кўрилган бизнес тизимига оид баъзи қизиқ деталлар юзага қалққандай кўринди.

Аёлнинг айтишича, фоизга пул бериш-олиш гуноҳ, деган гапдан хабари бўлган ва шу боис, пулидан фойда кўриш учун бойнинг уйига борганида молига кафолат сўраш билан бирга бу истиҳоласини ҳам тилга олган:

- "Ҳа, мана бу саволингизга жавоб берадиган домла ҳам бор", дейишди-да, битта домланинг олдига олиб киришди. У домла бойнинг уйига келганларнинг саволларига жавоб бераркан. Саллалар кийган, соқол қўйган. Менга ҳам айтди: "6 йилда қанча савоб ишлар қилди бу киши, етимхоналарга қараяпти. Касалларни Ҳиндистонларга жўнатяпти, ошлар қилиб беради, тўйлар қилиб беради! Ҳеч гуноҳмас, аксинча, сизлар ҳам савобга шерик бўлаяпсизлар", деди домла. Аҳмадбой ростдан ҳам шу савоб ишларни қилган-да! Шуни домла гапириб тургандан кейин кўнглим хотиржам бўлди, - дейди тадбиркор аёл.

Даъво қилишича, бу аёл жами 20 минг долларга баҳоланган 4 та автомобилини бойга бериб, фойда кўришни кўзлаган.

"Бунча молингизни нимага ишониб, унинг қўлига бердингиз?" деган саволга жавоб берар экан, аёл бойнинг уй-офисида гувоҳ бўлган яна баъзи қизиқ жиҳатларни тилга олди.

Айтишича, Аҳмадбойнинг уйига бориб, дарвозасидан кираётганида ҳам пулни беришга қарор қилмаган:

- Олдин бир кўрайчи, дедим. Борсам, ғишт билан ўралган катта боғ. Боғни остонасида гражданский кийимда дубинкалар кўтарган 2-3та йигит паспортимни текшириб, ўтказди. Кейин ҳовлисигача юриб бордим, у ерда яна битта пост. Унда ҳам паспорт текширишди. Кейин шундоқ ҳовлига кирсангиз, икки тарафда 8 та касса ишлаб турибди - 4 та кирим, 4 та чиқим касса, деб ёзилган. Ҳамма томонда камера, ҳамманинг паспортидан копия, адресини ёзиб олишяпти. Навбатда ўнлаб одам, киримгаям, чиқимгаям. Одамлар билан, янги клиентларни қабул қиладиган ишчилар билан ҳам гаплашдим, камига домла билан ҳам гаплашдим. Ишондим-да, кейин, - деб даъво қилди тадбиркор аёл.

Ҳозир 250 миллион сўмлик пулини кимдан, қандай қилиб ундиришини билолмай, юраги хаста бўлганини айтган аёл Аҳмадбойнинг бизнеси 5-6 йилдан буён юриб келгани, ундан ажралиб чиққан 2-3 нафар ёшгина бой ҳам Янгийўлда ном чиқарганини айтмоқда.

- Шунча пайтдан бери давлат рухсат бериб қўйгани учун ишлади-да, бу бойлар! Ноқонуний бўлса, давлат рухсат бермасди, деб ўйлайсиз-да. Ҳалиям мен бир ой олдин бердим машиналаримни, узоқ юрдим ишонмай. Ҳали бир сўм фойда олмасдан, шунча пулим куйиб кетадими, энди? Менимча, агар давлат тегмаганда, Аҳмадбой одамларни рози қилиб, шунақа яхши ишлаб юраверарди. Давлат бу бойни семиртириб сўйди, қўпол бўлсаям айтаман, - дея ҳасрат қилди тошкентлик тадбиркор аёл.

Бу аёл шу кунда товламачилик, фирибгарлик ва алдов каби жиноятларда айбланаëтган чинозлик тадбиркор Аҳмад Турсунбоевнинг шогирдига пул берганини даъво қилиб, Озодликка боғланган ўнлаб ўзбекистонликдан биридир.

Аксар, даъвогарлар ҳали-ҳануз Аҳмадбойни яхши тадбиркор, деб баҳоламоқда ва унинг бизнеси ноҳақ тўхтатилди, деб ҳисобламоқда.

---------------------------------------------------------------------------------------------------
Муҳим эслатма: OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр-мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG