Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:28

Пахта меъёрини бажармаган талабалар қамчиланмоқда?


Ўзбекистонда пахта далаларида ҳамон болалар меҳнатидан фойдаланилмоқда.
Ўзбекистонда пахта далаларида ҳамон болалар меҳнатидан фойдаланилмоқда.

Сурхондарёда пахта териш меъёрини бажармаган талабалар коллеж ўқитувчилари томонидан қамчиланмоқда. Бу ҳақда Озодликка деновлик муштарийларимиздан бири маълум қилди.

Деновлик Абдулло исмли тингловчимизга кўра, Денов тумани иқтисодиёт коллежи талабалари пахта меъёрини бажара олмаса, ўқитувчилари томонидан қамчиланмоқда.

- Пахта масаласи бўйича янги одат чиқибди. Коллеж ўқувчиларининг ҳар бирига норма берилган. Бошида 60 кило эди, ҳозирги пайтда 40 кило бўлган. Агар нормани бажармаса, кечқурун қамчилаб урар экан ўқитувчилар. Пахта ҳам қолмаган, қип-қизил бўлган даланинг ҳамма томони. Ҳозир коллеж ўқувчилари Мизробот, Шеробод туманларига пахта тергани кетган, - деди ўзини Абдулло дея таништирган “Озодлик” тингловчиси.

Унга кўра, қамчи билан жазолаш бошқа коллежларда ҳам амалга оширилмоқда. Бунга яна бир мисол сифатида суҳбатдошимиз тумандаги қишлоқ-хўжалик коллежини ҳам тилга олиб ўтди. Шу билан бирга Абдулло кичик ёшдаги мактаб ўқувчилари ҳам пахта тераётганини айтади.

-Кеча Олтинсой туманига борган эдим. 4- синфдан 9 -синфгача пахтага чиқиб кетган.Эрталаб кетади, кечки пайт қатиб келади.Тиббиёт ходимлари ҳам мажбуран пахта тергани олиб кетилаяпти, -дея қўшимча қилади деновлик Абдулло.

Биз суҳбатдошимиздан айни пайтда пахта даласида қамчиланган ва ҳозирда уйига қочиб келган талабалар билан боғланиш имконини сўрадик.

- Бера олмайман.Улар қўрқади гапиришга,-деди деновлик суҳбатдошимиз Абдулло.

Исмини ошкор этмасликни сўраган сурхондарёлик коллеж ўқитувчиси талабаларнинг қамчилангани ҳақида шундай дейди:

- Бу ёлғон гап, хеч ким хеч кимни ура олмайди. Ҳозир халқимиз саводли, бу бўлмаган гап. 43-йил домлалик қилаяпман, бундай воқеа бўлган эмас, - деди сурхондарёлик коллеж ўқитувчиларидан бири.

Мазкур мавзу юзасидан Сурхондарё вилояти прокуратурасидан маълумот олиш имкони бўлмади. Прокуратура навбатчиси айни пайтда ушбу мавзу бўйича маълумот бера оладиган ходим ҳисобот тайёрлаётгани боис биз билан суҳбатлаша олмаслигини айтди.

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг болалар ҳуқуқлари масаласи билан шуғулланувчи ходими Жамолиддин Бобокалонов эса кун давомида телефон гўшагини кўтармади.

Сурхондарё вилоятида пахта терими мавсуми пайти мансабдор шахслар томонидан зўравонликлар бўлаётганини “Озодлик” ка 28 сентябр куни қўнғироқ қилган тингловчи ҳам айтган эди. Унга кўра, вилоятнинг Қизириқ туманидаги “Кунчиқиш” фермер уюшмаси фермерлари пахта режасини бажара олмаётганлиги боис, туман прокурори Дилшод Файзиевдан калтак еган.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов пахта терими мавсумида куч ишлатиш ҳолатлари учрашини тасдиқлайди:

- Бизда бундай нарса бўлиши мумкин. Негаки, пахта масаласида ўқитувчи бўласизми, коллеж ёки мактаб директори бўладими буларга нисбатан юқоридаги турган ҳокимиятлар босим ўтказади. Эски пайтдаги каби режа қўйиб қўйган. “Шунчани бажариб, терасан” деб. Уларни мажбур қилганидан кейин, улар ҳам режани бажаришини ўқувчилардан талаб қилиши мумкин. Бу бор нарса, олдинлари ҳам бўлган, -дейди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Суръат Икромовга кўра, ўз ҳуқуқини ҳимоя қилувчи талабалар ҳам бор. "Зўравонлик ишлатган шахс устидан энг аввало, талаба ёки ўқувчининг ота-онаси ички ишлар бўлимларига, прокуратурага мурожаат қилишлари керак", дейди ҳуқуқ фаоли.

-Узоқ қишлоқларда эса умуман ҳуқуқ бузилишларга панжа ортидан қарашади. У ерда агар ота-онаси қаттиқ ҳаракат қилмаса, бундай ҳодисалар ошкор бўлмасдан қолиб кетиши мумкин, -деди тошкентлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG