жума, феврал 10, 2012 маҳаллий вақт 04:04

Постсовет ҳудуд

Саакашвили нимадан ҳадиксираяпти?

Грузия Президенти Михаил Саакашвили “Эхо Москвы” радиоси эфирида Россия Бош вазири Владимир Путин 2012 йилги президентлик сайловига ўз номзодини қўйиш ва унда ғалаба қилиш мақсадида, сайловдан олдин “грузин масаласини ҳал этиш”га уриниб кўриши мумкинлигини башорат қилди.

Саакашвили яқин кунларда айирмачи Абхазия ва Жанубий Осетия минтақаларидаги Россия ҳарбийларига қарши куч ишлатмаслик ташаббуси билан чиқишини маълум қилди.
Матн катталиги - +

“Эхо Москвы” радиостанциясига берган интервьюсида Саакашвили Россия ҳукумати сайлов олдидан уруш бошлаш воситасида ўз обрўсини оширишга уриниши мумкинлигидан огоҳлантирди:

- Биз тушуниб турибмиз - Россияда сайловлар яқинлашмоқда. Хронологияга эътибор берсангиз, Путин президент этиб сайланган иккала сайлов давомида у уруш олиб борган. Медведев сайлангандан кейин у Россияда ким ҳақиқий хўжайин эканлигини кўрсатмоқчи бўлди. Менинг билишимча, жаноб Путин яна президентликка ўз номзодини қўймоқчи,- деди Михаил Саакашвили.

Таҳлилчилар Грузия раҳбари Москванинг Грузияга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлаши мумкинлигини назарда тутган.

- Биз кўп маротаба мавжуд масалалар юзасидан Россия томонига музокаралар бошлаш таклифи билан мурожаат қилган эдик. Ва бу таклифимиз кучда қолмоқда,- дея қўшимча қилди Михаил Саакашвили.

Айни пайтда муҳолифатдаги Грузия Республикачилар партияси вакиллари Саакашвилининг баёнотига турлича муносабат билдирмоқдалар.

- Россия Грузияга қарши уруш бошлаши эҳтимоли борлигини мен тасаввур ҳам қила олмайман,- дейди Республикачилар партияси етакчиларидан бири Тинатин Хидашели.

Унинг партиядоши Леван Бердзенишвили эса бундай вазият юзага келишини эҳтимолдан соқит қилмайди, лекин Грузия президентининг бундай баёнотлари вазиятни янада таранглаштиришга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантиради:

- Бу бироз масъулиятсизлик билан қилинган баёнотлардир. Бундай баёнотлар билан мамлакатга бўлган таҳдидларни баратараф қилиш мумкинлигига ишонмайман. Таҳдидларнинг олдини олиш учун жиддий ташқи сиёсат юритиш керак,- дея фикр билдирди Грузия муҳолифати вакили Леван Бердзенишвили.

Хавфсизлик масалалари бўйича мутахассис Бесо Аладашвили Россия ва Грузия ўртасида янги қуролли можаро чиқишига шубҳа билдиради. Лекин, дейди Аладашвили, кичик можаролар ва провокациялар рўй бериши мумкин:

- Россиядаги авторитар режими ҳар доим ўзининг ички муаммоларидан жамоатчилик диққатини чалғитиш учун ташқи сиёсатда таранглик яратишга эҳтиёж сезади. Ташқи душман қиёфасини яратиш жамоатчилик фикрига таъсир этишнинг самарали усулларидан бири ҳисобланади. Янги провокация Грузия, Молдова ва ҳатто Беларусда амалга оширилиши мумкин,- дейди хавфсизлик масалалари грузиялик таҳлилчи Бесо Аладашвили.

Айни пайтда Грузия Президенти Михаил Саакашвили илгари сураётган Тбилиси билан Москва ўртасида ўзаро ўт очмаслик шартномасини Кремл имзолашига ишонмаслигини айтмоқда.

Республикачи Леван Бердзенишвилининг таъкидлашича, “одатда, бундай шартномалар аввал тайёрланади, кейин муҳокамага қўйилади”.

Эслатиб ўтиш жоиз, 2013 йилда Грузияда ҳам сайловлар бўлиб ўтади. Таҳлилчилар Саакашвилининг ўзига ворис тайёрлаётганини тахмин қилишмоқда. Грузия президенти бир неча кун аввал келаси сайловларда келиб чиқиши рус бўлган Дмитрий Шашкин унинг ўрнини эгаллаши мумкинлигига ишора қилди. 35 ёшли Шашкин ҳозирда Грузия Таълим ва фан вазири лавозимида ишлайди.
Бу форум ёпилган
Шарҳларни саралаш
Шарҳлар
     
муаллиф: Andijonlik қаердан: A.V.H.
31.08.2010 17:56
Salom
Agarda Paygambarimiz hadislariga va Kuronga nazar soladigon bulsak Ajuz va Majuzlar ham manashu Gruziyaning shimoliy kismidan o'tib keladilar. Dul-Qarnain kurgan devor huddi manashu hududda joilashgan Kaspi va Kora dengizi ortasidagi ikki tog uchrashgan joy. Hullas Ajuz va Majuzlar uje bu yerlardan utib buldilar, hozirda ular eng katta urishga tayorgarlik kilib kelmokdalar. Ajuz- AQSH va Majuz-Rassia bulib uchinchi jahon urushiga tayorgarlik kilmokdalar, bunakasini hali Odam bolasi ko'rgani yo'k. Hullas Saakashvili nimadan hadisrayapti desangiz, Ota Bobolari nimadan hadikisrashgan bulsa bu ham shu narsadan hadikisrayabdi holos, bundan kochib kutilolmesiz Mr. Saakashvili. Al-Kahf Surasini ukisangiz bularni hammasi yakkol kurina boshledi sizga ham. 18 sura.
.