Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:43

“Солиҳ миллат учун қайғурган инсон”


Таниқли шоир, “Эрк” партияси лидери Муҳаммад Солиҳнинг таваллуд айёми муносабати билан таниқли сиёсатчилар ва унинг ёр-биродарлари Озодликка интервю бердилар.

Нажмиддин Эрбақан (1996-97 йилларда Туркия бош вазири): Муҳаммад Солиҳ дўстимиз билан халқаро исломий йиғинларда бирга бўлиб, дунë масалаларини муҳокама қилганман. Солиҳ ўз миллати учун қайғурадиган¸ шуурли бир инсондир.

У Ўзбекистоннинг мустақил бўлишини¸ қаддини тиклашини¸ заҳиралари эса талон-тарож қилинмаслигини жуда истаган бир курашчи укамиздир.

Бу курашчи дўстимизнинг ишлари муваффақиятли бўлишини тилаймиз, токи бутун ислом олами Ўзбекистон каби қийматли бир қардошини ўз бағрига боссин.

Ўзбекистон тарихда катта дин олимларини етиштирган муаззам маданият марказидир.

Биз Ўзбекистон билан фахрланамиз.

Ўзбекистон стратегик тарафдан ҳам, тарихий жиҳатдан ҳам муҳим ўлкадир.

Ўзбекистон масаласи бутун инсоният муаммолари ечими нуқтаи назарида ҳам муҳимдир.

Муаммолар ижобат бўлиши учун Муҳаммад Солиҳ каби мушоҳадали инсонларнинг Ўзбекистонда ҳокимиятга келиши ва назоратни ўз қўлларига олишлари лозим, деб ўйлайман.

Муҳаммад Солиҳбейни Ўзбекистон тарихда шарафли ўрин олиш учун ҳаракат қилаëтган курашчи сифатида қадрлайман.

У кишига яхши тилаклар ва муваффақиятлар тилайман.

***

Вячеслав Охунов (ўзбекистонлик таниқли рассом, тасвирий санъат соҳасидаги халқаро мукофотлар соҳиби): Етмишинчи йиллар мени Муҳаммад Солиҳ билан юзлаштирган эди.
Мен рассом, у эса шоир эди, аммо биз бир хил кайфиятни икки восита билан ифода қилаëтган руҳдошлар эдик.

Айни мажоз ва метафоралар бор эди мен чизган расмлар ва у ëзган мисраларда.

Саксонинчи йилларда Муҳаммад Солиҳ сиëсат билан шуғуллана бошлагани мен учун кутилмаган хабар бўлди.

Мен диссидент руҳдаги расмлар чизсам-да, ичимда мухолиф сиëсатчи бўлишга лойиқ руҳ ва журъат йўқ эди.

Муҳаммад Солиҳ эса ана шундай журъат соҳиби.

Сиëсатчи бўлиш учун кучли ички руҳ лозим. Солиҳда шундай руҳ бор.

Мен уни оммага таъсир қилиш кучини кузатдим. У одамларга қарата: “Ўзбекистон мустақил ва эркин давлат бўлиши керак” деб айтар, одамлар эса унга ишонар эди.

Кейинчалик Солиҳ парламентдан ўрин олганда севиндим¸ уни қамашганида¸ мамлакатдан қувишганида эса қайғурдим.

Биз деярли тенгдошлармиз. У мендан бир ëш кичик. Биз - икки дўст 20 йил кўришмадик.
У қувғинда мен эса Тошкентда эдик.

Яқинда учрашдик. Мен бу учрашувдан жуда севиндим, чунки у сира ўзгармабди.
Ўша журъат¸ ўша жасорат, ўша-ўша руҳ....

У худди аввалгидай жуда оддий ва ҳассос дўст сифатида ўзгармасдан қолибди.
Бу жуда яхши.

Мен ҳурсандман ва дўстим Муҳаммад Солиҳни 60 ëши билан қутлайман.

Дўстимга тез орада Тошкентга қайтиб, ўз партияси фаолиятини тиклаши ва Ўзбекистон сиëсий ҳаëтига фаол киришишини тилайман.
XS
SM
MD
LG