Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:14

Вашингтон Марказий Осиëни ҳамкорга айлантирмоқчи


АҚШ Давлат департаменти мулозими Жорж Крол¸ яқинда Тошкентда президент Каримов билан учрашиб қайтди.
АҚШ Давлат департаменти мулозими Жорж Крол¸ яқинда Тошкентда президент Каримов билан учрашиб қайтди.

АҚШ Сенати қошидаги Ташқи алоқалар қўмитасида Марказий Осиё¸ хусусан Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг ўта муҳимлиги таъкидланганидан икки кун ўтиб¸ Ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг АҚШга сафар бошлаши кутилмоқда.

АҚШ Сенатининг Ташқи алоқалар қўмитасида сўзлаган мутахассислар Обама маъмурияти Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни бу минтақанинг нафақат Афғонистон муаммосини ҳал этишда тутган муҳим роли¸ балки бошқа қатор сабабларга кўра устивор мақсадлардан бири қилиб белгилаганини таъкидладилар.

Демократ сенатор Роберт Кейси Марказий Осиё давлатлари АҚШ ва НАТОнинг Афғонистондаги ҳарбий операциялари учун ўта муҳим эканини айтди. Ўз чиқишида Кейси¸ ядровий материаллар тарқалиши, экстремизм бош кўтариши хавфи бўлган, камбағаллик туфайли муаммолар пайдо бўлаётган, демократик тизимлар суст бўлган, шунингдек, энергия ресурсларини ўзлаштиришда қийинчиликлар пайдо бўлаётган бу минтақага АҚШ стратегик ва узоқ муддатни кўзлаб ёндашиши кераклигини айтди.

Йиғилишда сўзлаган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Жорж Крол АҚШнинг Марказий Осиёдаги мақсади минтақа ҳукуматлари ва халқлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, Афғонистон ва Покистонда экстремизмни енгиш учун минтақанинг энергия ресурсларини ривожлантириш, яхши бошқарувни йўлга қўйиш ва инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини таъминлаш ҳамда бозор иқтисодиётини тарғиб қилишдан иборат эканини айтди.

- АҚШ Марказий Осиёда барқарорлик, тараққиёт, хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар ўтказилишини тарғиб қилишдан катта манфаатдордир, деди Жорж Крол.

Давлат департаменти расмийси шунингдек¸ Марказий Осиёдаги ижобий ўзгаришлар АҚШ учун янги ишончли ҳамкорлар яратиши мумкинлигини таъкидлади.

- Минтақанинг иқтисодий тараққиёти ва демократик-сиёсий ўзгаришлар давомли барқарорлик яратиш баробарида оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олиш, наркотикларга қарши кураш, энергия хавфсизлигини таъминлаш каби глобал муаммоларни ҳал этишда АҚШ учун ишончли ҳамкорларни яратиши мумкин¸ деди Жорж Крол.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Жорж Крол ўтган ой охирида Тошкентга сафар қилганидан сўнг ахборот воситаларида декабр ойида Ўзбекистон ва АҚШ делегациялари ўртасида Вашингтонда илк бор маслаҳатлашув бўлиб ўтиши маълум қилинди.

Чоршанба куни “Uzmetronom” интернет газетаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг АҚШга сафари 17 декабр куни бошланишини хабар қилди.

Ўзбекистон делегациясининг Вашингтонга ташрифи АҚШ Сенатида Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинганидан икки кун ўтиб амалга ошмоқда.

Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси Брюс Панниэр, Норов сафари давомида икки давлат ўртасидаги алоқаларни яхшилаш, хусусан, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва АҚШ сармоясини Ўзбекистонга жалб этиш масалалари муҳокама этилишини тахмин қилади.

Панниэр шунингдек учрашув кун тартибига хавфсизлик масалаларининг ҳам қўйилишинии айтади.

