Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:04

"Нурчи"нинг акаси Ўзбекистонга боришдан чўчияпти


Ўзбекистонда "нурчиларни фош этиш" кампанияси давом этмоқда.
Ўзбекистонда "нурчиларни фош этиш" кампанияси давом этмоқда.

"Укам ва унинг дўстлари Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларининг баъзи малакасиз ходимлари қурбони бўлди. Уларни озод қилишга кўмаклашишингизни сўрайман". Бу фан номзоди Илҳом Мерожов хатидан парча.

Аниқроғи, Сибирь матлубот кооперацияси университети доценти, асли бухоролик Илҳом Мерожовнинг инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига йўллаган мурожаатномасида битилган илтимос.

Озодлик радиосига ҳам келиб тушган мазкур ҳужжатда хабар қилинишича, Илҳом Мерожовнинг укаси Икром Мерожов 8 дўсти билан 2008 йилнинг 22 декабрида Бухорода қўлга олинган ва шу кунгача ҳибсда сақланмоқда.

Илҳом Мерожов билан суҳбатга ўтиш олдидан унинг укаси, 22 декабрда қўлга олинган Икромжон тўғрисида баъзи маълумотлар.

Икром ҳам акасидай физика-математика фанлари номзоди. Қўлга олингунига қадар Бухоро давлат университети физика-математика факультетида декан ўринбосари бўлиб ишлаган.

Мурожаатномада келтирилган бу маълумотни тилга олинган ўқув юртининг ўзини таништирмаган мутасаддиси 21 апрель куни тасдиқлади.

- Икромжон йўқ¸ ишда йўқ. У ишдан кетган.

Озодлик: У кишини нурчиликда айблаб қамоққа олишгани тўғрими?

- Ҳозирча ажрим бўлгани йўқ. Ажрим бўлса, биз айтардик. Ҳозир ИИБ гумонсираб олиб кетган. Лекин суд бўлиб¸ ажрим бўлиб бизга ҳеч қанақа қоғоз, хабар келгани йўқ.

Озодлик: Сизлар у киши ҳақида тавсифнома берган экансизлар.

- Икром Мерожовгами?

Озодлик: Ҳа.

- Йўқ¸ бизлардан расмий сўралгани йўқ. Биздан умуман ҳеч ким ҳеч нарса сўрагани йўқ.

Озодлик: Ўзи умуман қандай одам? Жиноятчи деб гумон қилишга арзийдиган бир ....

- Энди у мутахассис сифатида фан номзоди. Ҳисоблаш математикаси мутахассислигини Новосибирскда ўқиган. Яхши мутахассис¸ талабчан ўқитувчи эди. Лекин бу томонлама экстремизмми¸ нурчими, бошқами бўйича бизларда ҳеч қанақа маълумот йўқ эди¸ деди Бухоро давлат университети физика-математика факультети вакили.

Мерожовлар оиласи олимлар оиласидир. Ака-ука фан номзодларининг отаси Завқиддин ака ҳам олим, шу кунда ҳам у Бухоро давлат университети доценти.

Мана энди навбатни Илҳом Мерожовга берамиз.

Демак, суҳбатдошимизнинг айтишича, укаси Икром Мерожов 8 дўсти билан 2008 йилнинг 22 декабрида Бухорода қўлга олинган.

Озодлик: Уйдан диний китобларни олиб кетишган, деяпсиз. Балки масаланинг калити шундадир? Сизнинг ўша китоблардан хабарингиз бормиди?

Илҳом Мерожов: Йўқ. Шу китобларнинг ичидан Бадиуззамон Саид Нурсийнинг “Рисолаи нур” китобини топганлар. Унинг бу китобида фалсафа ва дин орасидаги боғлиқликлар ҳақида ўзининг қарашлари бор.

Озодлик: Ўша китоб укангизнинг кутубхонасига тасодифан тушиб қолганми ëки Нурсий таълимотини тўғри деб билиб, ўша таълимотга эргашганлардан биримиди?

Илҳом Мерожов: Йўқ¸ бу китоб Ўзбекистонда таъқиқланган, деган қонун чиққан эмас. Бу китоб очиқ-ойдин чиқарилган, сотилган. Бу китобни Ўзбекистоннинг “Ўқитувчи” нашриëти ҳам чиқарган. Бу китобнинг маън қилинганлиги ҳеч бир газетада чоп қилинмаган.

