Линклар

Шошилинч хабар
19 май 2024, Тошкент вақти: 01:01

Андижон такрорланиши мумкинми?


Гувоҳларнинг айтишича¸ 2005 йилнинг 13 май куни ҳукумат кучлари Бобур майдонига тўпланган ëшу қари¸ эркагу аëл¸ ҳатто гўдакларгача отиб ташлади.
Гувоҳларнинг айтишича¸ 2005 йилнинг 13 май куни ҳукумат кучлари Бобур майдонига тўпланган ëшу қари¸ эркагу аëл¸ ҳатто гўдакларгача отиб ташлади.

Ўзбекистонда халқ ўз норозилигини билдириш учун кўчаларга чиқса¸ бу яна қон тўкилишига олиб келадими? Бу саволларга Ўзбекистон ичкарисидаги оддий одамлар жавоб берадилар.

Биринчи суҳбатдош:

- Агар ҳаëт мана шу тарзда кетса¸ такрорланиши мумкин. Чунки ҳаëт кундан кунга оғирлашиб¸ қийинлашиб бораяпти. Андижонда халқ кўчага митинг қилиб чиққан. Ўша нарса яна такрорланиши мумкин. Чунки халқ ичида норозилик кундан кунга кучайиб бораяпти.

Озодлик: Ўзбек халқи кўчага чиқадиган бўлса¸ яна қон тўкилиши мумкинми?

- Ҳукуматимиз Андижон воқеаларидан кейин халқаро ташкилотлардан¸ бошқалардан жуда кўп дашномлар эшитди. Энди билмадим. Бу нарсадан сал ўзини тийиб турса керак.

Иккинчи суҳбатдош:

- Энди ота олмайди. Шунча гапдан кейин қандай қилиб отади? Энди отмайди¸ кўчага чиққани ҳам қўймайди. Ҳозир Ўзбекистонда кўчага чиқадиган халқнинг ўзи ҳам йўқку. Халқ қўрқади.

Учинчи суҳбатдош:

- Кўчага чиқиш Хоразмда бўлмаса ҳам бошқа вилоятларда бўлиши мумкин. Чунки Хоразм халқи қўрқоқ халқ. Ўлиб кетса кетади¸ лекин мансабдаги одамни ўғри деб айта олмайди.

Ҳокимдан¸ милициядан¸ прокурордан қўрқамиз. Хусусан¸ бизнинг Хоразмда ўзини ўзи ҳимоя қилиш¸ деган нарса йўқ. Бу нарса Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида бор.

Мен водий халқига ишонаман. Улар ҳақиқат йўқлигини¸ давлат бошлиқлари халққа ситам ўтказаëтганини очиқ гапиради.

Озодлик: Халқ яна бирон жойда кўчага чиқса¸ халққа қарши яна қурол ишлатилиши мумкинми?

- Энди бомбалаб ташлайди. Каримов ҳамма нарса қилади. Чунки Каримовда халққа нафрат билан қараш бор.

Тўртинчи суҳбатдош:

- Менимча¸ бу нарсалар ҳукуматдан йироқ бўлган нарсалар. Мен бу воқеалар содир бўлмаслиги керак эди¸ деб ўйлайман.

Бешинчи суҳбатдош:

- Аҳвол бу тарзда бораверса¸ 2005 йилдагига ўхшаган чиқишлар яна бўлади. Аммо агар ҳукумат ўзига қанақадир зарарини сезиб қолса¸ қуролни яна ишлатади. Бошқа иложи йўқ. Мулоқот йўқ. Ана шунинг фожеаси бу. Мухолифатни¸ бошқача фикрлайдиганларни эшитиш йўқ.

Олтинчи суҳбатдош:

- Дарди ошиб кетгандан кейин чиқмай нима қилади? Мурожаат қилганингиз билан ҳеч нарсада ўзгариш бўлмайди. Кўп одамларнинг дардини эшитсангиз¸ ўлимига рози. Мен шунақа яшашдан тўйганларнинг кўпини кўрганман. Халқнинг жонига текканидан кейин чиққанини ўзи сезмай қолади.

Озодлик: Халқ яна кўчага чиқадиган бўлса¸ ҳукумат халққа нисбатан яна қурол ишлатиши мумкинми?

- Менимча¸ йўқ. Чунки халқнинг ҳаммаси бир ëқадан бош чиқаради. Халқ бирлик дейди. Бутун халқнинг юраги тўлқиндай отилиб кетгандан кейин ҳеч ким уни қайтара олмайди.

Еттинчи суҳбатдош:

- Қашқадарë¸ Сурхондарëда бўлмайди бу. Водий томонларда бўлмаса¸ бу ëқда унақа нарса бўлмайди.

Озодлик: Халқ яна кўчага чиқадиган бўлса¸ уларга нисбатан яна қурол ишлатилиши мумкинми?

- Ким билади дейсиз. Буни айтиб бўлмайди.

Саккизинчи суҳбатдош:

- Менимча¸ бу нарса такрорланмаса керак. Чунки уже етарли бўлди. Халқ намойиш ҳам ўтказа олмайди. Ҳукумат раҳбарларига келсак¸ уларга Ғарб давлатларининг катта босими бўлди. Шунинг учун улар қурол ишлата олмайди.

Тўққизинчи суҳбатдош:

- Андижон воқеаси яна бўлиши мумкиндир¸ аммо бўладиган бўлса¸ бу шаклда бўлмайди. Халқ ўз дардини оммавий тарзда айтиш қонли якунланишини кўрди. Бўлса ҳам бошқача шаклда бўлиши мумкин.

Масалан саройнинг ўзидан¸ кучишлатар тизимлардан¸ президент девонидан чиқиши мумкин. Мана кейинги пайтларда¸ ҳукуматнинг бошқа чораси қолмаган чоғи¸ кўп мансабдорлар ишдан олинаяпти¸ жиноий жавобгарликка тортилаяпти. Бу нарса фақат юқори эшалонда бўлиш эҳтимоли бор¸ холос.
XS
SM
MD
LG