Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:38

Туркистон мухторияти раиси таваллудига 120 йил тўлди


Туркистон мухторияти раҳбари Мустафо Чўқай.
Туркистон мухторияти раҳбари Мустафо Чўқай.

Айни кунларда 20-аср қозоқлари тарихидаги энг ëрқин шахслардан бири - Мустафо Чўқай таваллудининг 120 йиллиги¸ сирли ўлимининг эса¸ 69 йиллиги нишонланмоқда. Гарчи Қозоғистон ҳукумати Чўқай номини абадийлаштириш учун фаол ҳаракат қилаëтган бўлса-да¸ танқидчилар Остона¸ қолаверса бугунги Марказий Осиë етакчиларининг моҳиятан Чўқай ғояларига зид сиëсат тутаëтганликда айбламоқдалар.

Жорий йил октябр ойида Мустафо Чўқай ўз умрининг 20 йилини ўтказган Париж яқинидаги Ножан-сюр-Марн шаҳарчасида Чўқай ҳайкали ва унинг номи берилган хиëбон пайдо бўлди.

Франциядаги Мустафо Чўқай номи берилган Француз-қозоқ дўстлик жамияти ташаббуси билан амалга оширилган бу тадбирларда Қозоғистон¸ шунингдек Франция расмий идоралари ҳам иштирок этди. Бу 2010 йили таваллудининг 120 йиллиги нишонланаëтган Мустафо Чўқай руҳига¸ қолаверса у ўз умрини бағишлаган ғояларга кўрсатилган эҳтиром рамзи сифатида қабул қилинди.

1890 йил декабрида туғилган Мустафо Чўқай¸ Туркистон генерал-губернаторлиги маркази бўлган Тошкент гимназияларидан бирида ўқийди ва чўқайшуносларга кўра¸ талабалигиданоқ¸ ўзининг фавқулодда истеъдодини намоëн қилади.

Мустафо Чўқайнинг ҳам¸ аксар маҳаллий халқ йигитлари каби Чор Россияси томонидан ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилгани¸ унинг колониал зулм остидаги халқлар бошдан кечираëтган хўрлик ва изтиробларни яхшироқ ҳис қилишига ëрдам беради.

1913-14 йилларда Санкт-Петербургдаги император университетининг ҳуқуқшунослик факултетида таълим олган Мустафо Чўқай¸ кўп ўтмай Алихон Букейхон етакчилигидаги қозоқ миллий элитаси сафига қўшилади ва қозоқларнинг ҳақлари учун сиëсий кураш жабҳасига киради¸ кўп ўтмай “Алаш” миллий озодлик ҳаракати етакчиларидан бирига айланади.

1917 йил февралида Чор империяси қулаши билан Мустафо Чўқай¸ босқинчилар бошқаруви остида ҳақсиз-ҳуқуқсиз қолган бугунги Марказий Осиë халқларини ягона Туркистон давлати остида бирлаштириш ғояси учун фаол ҳаракатга киради.

1917 йилнинг 9 декабр куни Қўқон шаҳрида ўлка мусулмонларининг фавқулодда қурултойи очилади ва Туркистон мухторияти эълон қилинади. Қурултойда мухториятни идора қилувчи Халқ Кенгаши сайланади. Кенгаш ўз навбатида Мухторият ҳукуматини сайлайди, Унинг биринчи раиси таниқли жамоат арбоби, “Алаш Ўрда” партияси раҳбарларидан бири Тинишбоев сайланади¸ аммо орадан бир ҳафта ўтиб-ўтмай бу лавозимга Мустафо Чўқай тайинланади. Бироқ унинг ҳукумати ҳам узоқ яшаёлмайди — орадан уч ой ўтар-ўтмас большевиклар томонидан тор-мор этилади. Чўқай¸ хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлади ва Туркистон мустақиллиги учун курашини Франциядан туриб давом эттиради.

