Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:24

Туркманистон ўзбек келинларини бадарға қилишда давом этмоқда


Яхши ният билан Туркманистонга келин бўлиб борган ўзбек қизлари бугун расмийлар зулми туфайли ўз оилаларидан ажраб¸ Ўзбекистонга бадарға қилинмоқда.
Яхши ният билан Туркманистонга келин бўлиб борган ўзбек қизлари бугун расмийлар зулми туфайли ўз оилаларидан ажраб¸ Ўзбекистонга бадарға қилинмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркман ташаббуси гуруҳи тарқатган хабарга кўра, Туркманистоннинг Лебап вилоятига турмушга чиққан 30 га яқин бухоролик аёл болалари билан биргаликда пинҳона тарзда Ўзбекистонга депортация қилинган.



Бу аёлларнинг барчаси Туркманистон фуқароларига турмушга чиққан ва айримлари кўп йиллардан бери шу ерда истиқомат қилиб келган.

Туркманистоннинг Сакар туманида апрел ойида бошланган маҳаллий полиция ва миграция хизматининг бадарға қилиш операцияси асосан маҳаллий эркакларга турмушга чиқиб¸ бир неча болалик бўлган ўзбекистонлик аёлларга қаратилган ва бугунги кунда ҳам давом этмоқда, дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркман ташаббуси гуруҳи раҳбари Фарид Тухватуллин:

- Бу масалани ўрганишга киришаётган вақтимизда бадарға қилиш ҳолатлари фақатгина Сакар туманида кузатилган эди. Мана бугунги кунда бизнининг маълумотимизга кўра¸ Лебап вилоятининг бошқа туманларида, масалан, Фаробда ҳам махсус кучлар депортация қилиш операциялари амалга оширилмоқда. Бутун Лебап вилояти Ўзбекистон билан чегарадош. Бу амалиётнинг сабаблари совет даврида чегаралар номигагина мавжуд даврда қиз бериб-қиз олиш ҳолатлари одатий бўлган.

Союз тарқади, ва туркманбоши Ниёзов киритган қоидага кўра¸ туркманистонлик хориж фуқаросига уйланса¸ давлат хазинасига 50 минг АҚШ доллари миқдорида товон тўлаши керак эди. Албатта, бировда бунча пули бўлган тақдирда ҳам ҳеч ким тўламаган, натижада бундай никоҳлар расмийлаштирилмаган.Туркманистон қонунларининг нобоплиги боис, турмушга чиққан аёлларнинг ўз ҳолатларини расмийлаштиришга уринишлари ҳеч қандай натижа бермайди. На фуқаролик, на вақтинчалик яшаш тўғрисидаги хужжат берилади, дейди ҳозирда Венада фаолият юритаëтган Фарид Тухватуллин.

Ҳуқуқ фаолининг сўзларига кўра, туркманистонликка турмушга чиққан ўзбек аёлларини бадарға қилиш бошқа вилоятларда ҳам кузатилган:

- Бу каби “тозалаш” ишлари туркман ҳукумати томонидан Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларда вақт-вақти билан олиб борилмоқда. Бу масалани биз ўтган йили ҳам, ундан олдинги йил ҳам кўтарган эдик. Масалан, Тошҳовуз вилоятида кўп йиллардан бери Туркманистонда яшаб келаётган ёши катта аёллар фарзандлари билан бадарға қилинган. Бу ёввойилик, лекин афсуски ҳақиқат: Турманистонда фуқаролик олиш мумкин эмас! Бундай қийинчиликлар Афғонистондан ва Эрондан келган аёлларга ҳам таалуқли. Қочоқлар ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади, дейди Фарид Тухватуллин.

Туркманистон ҳукуматининг ўзбек келинлардан қўрқиши сабабларини сўраганимизда, ҳуқуқ фаоли бу ҳақда фақат тахмин қилиш мумкинлигини билдирди:

- Билишимча, улар диний қарашлар кучли бўлган Ўзбекистондан Туркманистонга ҳукуматга номақбул ғоялар кириб келишидан қўрқади. Умуман олганда¸ бу оддий олдамларнинг тақдирига, турмушига бўлган ҳокимиятнинг бефарқлиги, дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркман Ташаббуси гуруҳи раҳбари Фарид Тухватуллин.

Туркманистон фуқароси билан оила қурганлар доимий яшаш ҳуқуқи¸ хусусан туркман фуқаролигини олиш учун нима қилиши лозим? деган саволга жавоб олиш мақсадида Турманистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилдик:

- Сиз Ўзбекистондаги элчихонага мурожаат қилинг...Лекин фойдаси йўқ барибир.

Озодлик: Нега фойдаси йўқ. Масалан¸ туркманистонликка турмушга чиққан аëл бир неча йил яшасачи Туркманистонда?

- Унда ҳам фуқаролик берилмайди. Фуқароликни биров олганини эшитмаганман. Фарзандлари туғилса ҳам у аёл Ўзбекистон фуқароси сифатида яшайверади, фақат эри визасини узайтириб бораверади. У аввалига 7 йил яшаши керак, кейингина фуқароликка хужжат йиға бошлайди.

Озодлик: Ҳужжатлар йиғилгандан кейин қанча вақт кутади? Фуқаролик берилмаслиги ҳам мумкинми шундан кейин?

- Бизда 10 йилдан ортиқ яшаган одамлар фуқаролик олгани йуқ. Мен сизга айтишим мумкин - Турманистонда фуқаролик олиб бўлмайди. Бу масалани президентнинг ўзи ҳал этади. Ҳужжатлар тўплангандан кейин ҳам берилмаслиги мумкин, чунки у ерда сиз бир ўзингиз эмассиз, кўпчилик навбатда.

Озодлик: Агарда хужжатларни тўплай олмаса ёки ҳужжатларининг муддати ўтиб кетса..

- У депортация қилинади. Шунга қарамасдан бизнинг мамлакатимиз ажойиб¸ дея якунлади номини айтишни истамаган Ташқи ишлар вазирлиги мутассадиси.

Ўзбекистонга бадарға қилинган аёлларнинг кўпчилиги Туркманистон кучишлатар тизимлари эрларига тазйиқ ўтказиши мумкинлигидан қўрқиб, Озодликка ўз кўргуликларини ҳикоя қилишни исташмади.
XS
SM
MD
LG