Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:23

Бухорода ҳам "нурчилар" тергов қилинмоқда


Ҳуқуқ фаоллари¸ диний экстремизмда айбланиб қамоққа олинаëтганларнинг яна тергов давомида қийноққа солинишидан хавотирдалар.
Ҳуқуқ фаоллари¸ диний экстремизмда айбланиб қамоққа олинаëтганларнинг яна тергов давомида қийноққа солинишидан хавотирдалар.

Ўзбекистоннинг турли вилоятлари¸ хусусан Бухорода "нурчилик"да айбланган яна ўнлаб ëшларнинг қамоққа олингани¸ халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳларининг жиддий хавотирига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистонда туркиялик диний уламо Саид Нурсий асос солган “нурчилар” диний оқимига аъзоликда гумон қилинаётганларга қарши кампания давом этмоқда ва шу кунгача мазкур оқимга аъзоликда айбланиб¸ суд ҳукми билан 13 нафар шахс турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди.

“Нурчилар” иши юзасидан олиб борилаётган жараёнларни маҳаллий ва халқаро ташкилотлар, жумладан диний эркинликлар масалаларини ёритувчи “Форум-18” ташкилоти ҳам кузатиб бормоқда.

Мазкур ташкилот интернет сайтида эълон қилинган мақолада Ўзбекистонда нафақат “нурчилар”¸ балки насронийларнинг турли оқимлари аъзолари ҳам таъқибга учраётгани билдирилган.

Форум 18 ахборот агентлиги муҳаррири Феликс Корли шу кунларда Бухорода “нурчилар” оқимига аъзоликда гумонланиб қўлга олинган 10 нафар шахс устидан олиб борилган тергов жараëнининг охирлаб қолганини айтади.

- Ҳозир Бухорода 10 нафар “нурчи” устидан суд жараёнининг бошланиши кутилмоқда. Улардан 9 нафари Ички ишлар вазирлигининг тергов изоляторида сақланмоқда, дейди Форум 18 муҳаррири.

Феликс Корлига кўра, ўтган йил 22 декабр куни милиция ва МХХ ходимлари Бухорода яшовчи Икром Меърожевнинг хонадонига бостириб кириб у билан бирга 8 киши, яъни, Музаффар Оллаёров, Ботир Тўхтамуродов, Алишер Жумаев, Абдураҳмон Мусаев, Бобомурод Саноев, Жамшид Рамазонов, Салоҳиддин Қосимов ва Шуҳрат Каримовни қўлга олган. Бир неча кундан кейин Ёдгор исмли яна бир шахс “нурчилар”га алоқадорликда гумонланиб ушланган.

Форум 18 муҳаррири қўлга олинган ўн нафар “нурчи”дан фақат бирига қандай айблов қўйилаётгани маълум эканини айтади.

- Меърожевнинг отаси ўғлининг Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-моддасининг 1-банди 2-қисми¸ шунингдек¸ 244-модданинг 2-банди 1-қисмида қайд этилган жиноятлар бўйича айбланаётганини айтди, дейди Корли.

Демак, Икром Меърожев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг ижтимоий тартибга таҳдид солувчи материаллар тайёрлаганлик ва тарқатганлик, шунингдек, диний-экстремистик, сепаратистик ва фундаменталист гуруҳ тузганлик ва унга аъзо бўлганликда айбланмоқда.

Феликс Корли Ўзбекистон бўйлаб “нурчилар”га қарши олиб борилаётган кампания давомида жуда кўп одам ҳибсга олинганини айтди.

“Нурчилар” иши юзасидан олиб борилаётган жараёнларни маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари кузатиб бормоқда.

Хусусан¸ Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти “нурчилар” иши юзасидан хавотир билдирди.

- Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти “нурчилар” аъзолари устидан ўтказилаётган маҳкама жараёнларидан чуқур ташвишда. Бизнингча¸ бу таъқиблар сиёсий асосга эга, дейди Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Ўзбекистон бўйича вакили Игор Воронцов.

Форум-18 муҳаррири Феликс Корлига кўра¸ сўнгги ойларда Ўзбекистонда фақат “нурчилар” эмас¸ балки насронийларнинг протестант оқими ва бошқа диний гуруҳлар аъзоларига ҳам босимлар кучайган.

Масалан, Олмалиқ шаҳридаги суд хусусий хонадонда йиғилиб ибодат қилганлик учун насронийликнинг баптистлар оқимига мансуб 13 кишига, энг кам иш ҳақининг 50 баробар миқдорида, яъни, 1 миллион 402 минг сўм жарима солинган. Бу ҳақда қарор чиқарган суд ҳаками “Форум 18” вакили билан гаплашишдан бош тортган.

Феликс Корлига кўра, ўтган ҳафта Тошкент метросида милиция ходимлари бир неча насронийни ушлаган ва уларга тегишли бўлган диний адабиётларни олиб қўйган. Метро милицияси ходимлари уларни сўроқ қилинган. Форум 18 муҳаррири ҳозирда уларга нисбатан маъмурий жазо қўлланиши кутилаётганини айтди.
XS
SM
MD
LG