Линклар

Шошилинч хабар
19 май 2024, Тошкент вақти: 09:54

Жамоатчилик палатаси мардикорлар томонида


Рус миллатчи гуруҳлари Хотководаги маиший мржародан миллий низо чиқармоқчи бўлди.
Рус миллатчи гуруҳлари Хотководаги маиший мржародан миллий низо чиқармоқчи бўлди.

Россия Федерация Жамоатчилик палатаси Москва яқинидаги Хотково шаҳарчасида рўй берган низо юзасида ўтказган текширувга оид очиқ мурожаатнома эълон қилди. Ўтган ойда маҳаллийлар ва меҳнат муҳожирлари ўртасида рўй берган муштлашув оқибатида хотковолик 25 яшар Петр Капралов ҳалок бўлган эди.


Россия Федерация Жамоатчилик палатаси Хотковода маҳаллий ёшлар ва тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ўртасида рўй берган муштлашув юзасидан текширув ўтказди. Бу тўқнашувда тожикистонлик меҳнат муҳожирларидан бири хотковолик Петр Капраловни пичоқлаб ўлдирган. Милиция ходимларига кўра, у ўзини ҳимоя қилиш мақсадида совуқ қуролдан фойдаланган. Лекин кўплаб миллатчи ташкилотларнинг оммавий ахборот воситаларида кўтарган шов-шуви боис бу муштлашувга “миллатлараро” тус берилмоқда, дейди Озодлик билан суҳбатда Хотководаги текширувда бевосита иштирок этган ва маҳаллийлар билан суҳбатлашган Россия Мигрантлари федерацияси раҳбари Муҳаммад Амин Мажумдор.

- Биз у ерга Палата аъзолари билан бирга бордик. Бу тожиклар ва хотковолик ўлдирилган йигит ўртасидаги оддий жанжал бўлган. Бу на миллатлараро, на динлараро тўқнашувдир. Маҳаллий йигитлар тожик болани калтаклашган, у эса пичоқни ишга солган. ДПНИ ва “Славян иттифоқи” каби миллатчи гуруҳлар эса, бу ҳодисани миллий низо даражасига кўтаришга уринмоқда. Биздаги маълумотларга кўра, 4 ноябр арафасида улар маҳаллий ёшларни муҳожирларга қарши гиж-гижлаган. Бу воқеа 26 октябр куни рўй берган. Эртасигаёқ Хотководаги Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари яшайдиган ётоқхона ёқиб юборилган. Мигрантларни маҳаллий милиция органлари қаергадир олиб чиқиб кетган. У ёнғинда биров жароҳат олганми-йўқми, бизга бу ҳақда маълумот беришмаяпти. Муҳожирларнинг на ўлиги, на тириклигини биламиз, дейди Россия Мигрантлари федерацияси раҳбари.

Муҳаммад Амин жанобларининг сўзларига кўра, бугунги кунда Хотковода бирорта меҳнат муҳожири қолмаган. Улар, дейди суҳбатдошимиз, барча маҳаллий корхоналардан ишдан бўшатиб юборилган.

4, 5 ва 15 ноябр кунлари Хотковода рухсат этилмаган норозилик чиқишлари уюштирилган. Намойишчилар шаҳардан барча меҳнат муҳожирларини чиқариб юборишни талаб қилган.

16 ноябр куни бу ҳақда хабар топган Россия жамоатчилик палатаси комиссияси Хотковода текширувни бошлаган. Маҳаллий милиция бўлими бошлиғи Игор Кузнецов мазкур комиссияга тақдим этган маълумотларга кўра, жорий йил давомида Хотковода содир этилган жами 368 жиноятдан 37таси чет-эл фуқароларига тааллуқлидир. Улардан 33таси – миграция хужжатларини қалбакилаштиришга доир қонунбузарликлардир. Хотководаги йил давомида рўй берган 17 қотилликдан биттаси Тожикистон фуқароси томонидан содир этилган.

Текширув натжасида шаҳарчада ҳеч қандай “миллий низо” чиқмаганини хулоса қилинди, дейди Жамоатчилик палатаси вакили Павел Сорокин. Унинг айтишича, бу қотиллик маҳаллий аҳолида йиғилиб қолган норозиликларнинг аланга олишига баҳона бўлган, холос.

- Интернет ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали 15 ноябрда Хотковода аллақандай норозилик чиқишлари ҳақида хабар топгач, биз дарҳол у ерга бориб, тўқнашувларнинг олдини олишга ҳаракат қилдик. Норозиликнинг сабабларини аниқлаш, аҳоли арз-шикоятларини тинглаш ва вазиятни изига солиш учун комиссия аъзолари билан у ерга етиб бордик. Хотковога ўхшаш шаҳарчалар Россияда минглаб ва уларнинг ҳар бирида ўз муаммолари мавжуд. Аниқланишича, хотковоликлар ўзларининг бугунги ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан норози! Бу тўқнашувнинг юзага келишида ДПНИ ва “Славян иттифоқи” миллатчиларининг қўли борлигига шахсан менинг шубҳам қолмади. Улар “Рус марши” арафасида бирор минтақани “уйғотмоқчи”, “оёққа турғизмоқчи” бўлган. 4 ноябр куни Хотководаги норозилик намойишини аланга олдириш учун ҳатто махсус тақирбошлар бригадаси етиб келган. Бизнинг вакилларимиз шаҳар аҳолиси, маъмурият билан учрашди ва натижада мурожаатнома ишлаб чиқилди, дейди Озодлик билан суҳбатда Россия Федерацияси Жамоатчилик палатаси вакили Павел Сорокин.

Россия президенти, бош вазири, парламенти, федерал миграция хизмати, бош прокуратураси ва бошқа идораларга 22 ноябр куни тарқатилган бу мурожаатномада миграция соҳасида жиддий ислоҳотлар ўтказиш фурсати келгани таъкидланган. Шунингдек, Жамоатчилик палатаси умумроссия миграция мониторинги тизими доирасида чет-эл фуқароларининг марказлашган электрон базасини яратиш, квоталаш тизимини тартибга келтиришни таклиф этган. Россия Таълим вазирлигига нафақат мигрантларнинг, балки россиялик ёшларнинг толерантлик ва кўпмаданиятлилик руҳида тарбиялашга оид дастурлар ишлаб чиқишни тавсия қилган.

Хотково маъмуриятидан олинган маълумотларга кўра, шаҳарчада 50 га яқин корхоналарда ўзбекистонлик ва тожикистонлик муҳожирлар меҳнат қилади. Уларнинг аксари маҳаллий уй-жой коммунал хўжалик ширкатларига энг кам иш ҳақига ёлланган. Хотково Миграция хизмати расмийси Наталья Морозовага кўра, 2010 йил давомида Хотковода бир ярим мингга яқин меҳнат муҳожири расман қайддан ўтган. Бугунги кунда эса, Хотково шаҳрида асосан “Политрон” заводида ишлаётган 260 нафар чет-эллик меҳнат муҳожири қолган.

Хотково расмий сайтидан олинган маълумотга кўра, ёқиб юборилган ётоқхонадан 200дан зиёд ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат муҳожири шаҳардан номаълум томонга олиб чиқиб кетилган.
XS
SM
MD
LG