Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:19

Туркия Ўш ва Жалолободда уйларни тиклаш учун 21 миллион доллар ҳадя қилди


Уйи ва моли куйдирилган ўзбеклар¸ совуқ тушгунга қадар қандай қилиб чолдеворини қайта тиклашни билолмай доғда.
Уйи ва моли куйдирилган ўзбеклар¸ совуқ тушгунга қадар қандай қилиб чолдеворини қайта тиклашни билолмай доғда.

Туркиядаги Жаҳон хабарлар агентлигига кўра¸ бу маблағ Турк ишбирлиги ва қалқинма идораси воситачилигида уйи куйганларга иморат тиклаш учун сарфланади.




21 миллионлик ëрдам пули ҳақидаги хабарнинг сиëҳи қуримасдан бу ëрдам пулидан 10 миллионининг Бишкекдаги вақтли ҳукумат эҳтиëжлари учун ишлатилажаги аëн бўлди.

Ҳар ҳолда Бишкекка борган Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довудўғли бу борада баëнот берди.

Вақтли ҳукумат вакили Алмаз Атамбаевнинг "турклардан олинган ëрдам пулининг Бишкек эҳтиëжидан ортган 11 миллиони Ўш ва Жалободдаги уйсизлар эҳтиëжи учун сарфланади" деган иддаосига эса уйи куйганлар ишонқирамаяпти.

Ўшнинг Черëмушки мавзеида яшовчи 45 ëшлик чилангар Ҳосилбек бир кечада ҳам уйидан¸ ҳам яқинларидан жудо бўлди. Ҳозир у Қизил ярим ой жамияти берган латта капада яшаяпти. Мен уй-жойга муҳтожман¸ дейди Ҳосилбек.

- Мутлоқ уйим йўқ. Капада ўтирибман. Икки оила яшардик. Менда беш бола¸ укамда беш бола. Мана ҳозир онам ëниб кетди¸ укамиз ëниб кетди. Яна бир синглим онамга қарагани келган эди. Шу куни у синглим ҳам шу хонадонда ëнди. Унинг ҳам икки боласи қолди. Менда ҳеч нарса йўқ. Куйган уйимга палатка қуриб ëтибман. Бу ëтиш уже менинг жонимга ҳам тегди¸ дейди Ҳосилбек.

Ҳосилбек шунча йил яшаб¸ ишлаб¸ пировардида уйсиз қоламан деб сира ўйламаган эди.

- Мен буни ҳеч қачон ўйлаган эмасман. 1990 йилги воқеаларни ўйлаб юрардим¸ лекин Ўшнинг бу даражада ëниб куйишини хаëлимга ҳам келтирган эмасман.

Озодлик: Туркия ҳукуматининг Ўшда уй-жой қурилиши учун ажратган ëрдами сизгача етиб келишига ишонасизми?

- Қайси давлат бўлишидан қатъий назар қўлимизга пулни берса¸ материалларни ўзлари олиб келиб берса¸ ҳисобини қилса. Биз шуни хоҳлаймиз холос¸ дейди Ҳосилбек.

Черëмушки маҳалласидаги уйи куйдирилган бошқа ўзбеклар ҳам ëрдам пули вақтли ҳукумат тарафидан талон-тарож қилинади¸ деган фикрда.

- Туркия ҳукумати ўтказган пуллар бизнинг қўлимизга тегмайди. Давлатдагилар буни ўзларига ишлатади. Бизнинг ўзимизнинг қўлимизга бермаса¸ бизга тегмайди¸ дейди Черëмушки маҳалласидаги уйи куйдирилган ўзбеклардан бири.

Ҳосилбек яшайдиган маҳалла фаоли Хайрулла ака Туркия ҳукумати ўз ëрдамини конкрет уйи куйганларга адресли қилиб берса маъқул бўлар эди¸ деган таклифни айтади.

- Ўша айтилган пулни ҳар бир хонадонга индивидуалний берса¸ одамларнинг ўзининг қўлига тегади. Лекин ҳокимият томонидан берилса¸ одамлар унчалик манфаат кўрмайди. 11 миллион долларни жабр кўрганларнинг ҳар бирига берса¸ одамлар шунда манфаат кўриши мумкин¸ дейди Хайрулла ака.