Озодлик: Укангизни қўлга олиш учун асос фақат ўша китобми ëки бошқа асос ҳам кўрсатилганми?

Илҳом Мерожов: Ана шу китобларни ўқиш, бошқаларга дарс бериш, деган айбларни қўйишаяпти.

Озодлик: Бу айбловни сиз бирор жойда ҳужжат сифатида кўрдингизми ëки терговчилар айтдими?

Илҳом Мерожов: Улар ажрим чиқарган. Бу ажримнинг менда нусхаси бор. Бугун айблов хулосаси тайëрланган, деб эшитдик. Энди ўшани олишга ҳаракат қиламиз.

Озодлик: Ўша куни, декабрнинг охирида, укангиз қўлга олинганда укангизнинг уйида дўстлари ҳам бўлган экан-а?

Илҳом Мерожов: Ҳа¸ ҳаммасини олиб кетишган. Шу билан тўрт ойдан бери қамоқда.

Озодлик: Демак¸ ўша куни издиҳомда бўлганларнинг ҳаммаси қўлга олинган.

Илҳом Мерожов: Ҳа¸ ҳаммасини қўлга олишган. Уларнинг ичида бизнинг қўшниларимизнинг болалари ҳам бор¸ университет талабалари ҳам бор.

Озодлик: Шу кунгача нурчиликда айбланган иккита гуруҳ судланиб, қамалди. Айтишларича¸ уларнинг аксарияти турк лицейларида ўқиганлар. Сизнинг укангиз ҳам турк лицейида ўқиганми?

Илҳом Мерожов: Йўқ¸ ўқимаган.

Озодлик: Турк лицейга ҳеч қандай алоқаси йўқми?

Илҳом Мерожов: Йўқ¸ ўқимаган ва алоқаси ҳам йўқ. Яна бир нарсани айтиш керакки, нурчилик деган расмий бир ташкилот йўқ. Бу қандайдир ваҳима гаплар. Улар "нурчилар" деб ёрлиқ қилиб осиб қўйишаяпти.

Озодлик: Сизнинг гапингизга ишонадиган бўлсак¸ ёрлиқ қилиб осиб қўйиш¸ бунақа ваҳима қилиш давлатга нима учун керак?

Илҳом Мерожов: Мен тушунмайман. Ўзларининг ваҳималарини ўзларига ваҳима қилиб¸ одамларни қўрқитиб, нима кўрсатиш, яъни шундай органлар борки¸ иш кўрсатиш керак. Улар олиши керак¸ бир кишини қамаши керак. Ана бизлар ишлаяпмиз¸ ëмон одамни ушладик, қамадик, деб кўрсатиш.

Лекин Ўзбекистонда ëмон одамлар бўлмаса¸ нима қилади? Шундай одамларни яратиш керак. Шундай одамларни қамаш керак. Русча айтганда, "образ врага" дейди. Агар у бўлмаса¸ уни ўйлаб топиш керак.

Озодлик: Мана ҳозир сиз Новосибирскдасиз. Бухорога боришингиз мумкинми ëки боришга қўрқаяпсизми?

- Мен боришга қўрқаяпман. Чунки мен ҳар йили борар эдим. Ҳар йил ота-онамни кўришга боришни хоҳлайман. Укам Икромдай очиқкўнгил, софдил, ҳамма иши тўппа-тўғри бўлган кишини бундай туҳмат, бўҳтон билан қамашса, мен қандай бораман у ерга?

Тўғри кишиларни қамаш мумкин, деган фикрларга мен ишонмас эдим. Энди ишонаман. Чунки тўғри кишини қамаб кўрсатишди. Энди мен боришга қўрқаман. Ҳамма провокациялар бўлиши мумкин¸ дейди Илҳом Мерожов.

Унинг айтишича, куни кеча Ўзбекистон президенти девонидан ҳамда Омбудсмендан отаси Завқиддин Мерожовнинг шикоятига жавоб келган.

Жавобда айтилишича, Икром Мерожов Жиноят кодексининг 244-моддасида назарда тутилган жиноят – экстремистик гуруҳ тузиш ва уни бошқаришда айбланмоқда.

Бухоролик олимлар оиласи ҳамда яна 8 оила ўз яқинлари устидан судлов бошланишини кутмоқда.
XS
SM
MD
LG