- Муҳокама этилажак бошқа масала хавфсизлик масаласи бўлиши шубҳасиз. Зотан, президент Ислом Каримов учун бу устивор масала ҳисобланади. Каримов Афғонистонда вазиятни барқарорлаштириш учун АҚШ қандай чоралар кўраётгани ва қандай чоралар кўришни режалаётганини, бунинг учун Ўзбекистон АҚШ ва иттифоқчиларига қандай ёрдам бериши мумкинлигини билишни хоҳлайди. Учрашувда яна жуда кўп разведка маълумотлари алмашилиши мумкин. Биз бу ҳақда ҳеч қандай маълумот ололмаслигимиз аниқ. Менимча, Ўзбекистон ва АҚШ Афғонистон ва Покистоннинг қабилалар яшайдиган минтақаларида нималар бўлаётгани, жумладан наркотиклар контрабандасига оид маълумотларни алмашади ва уни бартараф қилиш учун ҳамкорликда қандай чоралар кўриш масаласи муҳокама этилади¸ дейди Брюс Панниэр.

Брюс Панниэр АҚШ расмийларининг Ўзбекистон делегацияси билан мулоқоти чоғида инсон ҳуқуқлари, демократия, иқтисодий ислоҳотлар каби масалаларнинг ҳам тилга олинишини тахмин қилади.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Малик Абдураззоқов ҳам Ўзбекистон ва АҚШ расмийлари учрашувида Афғонистон асосий масала бўлади¸ деган фикрга қўшилади.

- Биринчи муаммо¸ бу Афғонистон муаммоси. Иккинчи муаммо, уни Ўзбекистон ҳукумати кўтаради, яъни, минтақанинг гидроэнергетик муаммосини ҳал қилиш ҳақида Ўзбекистон ўз фикрларини айтади ва уни ечишга АҚШни жалб қилишга уринади. Учрашувда иқтисодий масалалар ҳам кўриб чиқилади. Бундан ташқари¸ ҳарбий ислоҳотлар ўтказишда Ўзбекистонга АҚШнинг ҳарбий ёрдами керак бўлади. Чунки Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотида Ўзбекистон умуман қатнашмаяпти. КХШТ Ўзбекистонга етарли даражада ёрдам бермади. Барибир Ўзбекистон Ғарб мамлакатларининг ҳарбий ёрдамидан фойдаланишга мажбур бўлади, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи.

Брюс Панниэр фикрича, 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон делегациясининг АҚШга илк бор сафари сиёсий аҳамиятга эга.

- Ўзбекистон ҳукумати нафақат минтақа давлатлари, шунингдек, Хитой ва Россияга ҳам қатор дўстлари борлиги ва улар орасида ҳозир дунёдаги ягона қудратли давлат бўлган АҚШ ҳам борлигини кўрсатишни хоҳлайди. Ўзаро алоқалар жуда яхши бўлгани боис икки давлат делегациялари келажак алоқалар ҳақида дўстона ва очиқ мулоқот олиб борилаётганини кўрсатишни хоҳлайди, дейди Брюс Панниэр.

Малик Абдураззоқов ҳам Ўзбекистон делегациясининг АҚШга сафари сиёсий аҳамиятга эга¸ деган фикрга қўшилади. Унга кўра, Афғонистондаги АҚШ ва НАТО кучларига имкон қадар ёрдам беришни хоҳлаётган Ўзбекистоннинг минтақавий ва бошқа муаммоларини ҳал этишида АҚШ муҳим рол ўйнаши мумкин.

- Ўзбекистон келажакда қандай мамлакат бўлмасин, қандай ташқи сиёсат олиб бормасин, ҳатто кўп векторли сиёсат олиб борган тақдирда ҳам битта катта омил АҚШ билан боғлиқ омил бўлади. Чунки бу престиж, мода эмас, балки кўпгина муаммоларни амалда ечишда биз учун муҳим рол ўйнайди, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи Малик Абдураззоқов.
XS
SM
MD
LG