Туркия Миллий мажлиси депутати Атилла Қоянинг Озодликка айтишича¸ берилаëтган ëрдамни¸Хайрулла ака айтаëтган каби¸ адресли қилишнинг сира иложи йўқ.

- Сира иложи йўқ. Биз ëрдамни Эшмат ë Тошматга ëки фақат ўзбекка беринг¸ дея олмаймиз. Биз қардошларимизни қирғиз-ўзбекка ажрата олмаймиз. Фақат шуни айта оламизки¸ ëрдам жабрдийдаларга¸ уйи куйганларга берилсин. Кимга берилишини биз эмас¸ балки Қизил ярим ой жамияти белгиласин¸ дейди Атилла Қоя.

Туркия Миллий ҳаракат партиясидан миллат вакили Атилла Қоя Ўш ва Жалолобод қирғини ҳақида парламентда оташин чиқишлар қилган депутат. Аммо бу депутат ҳам қирғин пайтида асосий жабр кўрган ўзбеклар эканини тушуниб етмабди чоғи¸ дейди Ўшнинг Мажримтол маҳалласида 12 июл куни уйи ëқилган Аҳмаджон ака.

- Уларнинг ҳаммасининг уйлари борда. Жабр тортган ўзбекда. Ўзбекнинг уйи йўқ ҳозир. Ўзбекнинг уйлари ëнган¸ дўконлари ëнган. Нимаики ўзбекка қарашли бўлса¸ ҳаммаси ëндириб тугатилди¸ дейди Аҳмаджон ака.

Ўш шарқига узанган Помир кўчасининг икки бетидаги 400 дан зиëд ўзбекларнинг уйи куйдирилган¸ дейди исми айтилишини истамаган суҳбатдош.

- Фурқатдан бошлаб Областной болницанинг олдигача тахминан 400-500 та уй ëнган. 450 та уй ëнган. Толстой номли ўзбек ўрта мактаби тўлиқ ëниб битган. Ҳозир палаткалар берилди. Шу палаткаларда¸ қолиб кетган қариндошларимизникида кун кўраяпмизда. Фурқатдан бошлаб Областной болницагача 95 фоиз уй ëнган. Ўзи 95 фоиз ўзбек¸ беш фоиз қирғиз яшайди. 96-97 фоиз ўзбекнинг уйи¸ 3 фоиз қирғизнинг уйи куйган. Ўшандан келиб чиқадиган бўлсак¸ 450 та уйнинг 440 таси ўзбекники¸ 10 таси қирғизники. Демак¸ 440 та ўзбек ва 10 та қирғиз уйга муҳтож. Шунча пул ажратган депутатларнинг ўзлари келиб тўғрима-тўғри берса¸ нур устига нур. У орқали¸ бу орқали бўладиган бўлса¸ бу пул қолиб кетиши ҳаммага маълум. Давлат орқали бўладиган бўлса¸ давлат орқали бошқа ишларга кетиб қолиши мумкин. Ўзбекка тегмайдида¸ бунақасига айтганда¸ дейди исми айтилишини истамаган суҳбатдош.

БМТ маълумотига кўра, Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар пайтида Ўш шаҳри марказида 1749 та уй тўлалигича ёниб битган¸ яна 58 та уйга жиддий зарар етган. Жалолобод вилоят ҳукумати эса, вилоятда 354 уйнинг ёниб битгани ҳақида маълум қилди.

Ўш шаҳри марказида жойлашган Ўзбекистон халқ шоири Шавкат Раҳмон номи берилган кўчадаги уйлар¸ қирғин кунлари бутунлай ёниб кулга айланди.

Бундан бир ой олдин фаровон ҳовли соҳиби¸ ҳозир эса култепа ëнига тикланган латта капа турғуни чилангар Ҳосилбек четдан келган ëрдамдан умидсиз.

Қишгача бирор хонани тиклаб кирволамиз¸ дейди уйидан¸ яқинларидан ажраган бўлса-да¸ шуурини ғайрат тарк қилмаган ўшлик бу суҳбатдош.
XS
SM
MD
LG