Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:46

Пахтани терган ким-у, раҳматлар кимга?


Ўзбекистон президенти бу йил ҳам пахтани асосан талабалар ва мактаб ўқувчилари йиғиб-териб олганини эътироф этишдан тийилди.
Ўзбекистон президенти бу йил ҳам пахтани асосан талабалар ва мактаб ўқувчилари йиғиб-териб олганини эътироф этишдан тийилди.

15 октябр куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов пахта режаси бажарилганлиги билан "пахтакорларни ва меҳнаткашларни табрик"лади. Бироқ президентўз табригида далада меҳнат қилган талабалар, мактаб ўқувчилари, бюджет ташкилотлари ходимларини тилга олмади.

“Бугун эл юртимиз ҳаётида қувончли бир кун. Мамлакатимиз пахтакорлари 3 миллион 400 минг тоннадан зиёд юксак хирмон бунёд этиб, катта меҳнат ғалабасини қўлга киритдилар”, дея бошланади Ислом Каримовнинг табрикномаси.

Ўз табригида деҳқон ва фермерларнинг меҳнати ҳақида гапирган Ўзбекистон президенти, пахта теримида қатнашган бюджет ташкилотлари ходимларини, шифокорлар, ўқитувчилар, талаба ва мактаб ўқувчиларини тилга олмаган.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроевга кўра, президент атайин уларни “меҳнаткаш” сўзи билан умумийлаштирган. Бахтиёр Ҳамроев вояга етмаган болаларнинг пахта теримига жалб қилинганлигини Каримов тан олишни истамагани учун ҳам уларни атайин тилга олмаган деган фикрда.

- "Айнан талабаларнинг ёрдами туфайли биз жуда кўп пахта териб олдик, яъни ғалабага эришишимизда уларнинг хизмати катта бўлди”, деб эълон қилса, “болалар меҳнатидан биз фойдаланаяпмиз” деган маъно келиб чиқади. Шунинг учун бу гапни улар хеч қачон қўшмайди, - дейди бу йил ҳар йилгига нисбатан болалар меҳнатидан кўпроқ фойдаланганлигини таъкидлаган жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев.

Ўзбекистон болалар меҳнатидан фойдаланмаслик ҳақидаги БМТ конвенциясини қабул қилган. Лекин ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар ҳар йили ҳукумат болаларни пахта теримига оммавий жалб қилганини тасдиқловчи ҳужжатларни тўплаб, эълон қилади.

Ўзбекистон раҳбари ўз табригида жорий йилда 3 миллион 400 минг тоннадан ортиқ пахта хирмони уюлганлиги ҳақида гапиради. Бироқ жиззахлик Бахтиёр Ҳамроев бу рақамга ишонмаслигини айтади:

- Чунки ҳар доим пахтани қўшиб ёзиш процесси бўлиб келган. Лекин ҳар йилгига нисбатан бу йил қўшиб ёзишлар, русча айтганда “приписка” кам бўлган. Жиззах ва Сирдарё вилоятини олиб қарайдиган бўлсак, пахта аввалги йилларга қараганда яхши етиштирилган. Муҳим омилларидан бири об- ҳаво қулай келди. Иссиқ бўлганлиги учун, пахта яхши бўлди, - дейди жиззахлик Хамроев.

Навоийлик фермер Жаҳонгир Раҳматов эса совет давридан бери мавжуд бўлган "қўшиб ёзиш"сиз пахта режасини бажариб бўлмайди, деган фикрда:

- Юз фоиз "қўшиб ёзиш" бўлади. Бўлмаса режа қандай тўлади? Бизнинг ерлар 40 центнер ҳосил бермайди-ку. У учун бошқа агротехника керак. Бизнинг агротехника 40 центнер бермайди. Бу ерда сув масаласи, ўғит, уруғчилик масаласи бор. Уруғчилик бузилган. Кимдир, энди, айтиши мумкин, аммо деҳқон унга ишонмайди. Союз пайтида 1 гектар ердан 25-30 центнер пахта олинар эди. Қандай қилиб ҳозир 40 центнер бўлади? -деди навоийлик фермер.

Унинг фикрича, президент томонидан пахта ҳосилидаги ютуқларни ошириб кўрсатиш мамлакат имиджини ошириш учун қилинган бўлиниши мумкин.

Суҳбатдошимиз Жаҳонгир Раҳматов пахта етиштириб деҳқон ёки фермер бойиб кетмоқда, деган фикрдан йироқда:

- Қанақа бойиш? Ҳали қилган меҳнат ҳақини олсин қани. Шунга етса ҳам катта гап. Ер бу давлатники. У вақтинчалик ижарага берилган. 25-50 йил эди. Ҳозир у ҳам қисқартирилди. Истаган пайтида қайтариб олиши мумкин. Иккинчидан, пахта давлатники. Пахта заводи билан шартнома қилади. Пахта заводи давлатники. Маълум суммага 300 -500 сўмга бериш бўйича шартнома қилинади, -дея изоҳлайди илгари пахта етиштириш билан шуғулланган фермер.

Жиззахлик Бахтиёр Ҳамроев пахта теримига чиққан давлат ташкилоти ходимлари ва талабаларнинг пахтадан қилган даромади ҳақида шундай дейди:

- Биз ўтказган мониторинг шуни кўрсатдики, пахта теримига чиққан талабалар, ўқувчиларнинг терган пули овқатига базўр етган. Хаттоки, кўп талабалар қарз бўлиб чиқмоқдалар, -дея маълумот беради Бахтиёр ака.

Унга кўра, пахта теримига жалб қилинганлар пахта далаларида яна бир муддат пахта теришади.

- Президент табриклагани билан ҳали пахтадан талабалар, ташкилотлар, ҳаммаси қайтди дегани эмас. Бу жараён ҳали яна 10-15 кун давом этади. Чунки пахта далаларида ҳалиям пахта бор, -дея қўшимча қилади жиззахлик Бахтиёр Ҳамроев.

Ислом Каримов бу йил “пахтачиликдан олинадиган даромад тахминан 2 триллион сўмдан зиёд бўлиши ва ўтган йилга нисбатан 35 фоизга кўпайиши кутилаётганини” айтиб ўтган.

Президент бу даромад янги мактаблар, лицей ва коллежлар, шифохоналар қуриш, халқнинг ҳаёт даражасини яхшилаш учун имконият яратишини таъкидлаган.

Ўзбекистон дунëда пахта етиштириш бўйича олтинчи ўринда туради.Уни экспорт қилиш бўйича эса учинчи ўринни эгаллайди.

Ўзбек пахтасининг асосий харидорлари Хитой, Бангладеш, Эрон, Покистон ва Россиядир.

Ғарбнинг етакчи тўқимачилик корхоналари Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилиши боис бу мамлакат пахтасини сотиб олишдан бош тортган.

"Жаҳон ҳалол савдо ташкилоти", "Wal-Mart”, “H&M”, “Marks & Spencer”, “TESCO”, "Levi Strauss" каби дунёнинг йирик чакана савдо ширкатлари эса болалар меҳнати эвазига етиштирилган ўзбек пахтасидан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилган.
XS
SM
MD
LG