Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:36

Фозил қори дунёдан ўтди


Ўзбекистонлик таниқли имом Фозил қори Ёсин ўғли муборак Рамазон ойининг сўнгги кунларида дорилбақога риҳлат қилди
Ўзбекистонлик таниқли имом Фозил қори Ёсин ўғли муборак Рамазон ойининг сўнгги кунларида дорилбақога риҳлат қилди

19 сентябр куни эрта тонгда Тошкентда Қаффол Шоший жомеъ масжиди имом-хатиби Фозил қори Собиров мияга қон қуйилиши оқибатида 58 ёшида оламдан ўтди. Марҳум Тошкентдаги Ваққос ота қабристонига дафн қилинди.

Собиқ иттифоқ давридан буён мусулмонларга исломий тарбия йўлида ваъз-насиҳатлар қилиб келган Фозил қори Ёсин ўғли Ўзбекистондаги таниқли имом-хатиблардан бири эди.

Марҳумнинг жанозасида қатнашган Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг раис муовини Абдулазиз Мансур гапиради:

- Бисмиллоҳир-роҳманир-роҳийм. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун.
Бугун юртимизда энг кўзга кўринган имом-хатибларимиздан, ўзининг таъсирчан маърузалари билан халқимиз қалбидан жой олган, таъсирчан маърузалари билан жума кунлари бир неча масжидларда ишлаб, номи чиққан машхур Фозил қори укамиз 58 ёшда дунёдан ўтдилар. Фозил қори аканинг хизматлари ўша ўқиган-билганларини, устозлардан олган билимларини халққа етказишда. У имом-хатибларимизни ичида энг кўзга кўринган имомлардан эди. Чунки сўзлари, гаплари жуда таъсирли бўлиб, жонли ривоятлардан, ҳаётдан мисоллар келтириб жуда ҳам таъсирчан маърузалар қилардилар. Шунинг учун бу инсоннинг маърузалари видео-аудио кассеталарда, компакт-дискларда бутун халққа етиб борган. Шунинг учун у одам ўтиб кетган бўлса ҳам сўзлари, узоқ вақт халқимизни шу, айниқса, ота-оналарни рози қилиш, уларни ҳурмат қилиш тўғрисида фарзандларга насиҳатлари жуда таъсирли эди. Мен у киши билан жуда кўп марта бирга бўлганман. Мени ҳурмат қилиб: “сиз гапиринг” деган пайтларида ҳам, “йўқ, халққа Сиз яхши, манзур маъруза қиласиз” деб, мен ўзим ижозат берардим. Ниҳоятда таъсирли қилиб халқимизга ўз маърузаларини етказиб келган атоқли, йирик уламо, имом-хатиблардан эди. Аллоҳ раҳмат қилсин. Орқаларидан қолган оила аъзоларига, яқин кишиларига Аллоҳ сабри жамийл, файзи баракот, умрлар ато қилсин, деб дуо қилиб қоламиз, деди Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг раис муовини Абдулазиз Мансур.

Ҳозирда муҳожиротда яшаётган ўзбекистонлик таниқли олим Обидхон қори Назаров марҳум Фозил қорининг исломий эътиқод учун таъқиб кундалик нормага айланган совет замонида ҳам диний даъватдан тўхтамаган заҳматкаш инсон сифатида эслайди.

- Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун.
Бу хабарни эшитиб жуда ҳам қайғуга тушдим. Аллоҳ таолло у кишини раҳматига олсин. Фозил қори ака Совет давридаёқ танилган, Ўзбекистонга машхур бўлган имомлардан бўлгандилар. У пайтда биз мадрасадан ўқирдик ҳали. У кишининг маърузалари, яна андижонлик бир кишининг маърузалари (отлари ҳозир эсимга келмаяпти), Ўзбекистон бўйлаб тарқалар эди. Яъни ҳар жума у кишининг маърузаларини кассеталарга ёзиб, мусулмонлар қўлма-қўл қилиб эшитишарди. Жуда бир таъсирли маърузалар қилардилар. Ҳали у пайтда Совет империяси ва динга қарши ташвиқотлар ҳам бўлиб турган пайтда у киши анча жонбозлик кўрсатган. Аллоҳ таолодан у кишини қилган барча ҳаракатларини, дин йўлида кўрсатган хизматларини даргоҳида қабул қилишини сўраймиз. Ётган жойларини жаннатдан бўлишига Аллоҳ муваффақ айласин. Оила аъзолари, фарзандларига ҳам сабр тилаймиз, деди Обид қори Назаров.
XS
SM
MD
LG