Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:57

Туркиядаги ташкилотлар ўзбек қочқинлари тақдиридан хавотирда


Ўз юртига сиғмаган ўзбек қочқинларининг ҳижратдаги турмуши оғир.
Ўз юртига сиғмаган ўзбек қочқинларининг ҳижратдаги турмуши оғир.

Туркиядаги ўнга яқин инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти 28 ўзбек қочқинининг Эронга депортация қилинганини қораламоқда. Қочқинлар гуруҳи 12 октябр куни иккинчи бор куч билан мамлакатдан чиқариб юборилди ва бу гал ҳам Туркиядан чиқарилган ўзбек қочқинларининг кейинги тақдири номаълум қолмоқда.

Туркиядаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қочқинлар Эрон чегараолди ҳудудидаги одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳлар ёҳуд Эрон раҳбарияти томонидан Ўзбекистонга бериб юборилиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқдалар.

15 нафари болалардан иборат бўлган 28 кишилик ўзбек қочқинлари гуруҳи Туркиядан чиқариб юборилганидан буён фақат бир бора ортда қолган яқинларидан бирига сим қоққан.

“Телефонда бир марта гаплашдик. “Бизни яна чиқариб юборишди. Бизга нисбатан жуда қаттиқ муомала бўлди. Қайтиб келманглар деб айтишди” дейишган эди. Шундан бери ҳеч алоқа қила олмаяпмиз. Олдинги сафар бир кишини уришган экан”.

Суҳбатдошимиз мажбуран, эҳтимол, куч қўллаб мамлакатдан чиқариб юборилган ватандошларининг жонига жиддий таҳдид борлигидан хавотирда.

“Улар чиқарилган жойлар Эрон, Ироқ, Туркия ўртасидаги жанг бўлаëтган минтақалар. Нима бўлгани Оллоҳга маълум. Ҳеч қандай маълумот йўқ”.

Эслатиб ўтамиз, бу қочқинлар гуруҳи биринчи бор 12 сентябр куни оқшом полиция томонидан мамлакатдан чиқариб юборилган ва номаълум сабабларга кўра, Эрон чегараолди ҳудудидаги жиноий гуруҳ қўлига тушиб қолган эди.

Одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳ қўлидан озод бўлганидан сўнг эса қочқинлар яна Туркияга қочиб кирдилар. Полиция 12 октябр куни уларни қўлга олиб, яна мамлакатдан чиқариб юборди ва бу гал ҳам улар қай тарзда чиқариб юборилди, бу депортациямиди ёки улардан исталган йўналишда мамлакатни тарк этиш талаб қилиндими каби мазмундаги саволлар очиқ қолмоқда. Туркиянинг Ван вилояти полицияси, миграция хизмати, ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилиб, бу саволларга ойдинлик кирита олмадик.

Шу тариқа, фақат бир бора ортда қолган танишига телефон қилган 28 ўзбек қочқини 1 ёшдан 16 ёшгача бўлган гўдаклари билан шу кунларда қаерда жон сақлаётгани номаълум қолмоқда.

Туркиядаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи 10 га яқин ташкилот бу қочқинларнинг Эрон чегараолди ҳудудидаги баланд тоғлар ичида яшириниб юрган одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳлар томонидан ёҳуд Эрон ҳукумати томонидан Ўзбекистонга бериб юборилишидан хавотирда.

Туркиядаги Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда инсонпарвар ёрдам ташкилоти вакили Гулден Сўнмаз Ўзбекистон томони ҳар қандай йўл билан бўлса-да, қочқинларни юртга қайтаришга уриниши эҳтимолини жиддий хавф, деб санайди.

“Биласизки, Ўзбекистон етакчиси Каримов мамлакатда инсон ҳуқуқларининг поймол этилишига йўл қўйган давлат раҳбари сифатида дунёга маълум. Шу боис, иккинчи маротаба Эронга чиқариб юборилган ўзбек қочқинлари тақдиридан хавотир қилган ҳуқуқ ташкилотлари бирлашиб, Туркия ҳукуматидан Ван вилояти полициясининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига чора кўриш ҳамда қочқинларни зудликда учинчи мамлакатга жўнатишни талаб қилди. Учинчи давлатга чиқарилгунга қадар эса қочқинлар Туркия ҳудудида турсалар, бу улар учун хавфсиз бўлади, фикримизча”, дейди Туркиядаги Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда инсонпарвар ёрдам ташкилоти вакили Гулден Сўнмаз.

БМТ нинг Қочқинлар билан ишлаш Олий коммисарлиги Туркия ваколатхонаси вакили Метин Қоработир эса шу мазмундаги сўрови ва шунингдек, қочқинларнинг куч билан мамлакатдан чиқариб юборилгани ҳамда биринчи гал қандай қилиб жиноий гуруҳ қўлига тушиб қолгани, иккинчи сафар эса нега мутлақо бедарак кетгани сабаблари тўғрисида Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳукуматнинг юқори органларига қилинган сўровлар ҳануз жавобсиз қолаётганини айтди.

Айни вақтда Қоработир бу қочқинлар, халқаро ҳуқуқий нормаларга кўра, илк бор қочқинлик мақоми берилган давлат — Эронда қолиши ва ўша ердан учинчи мамлакатга жўнатилиши кераклигини яна бир карра урғулаб ўтди.

Эслатамиз, 28 ўзбек қочқини 1995 йилда диний эътиқоди туфайли бўлган таъқиблардан қочиб, аввал Тожикистон, кейин Афғонистонга ўтиб яшадилар. 2001 йил 11 сентябрь воқеалари ортидан АҚШ ҳарбий кучлари Афғонистонда толиблар ҳокимиятини ағдариш амалиётини бошланганидан сўнг эса улар Эронга ўтди.

Кейинроқ Қочқинлар ишлари бўйича БМТнинг Теҳрондаги идораси уларни қочқин сифатида расман тан олди. Эронда бу қочқинлар учинчи мамлакатга чиқариб юборилишини қарийб 3 йил кутди. Аммо, бу муддат ичида улар учинчи давлатга чиқарилмагани ва бу борада аниқ жавоб ололмагани боис, шу билан бирга, Эрон уларни Ўзбекистонга бериб юбориши мумкинлиги тўғрисида туғилган хавотирлар боис Туркияга қочиб борган эдилар.
XS
SM
MD
LG