Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:52

Анқара ва Душанбе маданий ҳамкорликни ривожлантиради


Тожикистон марказий кутубхонасида сақланаётган юз элликка яқин нодир қўлёзмаларнинг каттагина қисми ўзбек классиклари қаламига мансуб асарлардир.
Тожикистон марказий кутубхонасида сақланаётган юз элликка яқин нодир қўлёзмаларнинг каттагина қисми ўзбек классиклари қаламига мансуб асарлардир.

Туркия 2010 йилда Тожикистон қўлёзмалар институтида сақланаётган минглаб нодир қўлёзмаларни реставрация қилиб, уларнинг электрон версиясини тайёрлаб бермоқчи.

Шу йил 17 декабрида Туркиянинг Кўнё шаҳрида Мавлоно Жалолиддин Румий вафотининг 736 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтиб, унда Тожикистон маданият вазири Мирзошоҳруҳ Асрорий ҳам қатнашди. Маданият вазирлигининг халқаро алоқалар бўлими ходими Абдусалом Ражабовнинг маълум қилишича, Туркия маданият вазири Эртуғлур Гуна билан музокара чоғида Мирзошоҳруҳ Асрорий ўз давлати 2010 йилда Туркия билан маданий алоқаларини янада мустаҳкамлаш ниятида эканини билдирган.

- Туркия томони ҳам, ўз навбатида, Тожикистонга қўлёзмаларни реставрация қилиш ва унинг электрон шаклини ишлаб чиқишни йўлга қўйишга кўмаклашишини билдирди. 18 декабр куни икки ёқлама имзоланган битимга биноан 2010 йил аввалида туркиялик бир гуруҳ тажрибали мутахассислар Душанбега келади. Қўлёзмалар устида ишлаш баробарида туркияликлар Душанбе шаҳрида қўлёзмаларни тиклаш бўйича илк лаборатория ташкил қилишни ҳам режалаштирган, дея маълум қилди маданият вазирлиги расмийси Ражабов.

Унинг айтишича, Тожикистонда бундай лабораториянинг ташкил этилиши кўп жиҳатлари билан арзон ва қулай бўлади.

Айни пайтда Тожикистон қўлёзмалар институти директори Караматулло Олимов мамлакатда нодир китобларни тиклаш ва унинг электрон вариантини ишлаш аллақачон йўлга қўйилганини билдирди.

- Институтимизда тахминан 5 мингдан ортиқ қўлёзма мавжуд. Уларнинг аксарияти нодир нашрлар бўлиб, улар таъмирга муҳтож. Ҳозирда институтимизда Араб амирликларидан келган бир гуруҳ мутахассислар қўлёзмаларни таъмирлаш ва уни дискларга кўчириш устида ишлашмоқда. Менимча, айнан шундай ишни бажарадиган яна қўшимча гуруҳнинг Туркиядан Душанбега даъват этилиши ортиқча. Бу борада арабистонликлар билан ҳамкорлигимиз яхши йўлга қўйилган, деди Караматулло Олимов.

Тожикистон марказий кутубхонаси директори Шариф Аминов шу йил Душанбе шаҳрида китоб мавзуига бағишлаб ўтказилган бир тадбирда ўз кутубхонаси олтин фондида 144 та нодир қўлёзма сақланаётганини ва улар ҳам таъмирталаб эканини маълум қилган эди. Мазкур қўлёзмаларнинг каттагина қисми ўзбек классикларига тегишли.
XS
SM
MD
LG