Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:22

Тюменда ўзбекистонлик имом отиб кетилди


Асли наманганлик Исомиддин Акбаров 15 йилдан бери “Нур Ислом” масжидида имомлик қилиб келган.
Асли наманганлик Исомиддин Акбаров 15 йилдан бери “Нур Ислом” масжидида имомлик қилиб келган.

10 октябр куни Тюмен вилоятининг Новий Уренгой шаҳридаги “Нур Ислом” масжиди имоми шайх Исомуддин Акбаров отиб ўлдирилди. Имомнинг жасадини унинг яқинлари Тюмен шаҳри четида марҳум қуришни бошлаган уйи олдида автомат ўқларидан илма-тешик бўлган “Kia” русумидаги автомобилида топди.


Новий Уренгойдаги маҳаллий масжид имоми, асли ўзбекистонлик Исомиддин Акбаров 10 октябр куни номаълум шахслар томонидан Тюмен шаҳри яқинида отиб кетилди.

Воқеа юзасидан тергов олиб бораётган Тюмен вилояти прокуратурасининг тергов бошқармаси бошлиғи муовини Евгений Казаков Озодлик билан суҳбатда қотиллик нима мақсадда содир этилгани ҳозирча номаълумлигини таъкидлади.

- Ҳозирча мен фақат қотиллик факти бўйича жиноий иш қўзғатилгани ва тергов ишлари олиб борилаётганини айтишим мумкин. Тергов бир нечта версиялар бўйича суриштирув ишларини олиб бормоқда. Лекин тергов манфаатларини кўзлаган ҳолда мен сизга уларни ошкор қила олмайман, деди прокуратура ходими.

Унинг сўзларига кўра, Акбаровнинг машинаси 10 октябр куни маҳаллий вақт билан кундузги соат иккиларда иккита автоматдан ўққа тутилгани тахмин этилмоқда.

Отасининг ўлдирилганини эшитгач Тюменга етиб келган марҳумнинг катта ўғли Муҳаммаджон ҳам Озодлик билан суҳбатда воқеа тафсилотларини билмаслигини айтди.

- Мен бошқа шаҳарда эдим. 1000 километр нарида эдим. Энди етиб келдим. Кечқурун тўла маълумотга эга бўламан-да..

Озодлик: Отангиз неча йилдан бери бу ерда ишлар эдилар?

- 1995 йилдан.

Озодлик: Оилада неча кишисизлар?

- Икки қиз, икки ўғил битта онадан. Иккинчи онамиздан иккита ўғил, битта қиз. Ҳозир мана отамизни топширгани йўқ, кутиб ўтирибмиз.

Озодлик: Нима деяпти терговчилар?

- Ҳозир кутиб туринглар, деяпти. Соат учларда берамиз деди. 19тами ўқ теккан экан, шуни 10таси қолди оляпмиз, деяпти. Лекин мен аниқ биламан, мисол, пул алоқаси ёки бирор киши ёмон кўрса¸ мен билардим. Дунё муомаласидан, бизнес томонидан душманлари бўлмаган. Бировга душманлик у ёқда турсин бировга қаттиқ гапирмаганлар, мен биламан, дейди имомнинг ўғли Муҳаммаджон.

Воқеа тафсилотларини билиш мақсадида Исомиддин Акбаров имомлик қилган Новий Уренгойдаги “Нур Ислом” масжиди билан боғландик. Телефон гўшагини кўтарган “Нур Ислом” диний ташкилоти раиси Хамзат Дмитрий Черноморченко марҳумнинг қотиллиги бевосита унинг диний фаолияти билан боғлиқлигини айтди.

- Мен ҳозир Тюменга етиб келдим. Ҳозирча унинг ортидан бир неча кун иккита машинада кузатишгани маълум. Унинг машинасини уйга кетаётганида йўл четига сиқиб чиқариб иккита автоматдан отиб ташлашган. Машинани илма-тешик қилиб юборишган. Қотиллик сабаблари масаласига келсак, сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида кўплаб ёлғон-яшиқ туҳматлар чоп этилган эди. Гўёки у масжидда террорчиларни тайёрлаган... Бунинг барчаси бўҳтон! У куппа-кундузи “Русское поле” туманида янги қурилган ҳовлисига кетаётганда ўлдирилди, дейди мусулмонлар ташкилоти раиси Хамзат Дмитрий Черноморченко.

Унинг сўзларига кўра, асли Наманганнинг Чорсусидан бўлган Исомиддин Акбаров бу уйни ўзининг катта оиласи учун қураётган эди. Шу сабабли кўп оилали инсонни аллақандай террорчилик фаолиятида айблаш асоссиздир, дейди Черноморченко.

- Унинг қарамоғида 3 хотини, 3 нафар асраб олинган ва 8 нафар ўзининг фарзанди бор эди. Аёлларидан бири хомиладор ҳам. Биласизми, унинг душманлари ҳам йўқ эди. Ҳеч ким бизга таҳдид ҳам қилмаган. Уренгойда у 15 йилдан буён ишлаб келмоқда эди. Менинг билишимча, у бундан олдин ҳам қаердадир имомлик қилган. Гап шундаки, бизнинг жамоамизда Нафис Шаймухамедов исмли шахс бўлган. У Бошқирдистонда диверсия қилишга тайёргарлик кўраётганда қўлга олинган. Ва хавфсизлик органлари турли йўллар билан уни Исомиддинга “алоқадор қилиб кўрсатиш”га уринган. Бу ҳақда кўплаб газеталарда, ҳатто “Комсомольская правдада” ёзилди. Билмадим, бегуноҳ одамни айблаш билан улар ўз рейтингларини оширишга уринганми?! дейди “Нур Ислом” диний ташкилоти раиси Хамзат Дмитрий Черноморченко.

