Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 18:42

Қирғизистон: партия раҳбарлари Москвага танда қўйди


Сайловга бир неча кун қолганида Россия президенти Дмитрий Медведев "Ор-номус" партияси лидери Феликс Қуловни қабул қилган эди.
Сайловга бир неча кун қолганида Россия президенти Дмитрий Медведев "Ор-номус" партияси лидери Феликс Қуловни қабул қилган эди.

Қирғизистондаги парламент сайловида ғолиб бўлган 5 партия раҳбарларидан 4 нафари айни пайтда Москвага сафар қилди. Сайловгача ва сайловдан кейин Москвага серқатнов бўлиб қолган партия раҳбарлари ҳамда уларни қабул қилаётган Кремл расмийлари нималарни муҳокама қилдилар ва қилмоқдалар?

Айтиб ўтиш лозимки, бу партия раҳбарларидан уч нафари- Социал демкоратлар партияси раҳбари Алмазбек Атамбаев, “Ор – номус” партияси раиси Феликс Кулов ва “Республика” партияси етакчиси Ўмурбек Бабанов сайлов арафасида Россия президенти Дмитрий Медведев, Бош вазир Владимир Путин ва Россия президенти маъмурияти раҳбари Сергей Наришкинлар томонидан алоҳида-алоҳида қабул қилинган эди.

Парламент сайловида ғолиб бўлган “Ота юрт” партияси раҳбари Миқтибек Абдилдаев, “Республика” партияси етакчиси Ўмурбек Бабанов ҳамда , “Ор – номус” партияси раиси Феликс Кулов Москвага битта учоқда борган. Бу ҳақда Россия матбуоти хабар берди. Орадан бир оз ўтиб, Социал демкоратлар партияси раҳбари Алмазбек Атамбаев бошқа бир учоқда Москвага учган.

“Ота юрт” ва “Республика” партияси расмийлари бу маълумотни тасдиқламадилар ва рад ҳам этмадилар.

“Ор-номус” ва Социал-демократлар партиялари вакиллари эса ўз раҳбарларининг Москвада эканини билдирдилар.

- Атамбаев ҳозир Москвада. У Москвада қандай масалаларни ҳал этишини биз муҳокама қилмаганмиз, -деди Социал демократлар партияси расмийси Фарид Ниёзов.

У Алмазбек Атамбаев Москвада ким билан учрашиши ҳам ҳозирча эълон қилинмаслигини айтди.

Қирғизистонлик сиёсатшунослар фикрича, Кремл бу партиялар раҳбарлари билан бўлажак парламентдаги коалиция масаласини ҳал қилмоқчи. Чунки янги Конституцияга биноан Қирғизистон парламент республикаси деб эълон қилинган ва ҳукуматга кимлар келиши парламентдаги партиялар коалицияси қандай бўлишига боғлиқ..

Сиёсатшунослар фикрича, Москва президентлик бошқаруви тарафдори бўлган “Ота юрт”, “Ор-номус” ва “Республика” партиялари коалициясини ҳоҳлайди. Социал демократлар партияси эса бу коалициянинг ташкил этилишига ҳалақит бермаслиги лозим. Қирғизистонни парламент республикасига айлантириш ташаббускори ва ашаддий ғарбчилардан иборат “Ота макон” партияси раҳбарияти эса Москвага чақиртирилмаган.

- Россия бундай талабларни қўйишга ҳам маънавий ҳам моддий жиҳатдан ҳақлидир. Чунки сайлов жараёнида бу партиялар муайян миқдорда Россия моддий кўмагини олгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса “Республика” ва “Ор-номус” партиялари Москва томонидан моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланганини ҳамма билади,-деди сиёсатшунос Асқар Бешимов.

Айтиб ўтиш лозимки, янги қирғиз парламентида кучли президент бошқаруви ва парламент бошқаруви тарафдорларидан иборат иккита коалиция юзага келиши мумкин. Бу коалициялардан қайси бири кўпчиликни ташкил этиши ва ҳукуматни қайси коалиция шакллантириши эса Ўмурбек Бабанов раҳбарлигидаги “Республика” партиясига боғлиқ бўлиб турибди.

Бундан аввалроқ “Ор-номус” партияси вакили Турсунбек Бакир ўғли, агар Феликс Куловга бош вазирлик лавозими таклиф этилса, радикал миллатчи ҳисобланган “Ота юрт” партияси билан коалиция тузиши мумкинлигини эълон қилган эди. “Республика” партияси эса миллатчилар ва бакиевчилардан иборат “Ота юрт” партияси билан коалиция тузмаслигини билдирган эди. Агар “республика” партияси парламентда Социал демократлар ва “Ота макон” партияси билан бирлашса, унда ҳукуматни парламент бошқаруви тарафдорлари шакллантира олади. Кузатувчилар воқеанинг бундай ривожланиши Москванинг манфаатларига зид келишини айтадилар. Бироқ айрим сиёсатшунослар фикрича, бу каби сўзлашувлар сиёсий жараёндаги одатий кўринишдир.

- АҚШ Давлат депкартаментининг махсус вакили Элиот хоним ҳам ҳозир Бишкекда юрибди. У ҳам президент билан, партия лидерлари билан учрашиб, нималарнидир муҳокама қилаяпти. Айни пайтда Россия ҳам мана шундай сўзлашувларни ўтказмоқда. Бу одатий сиёсий жараёндир. Чунки янги тизим шаклланаётганида Қирғизистон каби кичик давлатлар нафақат ички, балки ташқи таъсирлар билан ҳам ҳисоблашишга мажбур бўлади,-дейди сиёсатшунос Эсенгул Ўмуралиев.
XS
SM
MD
LG