Советлар томонидан “халқ душмани” деб эълон қилинган Мустафо Чўқай¸ нафақат қозоқ халқи¸ балки бутун Туркистон халқлари мустақиллиги учун курашган сиëсий арбобдир¸ дейди Мустафо Чўқай ҳаëти ва сиëсий фаолияти тадқиқотчиси Султонхон Жусуп.

- Мустафо Чўқайнинг бутун Туркистон халқлари тарихида тутадиган ўзига хос ўрни¸ унинг бу халқларни миллий давлатларга бўлмасдан¸ уларнинг ягона Туркистон байроғи остида бирлашишлари учун курашганидир. Бу у ўз умри охирига қадар содиқ қолган ғоядир¸ дейди тадқиқотчи.

Мустафо Чўқай¸ 1941 йилнинг 27 декабрида сирли тарзда оламдан кўз юмди ва унинг ўлими ҳамон жумбоқлигича қолаëтир.

Расмий ҳужжатларга кўра¸ Полшадаги концлагерларда сақланаëтган туркистонлик асирлар билан учрашган Чўқай¸ улардан тиф касалини юқтиради ва шундан вафот этади.

Аммо тадқиқотчиларга кўра¸ нацистлар қўллови билан ташкил этилган Туркистон легиони фаолиятига қўшилишни истамаган Мустафо Чўқай заҳарлаб ўлдирилган ва бу қотилликда Туркистон легиони етакчиларидан бири Вали Қаюмхонни айбловчилар ҳам йўқ эмас.

Мустафо Чўқай ҳаëти ва фаолияти бўйича китоблар муаллифи¸ тарихчи олим Абдулвақап Қара Озодлик билан суҳбатда ўз изланишлари натижасида бундай айбловни пучга чиқарганини айтади.

- Мустафо Чўқайнинг ўлимида Вали Қаюмхоннинг ўрни йўқ¸ унинг Чўқайга заҳар бергани ҳақидаги тахминлар асоссиз. Бу советлар тегирмонига сув қуйган тахмин бўлгани учун¸ советлар бу версияни ўз вақтида кенг ëйинлаган эди. Мақсад – ўзбек ва қозоқ ўртасига қутқу солиш эди. Мустафо Чўқай Туркистон легионига мутлақ қўшилган эмас ва шу боис легионга раис бўлишни мақсад қилган Қаюмхон уни заҳарлаб ўлдирди¸ дейишда асос йўқ¸ дейди қозоқ тарихчиси.

Узоқ йиллик таъқиблардан сўнг¸ Мустафо Чўқай номи Қозоғистонда миллий қаҳрамон даражасига кўтарилган эса-да¸ тарихчи Султонхон Жусуп¸ агар Чўқай минтақанинг бугунги вазиятини кўрганда эди¸ ундан қаттиқ азият чеккан бўларди¸ деган ишончда.

- Агар ҳаëт бўлганида¸ Мустафо Чўқай бугун минтақа президентлари олиб бораëтган сиëсатга қўшилмаган¸ балки эски коммунистларнинг “бўл ва ҳукмронлик қил!” йўлидан бориб¸ Туркистон халқларини бир-биридан узоқлаштириш¸ уларни бир-бирига қарши қўйиш сиëсатига қарши унумли бир мухолифатга етакчилик қилган бўларди. Чўқай ғояларининг бугун яна Марказий Осиëдаги бешала давлат халқлари қўлловини қозонган бўлишини тахмин қилиш қийин эмас¸ дейди тарихчи олим ва журналист Султонхон Жусуп.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Марказий Осиë интеграцияси ҳақида тинимсиз такрорлаб келаëтган баëнотлари сиртдан Чўқайнинг ягона Туркистон ғоясига уйқашдек кўринса-да¸ улар ботинан бошқа-бошқа ғоялардир. Назарбоев бу сиëсий шиорни ўзини Марказий Осиëнинг ягона лидери қилиб кўрсатиш таъмаси билан айтса¸ Чўқай¸ Туркистон халқлари бирлигининг бу халқлар тараққиëти учун тамал тоши эканига самимий ишонганидан унга умр бўйи хизмат қилган¸ дейди қозоқ тарихчиси.
XS
SM
MD
LG