Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:32

Ўзбекистонлик қочқинлар Туркиядан Эронга иккинчи марта депортация қилинди


Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан Халқаро Амнистия Туркия расмийларининг хатти-ҳаракатини қоралади. Айни пайтда БМТ вакиллари ҳам қочқинлик мақомини олган ўзбекистонликларнинг кейинги тақдири билан қизиқмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Халқаро Амнистия ташкилоти Туркия ҳуқуқ-тартибот органи расмийларининг хатти-ҳаракатини халқаро қонунларга зид дея бахолади. Халқаро Амнистия чиқарган баёнотда камида 24 нафар ўзбекистонлик қочқиннинг бир ой ичида Туркиядан иккинчи марта Эронга мажбуран чиқариб юборилиши ноқонуний экани билдирилган.

“Қочқинларнинг биринчи гуруҳи, яъни, 25 нафар Ўзбекистон фуқароси 12 сентябр куни Туркиядан мажбуран чиқариб юборилган эди. Иккинчи депортация 12 октябр куни Туркиянинг Ван шаҳрида маҳаллий вақт билан кечки соат саккизда ўзбекистонлик қочқинлар полиция ходимлари томонидан қўлга олинганидан кейин амалга оширилган. Уларнинг аксари аввал Туркиядан мажбуран чиқариб юборилган қочқинлар бўлган” – деди Халқаро Амнистия ташкилоти вакили Андрю Гарденер.

Халқаро Амнистия ўз баёнотида Туркия ҳукуматини ўзбекистонлик қочқинларнинг Эронга депортация қилингани юзасидан зудлик билан мустақил текширув ўтказишга ҳамда қочқинлар ва бошпана изловчилар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирган.

“Ушбу иккинчи ноқонуний депортация Туркия расмийлари қочқинлар ва бошпана изловчилар ҳуқуқларини писанд қилмаётганига яна бир ёрқин мисолидир” – деди Халқаро Амнистия ташкилоти вакили.

Қочқинлар масалалари бўйича БМТ Олий комиссарлигининг Туркиядаги бўлими вакили Метин Қоработир Туркия хавфсизлик ходимлари томонидан Эронга мажбуран чиқариб юборилган ўзбекистонлик қочқинлар ҳақида буларни айтди:

“Биз айрим инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан депортация пайтида полиция ходимлари қочқинларга қўпол муомала қилгани ҳақидаги иддаоларни эшитдик. Аммо биз бу маълумотни тасдиқлай олмаймаз, уни рад ҳам қила олмаймиз. Биздаги сўнгги маълумотга кўра, ҳозирда қочқинлар Эрон ҳудудида. Аммо улар айнан қаерда эканини билмаймиз” – деди Қочқинлар масалалари бўйича БМТ Олий комиссарлигининг Туркиядаги бўлими матбуот вакили.

Метин Қоработирнинг Озодлик радиосига айтишича, БМТ вакиллари ўзбекистонлик қочқинларнинг кейинги тақдири ҳақида маълумот беришни сўраб Туркия расмийларига мурожаат қилган. Аммо ҳозирга қадар сўровга жавоб келмаган:

“Биз ҳозирга қадар сўровимизга расмий жавоб олмадик. Аммо бизнинг идора бунга ўхшаш воқеалардан шуни яхши биладики, турк расмийлари бундай қочқинлар учун Туркия иккинчи мамлакат. Шу боис улар, жумладан ўзбекистонлик қочқинлар ҳам қочқинлик мақомини олган давлатда, яъни Эронда қолишлари керак деб ҳисоблайди. Биз ўз сўровимизга ҳозиргача расмий жавоб олганимиз йўқ” – деди Қочқинлар масалалари бўйича БМТ Олий комиссарлигининг Туркиядаги бўлими вакили Метин Қоработир.

Бу қочқинларнинг Ўзбекистондан чиқиб кетиши тарихи 90 йиллар ўрталарига бориб тақалади. Ўша пайтда бир гуруҳ ўзбекистонлик диндорлар таъқиблардан қочиб аввал Тожикистонга, кейин Афғонистон ҳудудига ўтиб яшашган. 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан сўнг АҚШ кучлари Афғонистонда толибларни ҳокимиятдан ағдариш учун ҳарбий амалиётлар бошланганидан кейин ўзбекистонлик қочқинлар Эрон ҳудудига ўтган. Кейинроқ Қочқинлар масалалари бўйича БМТнинг Теҳрондаги идораси уларни қочқин сифатида расман тан олган.
XS
SM
MD
LG