“Нур Ислом” диний ташкилоти раисига кўра, сўнгги пайтларда кучишлатар тизимлар айнан шу масжидга ўз диққатларини кучайтирган ва бир қатор акцияларни амалга оширган. Хусусан, Рамазон ойининг охирларида 100га яқин мусулмон намоз пайтида қўлга олинган ва масжиддан машиналарда Новий Уренгой Ички Ишлар бошқармасига олиб кетилган. Улардан бармоқ излари ва фотосуратлар олинган, сўроққа тутилган.

Россиянинг Осиё қисми мусулмонлари идораси раиси ва Россия Муфтийлар кенгаши раисдоши Нафиғулла Аширов “Нур Ислом” масжиди атрофидаги вазиятни сўнгги пайтларда Россия мусулмонларининг Марказий диний бошқармаси ва Россиянинг минтақавий мусулмонлар диний бошқармалари ўртасида келишмовчиликлар билан боғлиқ дея тахмин қилади.

- Гап шундаки, бу масжид Россиянинг Осиё қисми мусулмонлар диний бошқармаси таркибига киради. Масжид жамоаси раиси маҳаллий маъмурият бир неча марта масжидни бузиб бузиб ташлашга урингани ҳақида бизга ёзган эди. Шунингдек, Рамазон ойида жамоа аъзоларини милиция олиб кетиб сўроққа тутган. Улар бу жамоани бошқа диний бошқарма тасарруфига ўтишга мажбурламоқда. Бу Ямалдаги, Новий Уренгойдаги энг йирик мусулмонлар жамоасидир. “Нур Ислом” жамоаси 10 йил давомида янги масжидга ер талаб қилиб келган ва маҳаллий маъмурият турли баҳоналарда бунга рад жавобини бериб келган. Кейин улар бирданига янги мусулмонлар ташкилотини тузиб қайдга олишди, уларга масжид қуришга ер ажратилди. Маъмурият томонидан “Нур Ислом” масжидига тазйиқлар бошланди. Лекин эски масжид жамоаси янги масжидга ўтишдан бош тортди, чунки бу масжидни умуман саводсиз кимсалар бошқармоқда. Қолаверса, одамлар масжидга янги бинони томоша қилгани келмайди: улар бу ерга Оллоҳнинг сўзини эшитгани келади. Исомиддин ҳазрат эса бу жамоани бирлаштириб турган энг нуфузли имомлардан эди. Айнан шу инсон атрофида мана шундай кучли жамоанинг ташкил топиши кимнидир тинч қўймаётган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас, дейди Россия Муфтийлар кенгаши раисдоши Нафиғулла Аширов.

Нафиғулла ҳазратнинг сўзларига кўра, бугунги кунда Россиянинг турли республикалари ва минтақаларида мусулмонларнинг 10га яқин диний бошқармалари мавжуд бўлиб, улар Европа ва Осиё қисми мусулмонлар диний бошқармалари остида бирлаштирилган. Бугунги кунда ҳатто совет давридан қолган Марказий мусулмонлар бошқармаси ҳам фаолият юритиб келмоқда. “Бу бошбошдоқлик эса кимгадир қўл келмоқда”, дейди муфтий.

- Унинг тадбиркорлик билан шуғуллангани ҳақидаги фикрларни мутлақо инкор этаман, чунки у тадбиркор бўлмаган, ўз фарзандлари билан тинчгина яшаб келган. Мана неча йилдан буён Тюмен чеккасида уй қуриб битказа олмаяпти. У фақат оиласи ва мусулмонлар жамоаси учун яшаётган камтарин инсон эди. Биласизми, унинг ўғли Муҳаммад Қуръонни ёддан билади! Ҳеч ким билан жанжаллашмаган, сиёсатдан жуда узоқ художўй бир одам эди. Биз унинг ҳатто фотосуратларини сайтимизга қўйиш учун топа олмадик: Паспортидан олдик. Ҳатто ўзининг ваъзларини бошқаларга ўхшаб баланд овозда эмас, босиқ овозда ўқирди. Лекин 600-700 кишилик жамоаси орасида у ўзининг ваъзлари билан ҳурматга эришган шахс эди, дейди Нафиғулла Аширов.

Маҳаллий матбуотга кўра, Новий Уренгой шаҳрининг “Нур Ислом” масжиди имоми шайх Исомуддин Акбаровнинг ўлдирилиши Россия мусулмонлари жамоатчилигининг кескин норозилигига сабаб бўлган ва бу воқеа ҳукуматнинг нуфузли мулозимлари томонидан махсус назоратга олинган.

Ҳодиса жойига шахсан Тюмен вице-губернатори Сергей Саричев борди. Ҳозирда масжид атрофида марҳум имом бошқарган “Нур Ислом” жамоасининг аъзолари йиғилган.
XS
SM
MD
LG